Одам савдоси бўйича 2018 йилги ҳисобот: Ўзбекистон

ЎЗБЕКИСТОН: 2-ГУРУҲ. Махсус кузатув рўйхати

Ўзбекистон ҳукумати одам савдосини бартараф этиш бўйича белгиланган минимал стандартларни тўлиқ бажармаётган бўлса-да, бу соҳадаги камчиликларни йўқотиш мақсадида ҳукумат томонидан сезиларли чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳисобот даврида ҳукумат томонидан асосий ютуқларга эришилди; шу сабабли Ўзбекистон 2-гуруҳга, яъни кузатув рўйхатига киритилди.  Ушбу муваффақиятлар қаторидан пахта йиғим-терими даврида  пахтакорларнинг меҳнат ҳақларини  ва пахта сотиб олиш нархларини ошириш; талабаларни сафарбар этиш  ва камроқ даражада уларни бошқа давлат томонидан бошқариладиган меҳнат секторига қисман жалб этиш; учинчи томон иштирокидаги халқаро мониторингни амалга оширишга тўлиқ имконият яратиш; фаоллар билан мулоқат қилиш ва уларга нисбатан янада инсонпарварларча муносабатда бўлиш орқали катта ёшдаги шахсларни мажбурий мехнатга жалб этишни тўхтатиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ҳам ўрин олган. Энг юқори даражада ҳукумат томонидан пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнат муаммоси мавжудлиги очиқчасига тан олинди.  Тўрт йил давомида ҳукумат йиғим-терим мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш тўғрисидаги хабардорликни ошириш бўйича катта тадбирларни амалга оширди, бунда болаларнинг сафарбар этилиши ҳақидаги маълумотлар жуда чекланган эди.  Мазкур ютуқларга қарамасдан, 2017 йилги пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатнинг ҳукумат томонидан амалда қўлланиши кузатилди; 2,6 млн. ишчи кучининг тахминан 336 000 нафари мажбурий меҳнатга тортилган шахсларни ташкил этди. Давлат сектори хизматчиларини сафарбар қилишни таъқиқлаш бўйича чора-тадбирларни ҳукумат доимий равишда амалиётда қўлламади.  Бу ҳолатлар жабрларнувчиларни аниқлаш, шунингдек, одам савдоси билан шуғулланадиган шахсларни тергов қилиш ва жиноий жавобгарликка тортиш кўрсаткичларининг камайишига олиб келди.

ЎЗБЕКИСТОН УЧУН ТАВСИЯЛАР

Катта ёшдаги шахсларни мажбурий меҳнатга жалб қилишга барҳам бериш, шу жумладан пахта-йиғим терими даврида пахта етиштириш бўйича квоталарни йўқотиш, пахтакорларнинг иш ҳақларини ошириш ва пахта теримида иштирок этувчи теримчиларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш; ўқитувчиларни, тиббиёт ходимларини, коллеж ва лицей  талабаларини мажбурий меҳнатга сафарбар этмаслик ҳамда уларнинг ўрнига пахта теримида қатнашувчи шахслар учун ҳақ тўламаслик  бўйича мажбуриятларни тўлиқ бажариш; барча фуқароларни пахта йиғим-теримига ёки ўзларининг касбий вазифаларига тегишли бўлмаган бошқа  ишларга жалб қилинишни рад этишга имкон берувчи зарур механизмлар билан таъминлаш; муайян жараённи ҳурмат қилиш, назоратни кучайтириш ва етарли далилларга эга бўлган ҳолда,  одам савдоси, шу жумладан мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан шуғулланадиган мансабдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш; одам савдосидан жабрланганларни аниқлаш жараёнларини тизимли ва фаол бўлиши мақсадида уларнинг тартибини такомиллаштириш; гумон остидаги одам савдоси билан шуғулланувчи шахсларни  тергов қилиш ва жиноий жавобгарликка тортиш  бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш, бунда тегишли ҳуқуқий жараёнга амал қилиш; мустақил кузатувчиларга пахта етиштириш жараёнини мониторинг қилиш   учун тўлиқ имконият яратишни давом эттириш ва  меҳнат шароитларини ҳужжатлаштираётган фаолларни таъқиб қилиш, ҳибсга олиш ва камситишни бутунлай тўхтатиш, шунингдек, етарли далиллар мавжуд бўлган тақдирда,  кузатувчилар томонидан аниқланган одам савдоси билан шуғулланадиган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш; қишлоқ хўжалиги соҳасидаги меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича миллий ҳаракат режасини амалга оширишда давом этиш; деҳқон ва мансабдор шахсларга нисбатан пахта теримида мажбурий меҳнатни сафарбар қилишга қаратилган босимни камайтириш учун қишлоқ хўжалиги сиёсатини такомиллаштиришни давом эттириш; меҳнат қилиш ҳуқуқларини, шу жумладан пахта йиғим-терими давридаги меҳнат ҳуқуқлари бўйича хабардорликни ошириш; меҳнат ҳуқуқларининг бузилишини рўйхатга олиш ва текшириш жараёнларини такомиллаштиришни давом эттириш; давлат томонидан бошпана берилмаган жабрланувчиларга кўмак бериш ва бошпана берувчи одам савдосига қарши курашувчи ННТларни моддий қўллаб-қувватлаш; одам савдоси ҳаракатларида иштирок этишга мажбур бўлган жабрланувчилар томонидан содир этилган хатти-ҳаракатлар, шу жумладан, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни йўқотиш жазога тортилмаслигини таъминловчи расмий механизмларни ишлаб чиқиш; жиноят кодексига одам савдоси қурбонларининг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш бўйича қўшимчалар киритиш ва  прокурорларни жиноий ишларда жабрланганларни  реабилитация қилишга фаол равишда интилишларига даъват қилиш каби чораларни қўллаш орқали эришиш.

ҚОНУНИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИШ

Ҳукумат қонунни қўллаш амалиётини сустлаштирди.  Жиноят кодексининг 135-моддасида мажбурий меҳнат ва фоҳишабозликка жалб қилганлик учун  жиноий жавобгарликка тортилиш ва 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган, улар етарли даражада жиддий бўлиб, жинсий алоқага мажбурлаш ҳолатлари жинсий зўрлаш каби бошқа оғир жиноятларга тенглаштирилган. Сўнгги тўрт йил давомида  суд-тергов, айблов ишлари ва жазога тортиш ҳолатларининг қисқариши кузатилмоқда.  2016 йилдаги 651 та суд тергов ишлари ва 361 та жиноий жавобгарликка тортиш ҳоллари ҳамда  2015 йилдаги 696 та суд тергов ишлари ва 372 та жиноий жавобгарликка тортиш кўрсаткичларига нисбатан, ҳукумат томонидан 609 та тергов ишлари, шу жумладан 204 та жинсий эксплуатация ва 32 та мажбурий меҳнат билан боғлиқ жиноий ишлари кўриб чиқилди. 2017 йил давомида одам савдоси билан боғлиқ ишлар бўйича  314 та жиноий иш қўзғатилди. Расмий давлат органлари 2017 йилда одам савдосига алоқадор жиноятлар учун 405 кишини жавобгарликка тортган,  бу кўрсаткич 2016 йилда 451  ни ташкил этган. Ҳукуматнинг хабар беришича, 2017 йил давомида текширилган 204 та жиноий иш жинсий эксплуатация қилиш билан боғлиқ бўлган. Ҳукумат расмийлари томонидан одам савдоси ва жинсий эксплуатация билан боғлиқ статистик маълумотларнинг одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш  қонунида (TVPA) белгиланган одам савдосига берилган таърифларга мос келишини аниқлаш бўйича етарли маълумотлар  келтирилмаган. Ҳукумат 135-модда асосида 391 нафар жиноятчига, ҳусусан 33 нафар ёлловчига нисбатан жиноий жазолар тайинланганлиги ҳақида ахборот берди. Улардан 233 нафари қамоқ жазосига, 81 нафари шартли жазога,  57 нафари озодликни чеклашга, уч нафари ахлоқни тузатиш ишларига ҳукм қилиниб, икки нафари жаримага тортилди, қолган 15 нафари амнистия асосида авф этилган.

Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) тизимида одам савдосига қарши кураш бўйича тергов бўлинмаси фаолият юритиб келди. Ҳукумат ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари, судялар ва бошқа органлар учун одам савдосига қарши кураш бўйича махсус тренинглар ўтказди. Давлат томонидан молиялаштирилган тренингларга қўшимча равишда,  ҳукумат расмийлари давлат органлари ҳомийлигида  ташкиллаштирилган ҳамда  ННТлар, халқаро ташкилотлар ва хорижий ҳукуматлар иштирокидаги семинар ва конференцияларда қатнашдилар.  Пахта йиғим-терими ва бошқа соҳалардаги мажбурий меҳнатдан расмий равишда фойдаланиш ҳолларига қарамасдан, ҳисобот даврида ҳукумат томонидан одам савдоси билан боғлиқ бўлган жиноятларда иштирок этган  расмий амалдорларга нисбатан олиб борилган тергов ишлари, айблов ёки суд томонидан жазолаш ҳақида ҳеч қандай  маълумот келтирилмади. Хабарларга кўра, 2016 йилда тўққиз нафар расмий амалдорларга нисбатан мажбурий меҳнат амалиёти учун маъмурий жазо белгиланган бўлса, 2017 йилда бундай жарималар сони 14 нафар расмий амалдорга нисбатан қўлланилди;  вилоят ҳокими томонидан ўқитувчиларни, мактаб ва коллеж ўқувчиларини ҳамда тиббиёт муассасалари ходимларини мажбурий меҳнатга сафарбар қилган юқори мансабдор шахсларга нисбатан  жиноий жазо чораларини қўллаш ҳақидаги ваъдаларига қарамасдан, ҳукумат Андижон вилоятида маъмурий жазо чораларини қўллади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан илк маротаба фаоллар томонидан келтирилган мажбурий меҳнатга оид даъволар бўйича тергов амалиётлари ўтказилди.

ҲИМОЯ

Ҳукумат проституция ва трансмиллий меҳнат савдосининг қурбонларига айланган шахсларни аниқлаш, уларга кўмак бериш ва ҳимоя остига олишга йўналтирилган саъй-ҳаракатларини сусайтирди, пахта йиғим-терими даврида ёки бошқа ички тармоқларда мажбурий меҳнат қурбонларига ёрдам кўрсатиш бўйича чекланган ҳаракатларни амалга оширди.  2017 йилда давлат органлари томонидан одам савдоси билан боғлиқ  жиноятлардан жабр кўрган 440 нафар шахс аниқланди, бу кўрсаткичлар 2016 йилда 714 ва 2015 йилда  924 шахсни ташкил этган эди. Хабарларга кўра, ҳукумат томонидан ёрдам кўрсатилган жабрланувчиларнинг 47 фоизини аёллар, 53 фойизини эса эркаклар ташкил этган. Мазкур жабрланувчиларнинг қанчаси Ўзбекистонда мажбурий эксплуатация қилинганлиги ҳақида ҳукумат маълумот келтирмаган.  Ҳукумат томонидан  хорижий фуқаролар орасида жабрланганлар аниқланмаган, хабарларга кўра, аниқланган жабрланганларнинг аксарият қисмини хорижий мамлакатларда фоҳишабозлик билан шуғулланишга мажбурланганлар ташкил этди. ННТлар ва халқаро ташкилотлар 2017 йил давомида (2016 йилда 327, 2015 йилда эса 774 нафар) 676 нафар одам савдосидан жабр кўрган шахсларни аниқлаб, уларга ёрдам кўрсатдилар (уларнинг аксарият қисми хорижий мамлакатларда мажбурий меҳнатга жалб қилинганларни ташкил этади). Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари  40 нафар жабрланганларга зарур бўлган ҳужжатларни расмийлаштириш орқали ўз ватанларига қайтишларига кўмак берди, бу кўрсаткич 2016 йилдаги 109 нафар жабрланувчилар сонига нисбатан камайган. Улар жабрланганларни Ўзбекистонга қайтишлари учун озиқ-овқат, кийим-кечак ва транспорт билан таъминлаш борасида ТИВ билан ҳамкорликда фаолият олиб бордилар.  Ҳукумат томонидан аҳолининг заиф қатламларидан жабрланганларни фаол аниқлаш ва уларга нисбатан ҳимоя чоралари қўлланиши бўйича стандартлаштирилган жараёни амалга оширилмади, натижада потенциал жабрланувчилар, ҳусусан фоҳишабозликка жалб қилинган шахсларга нисбатан жазо чоралари қўлланиши кузатилди (асосан мамлакат ҳудудидаги одам савдоси натижасида). Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, консулликларнинг расмий вакиллари ва чегарачилар одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаб,  уларни тегишли давлат ёки ННТларга кейинги ёрдам олишлари учун йўналтирган. Ҳукумат томонидан тақдим этиладиган реабилитация ва ҳимоя хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиш учун, жабрланганлар ўзлари яшайдиган жамоадаги давлат органларига жиноий шикоят билан мурожаат қилишлари талаб этