Одам савдоси бўйича 2019 йилги ҳисобот: Ўзбекистон

Ўзбекистон (2-гуруҳ кузатув рўйхати)

Ўзбекистон ҳукумати одам савдосини бартараф этиш бўйича белгиланган минимал стандартларга тўлиқ мос келмаётган бўлса-да, бу соҳадаги камчиликларни йўқотиш мақсадида ҳукумат сезиларли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Бу ҳаракатлар йиллик пахта терими давомида теримчилар учун мукофот пулини ошириш ва баъзи давлат сектори хизматчиларини теримга сафарбар қилишдан озод қилиш орқали катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланишни тўхтатишни, шунингдек, теримда болалар кучидан фойдаланишни тақиқлашни давом эттиришни ўз ичига олади. Бунда мониторинг режаларига  инсон ҳуқуқлари бўйича  мустақил  фаолларни жалб қилиш билан бирга, учинчи томон иштирокидаги халқаро мониторингга хеч қандай тақиқларсиз тўлиқ имкониятлар берилиши давом эттирилди. ХМТ 2017 йилдан бошлаб теримда мажбурий меҳнатдан  фойдаланишнинг тадрижий камаяётганини аниқлади. Ҳукуматнинг мажбурий меҳнатдан фойдаланишни тугатиш бўйича амалга ошираётган ишлари эътиборга лойиқдир, жумладан, Президент ва Вазирлар Маҳкамаси давлат лойиҳаларида ҳукуматнинг мажбурий ишчи кучидан фойдаланишига эътиборини қаратди ва ушбу лойиҳалар учун давлат хизматчиларини сафарбар қилишга қарши қарор қабул қилди. Бу бюджет йўналишларини яратиш ва ёрдам бериш учун маблағ ажратиш орқали одам савдоси қурбонларини ўз ичига олувчи  заиф меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш ишларини кўпайтирди. Бироқ, ҳукумат аввалги ҳисобот даврига нисбатан хатти-ҳаракатлар кўпайганини кўрсата олмади. 2018 йилги пахта терими даврида ҳукумат томонидан мажбурий меҳнатдан фойдаланиш даражаси ўзгармади. Ҳукумат давлат хизматчиларини теримга жалб этиш тақиқини доимий равишда амалга оширмади. Ҳукумат одам савдоси қурбонлари камайганини ва аҳолининг сонига таққослаганда диспропорционал равишда кам сонли трансмиллий одам савдоси қурбонлари мавжудлигини аниқлаган. Ҳукумат томонидан одам савдоси билан шуғулланишда гумон қилинган шахсларга нисбатан тергов ва жиноий ишлар сони сўнгги беш йил давомида камайган. Шу боис, Ўзбекистон иккинчи йил ҳам 2-гуруҳ махсус кузатув рўйхатида қолди.

АСОСИЙ ТАВСИЯЛАР:

Пахта-йиғим терими даврида пахта етиштириш бўйича квоталарни йўқотиш, пахтакорларнинг иш ҳақларини ошириш ва пахта теримида иштирок этувчи теримчиларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш каби чораларни қўллаш орқали  йиллик пахта терими даврида мажбурий меҳнатдан фойдаланишга барҳам бериш ҳаракатларини давом эттириш. • Одам савдоси қурбонларини аниқлаш тизимли ва изчил бўлишини таъминлаш учун чора-тадбирларни такомиллаштириш. • Тегишли қонунчиликка риоя қилган ҳолда, одам савдоси билан шуғулланишда гумон қилинган шахсларни тергов қилиш ва жиноий жавобгарликка тортишга қаратилган ҳаракатларни ошириш. • Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига одам савдоси билан боғлиқ ҳолатларни тўғри ҳал қилишни ўргатиш. • Жабрланувчиларни аниқлаш ва ҳимоя қилиш чоралари одам савдоси билан шуғулланувчи шахсларни тергов қилиш билан чекланмаслигини ва барча биринчи ёрдам кўрсатувчи шахслар потенциал одам савдоси қурбонларини расман аниқлаши ва тиббий ёрдамга юборишини таъминлаш. • Ўқитувчиларни ва тиббиёт ходимларини мажбурий меҳнатга сафарбар қилмаслик чораларини тўлиқ амалга ошириш. • Барча фуқароларнинг, ҳеч қандай салбий оқибатларсиз, пахта теримида ёки ўз касбий вазифаларидан бошқа ишларда иштирок этишини рад этиш ва ўриндош ишчи ёлланиши учун  талаб этиладиган тўловларни тўлашга қарши чиқиш ҳуқуқини билишини таъминлаш. • Тегишли қонунчиликка риоя қилган ҳолда, терговларни кўпайтириш ва етарли далилларга эга бўлган ҳолда, одам савдоси, шу жумладан мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан шуғулланадиган мансабдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш. •  Жиноят кодекси доирасида одам савдоси таърифини Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ОСҚ (TIP) протоколи билан мувофиқлаштириш мақсадида қайта кўриб чиқиш. • Хўжалик субъектлари ва тадбиркорлардан теримчилар иши учун тўловларни талаб қилиш амалиётини бартараф этиш. • Мустақил кузатувчиларга пахта етиштиришни мониторинг қилиш учун тўлиқ рухсат беришни давом эттириш ва меҳнат шароитларини ҳужжатлаштириш давомида уларни таъқиб қилиш, ҳибсга олиш ва бошқа ҳуқуқбузарликларни амалга оширишни буткул тўхтатиш, шунингдек, етарли далиллар мавжуд бўлган тақдирда, кузатувчилар томонидан аниқланган одам савдоси билан шуғулланадиган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш. • Қишлоқ хўжалигида меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича миллий ҳаракат режасини амалга оширишни давом эттириш. • Давлат томонидан бошпана берилмайдиган жабрланувчиларга ёрдам берувчи Одам савдосига қарши курашувчи ННТларни молиялаштириш.• Одам савдоси ҳаракатларида иштирок этишга мажбур бўлган жабрланувчилар томонидан содир этилган хатти-ҳаракатлар, шу жумладан, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни йўқотиш жазога тортилмаслигини таъминловчи расмий механизмларни ишлаб чиқиш. • Одам савдоси жабрланувчилари шахсини ҳимоя қилиш учун жиноий кодексни ўзгартириш. • Прокурорларни жиноий ишларда жабрланувчиларга етган зарар ўрнини қоплатишда фаол курашишга чақириш. • Ишга қабул қилиш тўловларини талабгорлар эмас, балки иш берувчилар томонидан тўланишини таъминлаш учун хусусий иш билан таъминлайдиган ташкилотларни кузатиб бориш.

ҚОНУНИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИШ

Ҳукумат қонунни қўллаш амалиётини сустлаштирган, яъни беш йил давомида тергов ишлари, суд айбловлари ва чиқарилган ҳукмлар қисқарган. Жиноят кодексининг 135-моддасида мажбурий меҳнат ва фоҳишабозликка жалб қилиш қонунга зид деб белгиланиб, ушбу жиноятлар учун, жабрланнувчи вояга етган бўлса, 3 йилдан 5 йилгача, жабрланнувчи вояга етмаган бўлса, саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Бироқ қонунчилик фоҳишабозликка жалб қилишга нисбатан озодликдан маҳрум этиш ўрнига уй қамоғига рухсат беради ва бу зўрлаш каби бошқа жиддий жиноятлар учун тайинланган жазоларга мос келмайди. Халқаро ҳуқуқдаги одам савдоси таърифига номувофиқ  равишда, қонун куч ишлатиш, фирибгарлик ёки мажбурий ушлаб туришдан фойдаланишни жиноятнинг асосий омиллари эмас, балки оғирлаштирувчи омиллар сифатида белгилаб қўйган. Мажбурий меҳнатга жалб қилиш  бўйича дастлабки содир этилган  жиноятлар учун маъмурий жазо қўлланилиб, меҳнат ресурслари инспекцияси томонидан жарима солинади; такроран содир этилган ҳуқуқбузарликларга нисбатан жиноий ишлар очилади. Лекин, такрорий ҳуқуқбузарликларни белгилаш мезонлари маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда аниқ келтирилмаган. Ҳукумат 2018 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар бўйича 123 та тергов ва  168 та суд ишини кўриб чиқди. Бу натижалар 2017 йилда 609 та тергов ва 314 та суд ишини, 2016 йилда эса 651 та тергов ва 361 та суд ишини ташкил қилган. Давлат органлари 2017 йилда 451 судланувчига нисбатан солиштирганда, 2018 йилда одам савдоси ва жинсий эксплуатация жиноятлари учун 230 айбланувчи  жазолангани ҳақида хабар бердилар, бироқ, ҳукумат берган статистик маълумотлар халқаро ҳуқуқ бўйича одам савдоси таърифига мувофиқ келишини аниқлаш учун етарли маълумот бермади. 230 нафар судланган жиноятчилардан 116 таси қамоқ жазосига ҳукм қилинди, 54 нафари уй қамоғига маҳкум этилди, олтитасига ахлоқ тузатиш ишлари жазоси юклатилди, уч нафари жаримага тортилди ва яна учтасига амнистия берилди. Ҳукумат қўшимча 48 та чиқарилган ҳукм ҳақида маълумот бермади. Ваколатли органлар одам савдоси билан боғлиқ ишларни нотўғри олиб бориш ҳоллари ҳақида хабар берганлар. Бу ҳолларнинг кўпи эътиборсизлик ёки амалиёт етишмаслиги сабабли бўлган. Икки нафар ваколатли шахс ишни нотўғри олиб боргани учун жавобгарликка тортилган. Ҳукумат бу борада қўшимча маълумот тақдим этмаган. Ваколатли органлар одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар, гувоҳлар ёки жабрланувчилар чет элда бўлганида жиноят ишларини олиб бориш учун етарли далил тўплаш муаммосини эътироф этиб  ўтдилар. ННТларга кўра, баъзи  жабрланувчилар  қонун тизимидан ташқарида молиявий ёрдам олган ва баъзи ҳолларда бу қуйи даражадаги ваколатли органлар томонидан амалга оширилган.

Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) тизимида одам савдосига қарши кураш бўйича тергов бўлинмаси фаолият юритиб келди. Одам савдоси бўйича жиноий ишларни олиб борадиган  судялар етарли кўникмага эга бўлмаганлар, ННТлар хабар беришича, судялар жабрланувчи манфаатларини кўзловчи  ёндашувдан фойдаланмаганлар, натижада жабрланувчиларга қайта руҳий зарар етказилган. Ҳукумат ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари, судялар ва бошқа органлар учун одам савдосига қарши кураш бўйича махсус тренинглар ўтказди. Давлат томонидан молиялаштирилган тренингларга қўшимча равишда, ҳукумат расмийлари давлат органлари ҳомийлигида ташкиллаштирилган ҳамда ННТлар, халқаро ташкилотлар ва хорижий ҳукуматлар иштирокидаги семинар ва конференцияларда қатнашдилар. Пахта йиғим-терими ва бошқа соҳалардаги мажбурий меҳнатдан расмий равишда фойдаланиш ҳолларига қарамасдан, ҳисобот даврида ҳукумат томонидан одам савдоси билан боғлиқ бўлган жиноятларда иштирок этган расмий амалдорларга нисбатан олиб борилган тергов ишлари, айблов ёки суд томонидан жазолаш ҳақида ҳеч қандай маълумот келтирилмади. Ўзбекистон қонунчилиги бу ҳолларни жиноий иш эмас, балки маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида кўриб чиққан. Хабарларга кўра, 2016 йилда тўққизта, 2017 йилда 14 та давлат хизматчисига мажбурий меҳнат амалиёти учун маъмурий жазо белгиланган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич  206 нафарни ташкил этган. Бу борада давлатнинг юқори амалдорлари одам савдосини жиноий иш эмас, балки иқтисодий заифликдан келиб чиққан ижтимоий муаммо сифатида баҳолайдилар.

ҲИМОЯ

Ҳукумат фоҳишабозлик ва трансмиллий меҳнатга жалб қилинганларни аниқлаш, уларга ёрдам бериш ва ҳимоя қилиш учун бўлган суст ҳаракатларни янада сустлаштирди ҳамда пахта терими ёки бошқа секторлардаги мажбурий меҳнат қурбонларига ёрдам бериш масаласида тўлиқ чора-тадбирларни амалга оширмади. Ҳукумат 2018 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг 208 нафар қурбонини аниқлади. Бу кўрсаткич 2017 йилда 440 тани, 2016 йилда 714 тани, 2015 йилда эса 924 тани ташкил этган эди. 208 нафар қурбоннинг 125 нафари аёллар, 83 таси эркаклардан иборат бўлиб, одам савдоси билан шуғулланувчилар 100 кишини фоҳишабозлик қилишига ва 100 нафарини мажбурий меҳнат билан  шуғулланишига сабаб бўлганлар. Ҳукумат бу қурбонларнинг қанчасини Ўзбекистонда эксплуатация қилингани ҳақида маълумот бермади. Шунингдек, ҳукумат чет эллик жабрланувчиларни аниқламаган. Тошкентда жойлашган ННТ 2018 йилда одам савдоси қурбонлари бўлган 524 нафар эркак, 53 нафар аёл ва икки ёш болани аниқлаб, уларга ёрдам  кўрсатди (бу кўрсаткич 2017 йилда 676 та, 2016 йилда эса 327 тани  ташкил этган эди), уларнинг кўпчилиги Қозоғистон ёки Россияда одам савдоси  билан  шуғулланувчи шахслар томонидан эксплуатация қилинган. Шу билан бирга, ИИВ ходимлари 171 нафар жабрланувчи ҳақида ННТларга хабар берган. ННТлар жабрланувчилар номидан жиноий иш қўзғатиш учун 457 та ариза топширдилар, натижада эса бу аризалар бўйича етти жиноий ва битта маъмурий иш очилди. Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари транспорт ҳужжатларини расмийлаштириб бериш орқали 15 нафар жабрланувчиларни репатриация қилишга ёрдам кўрсатди (бу 2017 йилда 40 та ва 2016 йилда 109 та жабрланувчини ташкил этган эди). Улар жабрланганларни Ўзбекистонга қайтишлари учун озиқ-овқат, кийим-кечак ва транспорт билан таъминлаш борасида ХМТ билан ҳамкорликда фаолият олиб бордилар. Тегишли мамлакатлардаги ННТлар Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ўз фуқароларини репатриация қилишда фаол ёрдам бермаганлигини таъкидлади. Ҳукумат томонидан аҳолининг заиф қатламларидан жабрланганларни фаол аниқлаш ва уларга нисбатан ҳимоя чоралари қўлланиши бўйича стандартлаштирилган жараёни амалга оширилмади, натижада потенциал жабрланувчилар, хусусан фоҳишабозликка жалб қилинган шахсларга нисбатан жазо чоралари қўлланиши кузатилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, консулликларнинг расмий вакиллари ва чегарачилар одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаб, уларни тегишли давлат ёки ННТларга кейинги ёрдам олишлари учун йўналтирган. Ҳукумат томонидан тақдим этиладиган реабилитация ва ҳимоя хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиш учун, жабрланганлар ўзлари яшайдиган жамоадаги давлат органларига жиноий шикоят билан мурожаат қилишлари талаб этилиб, ундан сўнг ИИВнинг маъсул ходимлари шахсга нисбатан тергов ишларини ўтказиш ёки унга расмий жабрланувчи мақоми берилиши ҳақида қарор қабул қиладилар. Натижада, маҳаллий давлат органлари мунтазам равишда  жиноий шикоят қилишни истамаган шахсларни ННТга ёрдам олиш учун йўналтирганлар. Жабрланувчиларнинг аксарияти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги коррупция сабабли ҳокимиятга бўлган ишончсизлик ва ўзларининг ёки оила аъзоларининг хавфсизлиги учун қўрқиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан алоқага кириш ёки ҳамкорлик қилишни истамаганлар.

Ҳукумат томонидан Тошкент шаҳрида жойлашган одам савдосидан жабрланган  эркаклар, аёллар ва болаларни реабилитация қилиш маркази фаолияти учун тахминан 666 миллион сўм (80 140 АҚШ доллари) миқдорда маблағ ажратилди, бу эса 2017 йилдаги 540 милллион сўм (тахминан 64 980 АҚШ доллари) маблағга нисбатан кўпроқни ташкил этади.  Ҳукумат бу марказ орқали 2016 йилда 460 жабрланувчига ёрдам кўрсатган бўлса, 2018 йилда фақат 195 нафар жабрланувчига  ёрдам берган.  Бу марказ бошпана, тиббий, психологик, хуқуқий ва иш билан таъминлашда кўмак кўрсатиб келади. Аввалги йилларда, ваколатли органлар жабрланувчилардан уларнинг жиноий ишларида кўмак беришлари мақсадида муассасада қолишларини талаб этган бўлсалар-да, жабрланувчилар марказ ҳудудидан чиқиш имкониятига эга эдилар. Марказ чет эллик қурбонларни ҳам жойлаштириш имкониятига эга, аммо марказ очилганидан буён мазкур муассасага биронта чет эллик фуқаро ёрдам сўраб мурожаат қилмаган. Ҳукумат томонидан заиф аёлларга, шу жумладан, одам савдоси қурбонларига ёрдам бериш мақсадида 130 та марказ очилган. Ушбу марказлар маҳаллий хокимият томонидан бошқарилган ва молиялаштирилган, шунингдек уларнинг баъзилари маҳаллий одам савдосига қарши ташкилотлар билан ҳамкорликда фаолият юритган. Янги марказлар ходимлар билан тўлиқ таъминланмагани ва етарлича молиялаштирилмагани аниқланди, шунингдек марказ ходимлари жабрланувчиларни аниқлаш ва уларга ёрдам бериш учун етарли даражада кўникмаларга эга бўлмаганлар. ННТлар ҳукумат билан ҳамкорлик яхши бўлганини қайд этдилар, жумладан 2018 йилда ҳукумат жабрланувчиларга озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлаш учун маҳаллий ННТларга моддий ёрдам кўрсатишни давом эттирдилар. Бундан ташқари, ҳукумат ННТлар учун мавжуд бўлган солиқ имтиёзларини тўхтатди, лекин битта ННТ учун ҳукуматга тегишли бинодан бепул фойдаланиш имконини берди. Ушбу ННТларнинг фаолияти жуда муҳим бўлган, чунки ваколатли органлар уларга жиноий иш қўзғатилишини истамаган ва давлат бошпанасидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмаган жабрланувчиларни юбориб турган. Трансмиллий фоҳишабозлик ва одам савдосига жалб қилинган жабрланувчилар чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтганлик учун қонун бўйича жиноий жавобгарликдан озод этилмайдилар,  бу эса ўз навбатида баъзи жабрланувчиларга жиноят ҳақида маълумот беришларига тўғаноқ бўлган. ННТларнинг хабар беришича, ННТлар томонидан  жабрланганлар одам савдосидан азият чекканликлари ҳақидаги далиллар келтирилганидан сўнг давлат органлари томонидан илгари сурилган айбловлар бекор қилинган. ННТлар яна шуни маълум қилдиларки, ИИВ ходимлари жабрланувчиларнинг шахсий маълумотлари махфийлигини таъминлаш бўйича қонуний талабларга тобора кўпроқ риоя этаётган бўлсалар-да, жабрланувчининг шахсий маълумотлари суд жараёнида махфий тутилмайди. Давлат органлари томонидан жабрланувчиларга ҳуқуқий ҳимоя таъминланмаслик ва аксарият жабрланувчиларнинг бундай ҳимоядан фойдаланиш имкониятлари йўқлиги сабабли, жабрланганлар одам савдоси билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан фуқаролик даъволарини судга тақдим эта олмайдилар; Ҳукумат 2018 йилда бундай даъволар бўлмаганини маълум қилди.

ПРЕВЕНТИВ ЧОРАЛАР

Ҳукумат томонидан превентив чоралар қўлланиши кучайтирилди. Ҳукумат мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши босим яратишга қаратилган қишлоқ хўжалиги сиёсатига, шу жумладан, пахтакорларнинг иш ҳақини 2017 йилга нисбатан 144 фоизгага ошириш, талабаларни сафарбарлик қилмаслик бўйича олинган мажбуриятларни тўлиқ, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини сафарбарлик қилмаслик бўйича олинган мажбуриятларни эса қисман бажариш орқали ўзгартиришлар киритди. 2018 йилги йиғим-терим мавсуми даврида ҳукумат томонидан пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш бўйича жамоатчиликнинг хабардорлигини оширишга қаратилган  бешинчи умуммиллий ҳаракати ўтказилди. Ҳукумат йиғим-терим мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқлашни давом эттирди. Болалар терим майдонларига чиқмадилар ва улар тизимли равишда сафарбар этилганлиги ҳақида хабарлар бўлмади. Ҳукумат ХМТ билан ҳамкорликда, барча фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари бўйича хабардорликларини оширишга қаратилган тадбир ўтказди. Мазкур тадбир доирасида асосий автомагистраллар бўйлаб 400 дан ортиқ баннерлар ўрнатилиб, таълим ва тиббиёт муассасаларида брошюра ва варақалар тарқатилди, йирик теле ва радио тармоқларида ахборот рекламалари намойиш этилди. Шунга қарамай, марказий ҳукумат фермерлар ва маҳаллий давлат вакилларидан давлат томонидан белгиланган пахта етиштириш квоталарини бажаришларини талаб этишни давом эттирди, бу эса катта ёшдаги фуқароларнинг мажбурий меҳнатга сафарбар қилинишига олиб келди. Белгиланган режаларни бажара олмаган фермерлар олдида давлат томонидан ижарага берилган ерлардан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотиш хавфи турар эди Марказий хокимият болалардан ташқари ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини йиғим-теримга сафарбар этишни тақиқлашга катта эътибор қаратди. ННТлар маълумотига кўра, ҳукумат илк маротаба баҳорги пахта дала ишлари мавсумида таълим ва соғлиқни сақлаш ходимларини мунтазам равишда сафарбар қилмаган, аммо далаларда техник персонал ходимлари ишлагани тўғрисида бир нечта хабарлар келиб тушган. Ҳукумат бундан олдин бу ходимларни жарима солиш ва ишдан бўшатиш таҳдиди остида терим ишларида ҳақ олмасдан иштирок этишга мажбур қилган. Ҳукумат ер ҳайдаш ва экин экиш мавсумида мажбурий меҳнатнинг баъзи ҳолатларини аниқлади, бу эса икки вилоят ҳокимига расмий ҳайфсан эълон қилишга сабаб бўлди.  Ушбу сектор ходимлари меҳнатидан фойдаланишни тақиқлаш ҳосилнинг биринчи ярми учун муваффақиятли тугади. Ҳосилнинг дастлабки ўн куни ичида мунтазам сафарбарлик ҳақида хабарлар бўлмади. Назоратчилар теримнинг биринчи ҳафтасида кўпроқ кўнгилли теримчиларни, шу жумладан ишсиз теримчиларни жалб қилиш учун мукофот пули ошганини таъкидладилар. Ҳосилнинг биринчи теримидан сўнг, кўнгилли теримчилар сони пахта сийраклашгани ва об-ҳаво ёмонлашгани туфайли камайган. Бу эса мажбурий меҳнат, шу жумладан, таълим ва тиббиёт муассасалари ходимлари меҳнатидан фойдаланиш тўғрисидаги хабарлар ортишига олиб келган. Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ходимларининг ўрнини тўлдириш учун ҳукумат теримга бошқа давлат сектори ишчилари, шу жумладан завод ишчилари, хирмончилар, коммунал хизматчилари, банк ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва аскарлар, шунингдек маҳбусларни ҳам кенг кўламда сафарбар этди. Мансабдор шахслар баъзи мажбурий сафарбар этилган теримчиларга далаларда теримда қатнашиш учун қандай келганлари ҳақида ёлғон маълумот бериш бўйича кўрсатмалар берганлар. Баъзи ҳудудлардаги мансабдор шахслар давлат хизматчиларини пахта теришга мажбуран жалб қилинган ёки ноқонуний, норасмий йўл орқали бошқа теримчи ёллаш учун пул тўлашни талаб қилганлар, бунда мажбурий меҳнат тизимида иштирок этмаганлар учун жарималар солинган ва коррупцияга мойил мансабдор шахслар учун фойдали пул ундириш усуллари пайдо бўлган. Баъзи ҳолатларда маҳаллий ҳокимият органлари хусусий корхоналардан теримчилар тақдим этишни ёки теримга ёрдам кўрсатишини талаб қилганлар, бунда пул тўловлари маъмурий харажатларни қоплашга сарф қилингани ёки товламачилик воситаси бўлгани доим ҳам аниқ бўлмаган. ННТлар кўплаб кўнгилли теримчилар пахта теримида қатнашишни истамаган шахслар ўрнига ёлланишни афзал кўришлари ва бу орқали одатий терим ҳақларидан кўра кўпроқ фойда кўриш имкониятига эга бўлишни исташлари ҳақида маълумот бердилар.

Сўнгги тўрт йил давомида, ҳукумат ХМТнинг вакилларига пахта йиғим-терими даврида болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш устидан мониторинг олиб боришларига, XMT вакилларига  кузатув ва теримчилар билан суҳбатлашиш учун пахта далаларига ташриф буюришга  ҳамда XMTга 2018 йилдаги йиғим-терим мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат кенг қўлланганлигини кўрсатувчи мониторинг натижаларини чоп этишга рухсат берди. ХМТ ҳисоб-китобларига кўра, қарийб 2,5 миллион ишчи кучидан тахминан 170 минг нафари мажбурий равишда жалб қилинган, бироқ баъзи мутахассислар ушбу рақамлар ХМТнинг ҳисоблаш методологиясидаги сезиларли ўзгаришлар туфайли олдинги йиллардаги натижалар билан таққослаб бўлмаслигини таъкидлайдилар. Баъзи мутахассислар ХМТнинг янги методологиясини танқид қилдилар ва ХМТнинг натижалари терим мавсумида фойдаланилган мажбурий меҳнат даражасини кам кўрсатган деб баҳоладилар, аммо улар умуман олганда ҳукуматнинг мажбурий меҳнатни камайтириш бўйича сезиларли чораларни амалга ошираётганини тасдиқладилар. Ҳукумат ХТМга биринчи марта давлатнинг пахта йиғим-терими давридаги Қайта алоқа механизми орқали олинган маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этди. Ушбу механизмда меҳнат қонунчилигининг бузилиши бўйича  тезкор телефон алоқаси ва хабар бериш иловалари орқали 2006 мурожаат келиб тушган ва ХМТ ҳукумат бундай мурожаатлар билан қандай ишлашини кузатишга имкон берган. Ҳукумат мамлакат бўйлаб мажбурий меҳнат ҳисоботларини кўриб чиқиш учун  200 нафар текширувчини таъйинлади. ХМТ ушбу механизм орқали 206 нафар ходим жаримага тортилгани ҳақида хабар берди, бироқ ҳукумат солинган  жами жарималарнинг миқдори ёки бу механизм орқали аниқланган мажбурий меҳнат  қурбонларининг (шу жумладан болалар) умумий сони ҳақида қўшимча маълумот бермади. 2017 йилда эса мажбурий меҳнатга оид шикоятлар билан боғлиқ 362 та қўнғироқлар   далаларда мажбурий меҳнатга  сафарбар этилган  641 та шахсни аниқлашга  ёрдам берди, шу жумладан, аниқланганлар ичида  саккизта тасдиқланган болаларни меҳнатга  жалб  қилиш холати, 42 та жиноий  иш, 116 та маъмурий жавобгарлик  тўғрисида шикоят ва 220,5 млн. сўмлик  (26 530 АҚШ доллари) жарима солиш ҳолатлари мавжуд  бўлган. Кузатувчилар баъзи пахта теримига жалб қилинган шахсларнинг  давлат органлари томонидан қўлланиши мумкин бўлган жазо чоралари ёки мониторинг ишларининг самарадорлиги ҳақида ташвишланаётганликларини таъкидлаб,  қайта алоқа қилиш Механизмининг самарадорлигини савол остига қўйдилар. Ўтган йиллардан фарқли равишда, бу йил ҳукумат йиғим-теримни мониторинг қилиш, далаларда интервью олиш, ишчиларнинг ўз ҳуқуқлари  ҳақидаги билим даражасини кўтариш бўйича тадбирларда иштирок этиш ва Пахта йиғим-терими бўйича қайта алоқа механизми орқали тўпланган ишларни кўриб чиқиш учун мустақил инсон ҳуқуқлари фаолларини жалб этди. Фуқаролик жамиятининг  мустақил кузатувчиларини таъқиб қилингани ва  вақтинча ушлаб турилганлиги ҳақида хабарлар келиб  тушиши давом этди. Оммавий ахборот воситалари, шу жумладан давлат оммавий ахборот воситалари жазоланмасдан ёки цензурасиз мажбурий меҳнат амалиёти, муаммолари ва қонунбузарликлари ҳақида хабар беришни давом эттирди.

Ҳукумат ХМТ тавсияларини амалга оширишни  давом эттирди, яъни пахта етиштириш учун ажратилган ерларни қисқартирди ва ҳосил теримини механизациялаш борасида ишлар олиб борди. 2017 йилда ишга туширилган учта кластердан ташқари, 2018 йилда ҳукумат пахтани етиштиришдан тортиб уни тайёр текстил маҳсулоти ҳолатига келтириб берадиган  13 та хусусий текстил кластерларини очди. Бироқ, бу хусусий кластерлар ҳали ҳам марказий ҳокимият томонидан белгиланган квоталарни бажаришга мажбур. Бундан ташқари, мустақил кузатувчилар кластер фермаларида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатларини аниқлаганлар.

2018 йил апрел ойида Президент халққа мурожаат қилиб, жамоат ишларида, хусусан, ўқитувчилар, шифокорлар ва талабаларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга барҳам беришни буюрди ва мажбурий меҳнат мамлакат ислоҳот йўлига зид эканлигини таъкидлади. Вазирлар Маҳкамасининг апрел ойида бўлиб ўтган йиғилишида Вазирларга давлат хизматчиларини ва талабаларни  жамоат  ишларини бажаришга мажбурлаш ўрнига, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида ташкил этилган махсус жамғарма ёрдамида ишсизларни жамоат ишларига жалб этишга тавсия берилди.  Ҳукумат 2018 йилда ушбу фонд учун 714 миллиард сўм (85,92 миллион доллар) ажратди. 2018 йил май ойида Вазирлар Маҳкамаси давлат ваколатли органларига давлат хизматчилари ва ўқувчилар мажбурий меҳнатининг барча шаклларини дарҳол тугатиш тўғрисида кўрсатма берувчи ва  вазирликларни ҳуқуқбузарликлар  мониторингида  ҳамда суд органларида айбдорларни жавобгарликка тортилишини  таъминлашда фуқаролик жамоат органлари билан ҳамкорлик қилишга йўналтирилган қарор қабул қилди.  ННТлар тақиқнинг кам самара  келтиргани ҳақида хабар бердилар. Маҳаллий ҳокимият идораларида давлат хизматчиларини жамоат ишларида, шу жумладан кўча супуриш, ахлат йиғиш, шаҳарни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш ва металлолом тўплаш каби ишларда  мажбурий меҳнатга жалб этиш давом эттирилди. ННТ маълумотларига кўра, фермерларга пилла етиштириш квоталари қўйилиши давом этган. Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги мактаб директорлари мактаб ўқувчиларини мактабдан олиб чиқиб, ипак пилласини теришга мажбур қилганлари ҳақида тасдиқланмаган хабарлар мавжуд. Ҳукумат мамлакат бўйлаб ҳашар ёки «ихтиёрий» иш кунларини эълон қилишни давом эттирди ва баъзи маҳаллий раҳбарлар пахта терими ва кўча тозалашни ҳашар ишлари сифатида эълон қилганлар. ННТларга кўра, фуқаролар бу каби жамоат  ишларда иштирок этишдан бош торта олмаслигини ҳис этишган.

2018 йил сентябрида Вазирлар Маҳкамаси чет элдаги меҳнат муҳожирларига, шу жумладан мажбурий меҳнат қурбонларига қўшимча ёрдам кўрсатувчи қарор қабул қилди ва меҳнат муҳожирларига ёрдам бериш учун 200 миллиард сўм (24,7 миллион АҚШ доллари) миқдорида маблағ ажратди. Ўзбекистон   Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги истиқболли меҳнат мигрантларига ёрдам кўрсатишни давом этди ва мигрантлар орасида одам савдосига дучор бўлиш хавфини камайтиришга хизмат кўрсатди. Агентлик муҳожирлар ишлашга  кетаётган  мамлакатдаги меҳнат ва миграция қонунлари бўйича жўнаб кетиш олдидан  маслаҳат бериш ишларини олиб  борган. Агентлик сентябр ойида Жанубий Кореянинг Кванджу шаҳрида ўз ваколатхонасини очди. Жанубий Кореяда икки томонлама вақтинчалик меҳнат шартномаси асосида 2250 дан ортиқ ўзбек фуқаролари ишлагани аниқланди. Ҳукуматнинг маълум қилишича, 34 нафар мигрантлар Россияда ишлаш учун жўнаб кетишдан олдин ушбу марказ хизматларидан  фойдаланганлар. 2018 йилнинг октябрида Ўзбекистон  ҳукумати Россияда Ўзбекистон фуқароларини вақтинча иш билан  таъминлашни ташкил этиш тўғрисида Россия билан шартнома имзолади. Ўзбекистон 2018 ва 2019 йилларда Туркия ва Япония билан ҳам меҳнат шартномаларини имзолади. Ҳукуматнинг маълумот беришича, 300 нафар Ўзбекистон фуқароси Туркияда вақтинчалик иш билан таъминланган. 2018 йил сентябридан бошлаб хорижий ва маҳаллий хусусий корхоналар Ўзбекистон фуқароларини чет элда ва Ўзбекистон ҳудудида ишга ёллаш учун ҳукуматдан расмий рухсат олдилар. Корхоналар лицензия олишлари талаб қилинган бўлса-да, ҳукумат берилган лицензиялар сони ва ишчилардан олинган  ишга ёллаш тўловлари миқдори мониторинги ҳақида хабар бермади.

Текширувлар фақат шикоятлар келиб тушганида ёки олдиндан огоҳлантирувчи хабарлар олинганида ўтказилди, бу текширувчиларнинг мажбурий меҳнатнинг мавжуд ҳолатларини аниқлаш имконияти чекланишига олиб келган. Меҳнат инспекцияси 2018 йилда 2006 та текширув ўтказган. Инспекция иш бўйича қўшимча маълумот ёки одам савдоси бўйича кўрсаткичларни текшириш ҳамда жиноий иш терговлари ҳисоботларини  тақдим этмади. Меҳнат инспекцияси, биринчи маротаба мажбурий меҳнатга қарши қонунни бузганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш ҳуқуқига эга эмас.

Ички ишлар вазирлиги идоралараро одам савдосига қарши кураш комиссиясини ташкил  этди  ва комиссия мамлакатда рўй бераётган одам савдоси сабабларини таҳлил қилиб, жамиятнинг одам савдоси ҳақидаги билимларини ошириш юзасидан ишлар олиб борди. Ўзбекистонда 2018 йилда ўтказилган одам савдоси мавзусидаги сўровга кўра, 76 фоиз сўровга тутилганлар жабрланувчиларнинг ўзлари одам савдосига дучор бўлганликларида айбдор деб ҳисоблашлари аниқланди. Ҳукумат трансмиллий проституция ва меҳнат савдоси бўйича аҳолининг хабардорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ҳаракатларни амалга ошириб, бунда қатор тадбирлар ўтказиш, босма ахборот воситалари, радио ва телевидение, кўп ҳолатларда эса ННТлар билан ҳамкорлик қилиш ва уларга бевосита кўмак бериш имкониятларидан фойдаланилди. Одам савдосига қарши курашиш бўйича идоралараро комиссиянинг 24 соатлик ишонч телефони мавжуд бўлиб, 2018 йилда 511 та телефон қўнғироқлари келиб тушди, улардан 72 таси одам савдоси қурбонларига алоқадор  эканлиги аниқланди. ННТ эса чет эл ҳомийлари томонидан молиялаштирилган ишонч телефон тармоғи билан таъминланди. ННТга 5889 та телефон қўнғироқлари келиб тушди, бу қўнғироқларнинг 198 таси одам савдосига оид даъво ва 211 таси  репатриация мурожаати юзасидан эди. Ташкилот 442 кишини репатриация қилишга ёрдам берди ва  ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига 457 та иш  бўйича ёрдам сўраб мурожаат қилди.  Шу билан бирга, ҳукумат тижорий асосдаги фоҳиша хизматларига бўлган талабни камайтириш бўйича етарлича чораларни амалга оширмади.

ОДАМ САВДОСИ БЎЙИЧА МАЪЛУМОТЛАР

Сўнгги беш йил ичидаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон мажбурий меҳнатга жалб қилинган эркаклар, аёллар ва болалар ҳамда жинсий эксплуатация қилинадиган аёллар ва болалар учун манба ва манзил мамлакат ҳисобланади. Ҳукумат фермерларни ва маҳаллий ваколатли органларини давлат томонидан ўрнатилган пахта етиштириш бўйича квоталарни бажаришни талаб этган, акс ҳолда жарима билан таҳдид қилган, бу эса баъзи мансабдор шахсларнинг пахта терим мавсумида иштирок этишга мажбурлаш чораларини қўллашини тақазо этган.  XMT ва кузатувчиларнинг таъкидлашларича, баъзи соҳаларда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари бўйича тасдиқланмаган хабарлар олинган бўлса-да, 2017 йилги терим мавсумида болалар меҳнатидан тизимли равишда фойдаланишга барҳам берилди. 2018 йилги пахта йиғим-терими мавсумида катталар, жумладан, мактаб ва тиббиёт муассасалари ходимларининг ҳукумат томонидан терим ишларига жалб қилиниши мажбурийлигича қолган. ННТлар теримнинг дастлабки ўн кунида мунтазам сафарбар этиш далиллари  мавжуд эмаслигини эътироф этиб, мажбурий меҳнатдан фойдаланиш камайгани ҳақида ва ўқитувчилар ҳамда тиббиёт ходимларини ишлатишни тақиқлаш бир текисда амалга оширилмагани ҳақида хабар қилдилар. Ҳукумат бошқа давлат сектори  хизматчиларини пахта йиғим-теримида кўпроқ ишлашга мажбур қилди. Халқаро баёнотларда таъкидланишича, пахта теримидан бош тортган, ўзларининг ўринларини босувчи ишчи учун ҳақ тўламаган ёки кундалик пахта териш мажбуриятини бажармаган катта ёшдаги шахслар ижтимоий нафақалардан маҳрум бўлиш, меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ёки бошқа турдаги таъқибларга юз тутишлари мумкин эди. Айрим ходимлар ва савдогарлар пахта териш ўрнига тўғридан-тўғри ўриндош ишчиларни ёллаш , ёки ишга сафарбар этган шахсларга ўриндош теримчиларни топиш учун пул тўлашлари ҳамда жарима тўлаш танловига эга эдилар. Бу пахта теримида иштирок этишдан бош тортган шахсларни жазолашнинг мажбурловчи тизими бўлиб, коррупцияга мойил амалдорлар ва мансабдор шахслар учун пул ундиришнинг даромадли воситасига айланди. Айрим вилоятлардаги хусусий корхоналар, давлат органлари томонидан назорат текширувлари сонининг кўпайтирилиши ва фаолиятларига юқори солиқлар солиниши ҳавфи остида, ўз ходимларини пахта теримига сафарбар қилишга мажбур бўлганлар.

Катталарни мажбурий меҳнатга жалб қилиш бошқа секторларда ҳам сақланиб қолди. Маҳаллий амалдорлар фермерларни пилла етиштиришга мажбур қилганлари ҳақида алоҳида маълумотлар келтирилган, шунингдек фермерлар болаларни мактаблардан олиб, пилла йиғиш учун  сафарбар этганлиги ҳақида тасдиқланмаган хабарлар келиб тушди. 2018 йил апрел ойидаги ҳукумат тақиқларига қарамасдан, маҳаллий мансабдорларнинг ўқитувчилар, талабалар (шу жумладан болалар), хусусий тадбиркорлар ва бошқаларни қурилиш ва бошқа пахта теримига алоқадор бўлмаган хўжалик ишларида иштирок этишга, шунингдек парклар, кўчалар ва биноларни тозалашга мажбурлаш ҳолатлари давом этган. Мансабдор шахслар, бу ишларни жамият фойдаси учун ихтиёрий равишда бажарилаётган ишлар ва ҳашар тариқасида эълон қилиб, вақти-вақти билан меҳнатга мажбурлов ҳаракатларини амалга оширган.

Ўзбек аёллари ва болалари Яқин Шарқ, Евроосиё ва Осиё минтақаларида, шунингдек фоҳишахоналарда, клубларда ва шахсий хонадонларда жинсий эксплуатацияга юз тутганлар. Муассасалардаги болалар фоҳишабозликка жалб қилишга нисбатан ҳимоясиз бўлганлар. Ўзбекистонлик эркаклар ва камроқ даражада аёллар, Қозоғистон, Россия, Молдова, Туркия ва бошқа Осиё, Яқин Шарқ ва Европа мамалакатларидаги қурилиш, нефть ва газ ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, чакана савдо ва озиқ-овқат соҳаларида мажбурий меҳнатга жалб қилинганлар. ННТ 2017 йилдаги меҳнат миграцияси шартномаси асосида Россияга расмий меҳнат шартномаси билан борган Ўзбекистон фуқаролари мажбурий меҳнатга нисбатан химоясиз бўлганликларини аниқлаган. Бунинг сабаби Россияда иш берувчилар мигрантларни расмий равишда рўйхатдан ўтказа олмаганликлари, ишчиларни баракларда яшашга мажбур қилганликлари ва иш ҳақларини кам тўлаганликлари ёки умуман тўламаганликлари бўлган. Марказий Осиё меҳнат муҳожирларининг Россия меҳнат бозорига қизиқиши камайиб бораётганлиги сабабли, ўзбек меҳнат муҳожирлари тобора Туркия меҳнат бозорида иштирок этишга интилмоқда. Туркиядаги ўзбек меҳнат муҳожирлари одам савдосига дуч келишга мойил ҳисобланадилар, чунки у ерда 30 мингга яқин Ўзбекистон фуқаролари руйхатга олинган бўлса-да,  фақатгина 2 минг нафар фуқаро расмий иш визаси асосида фаолият юритаётгани аниқланган.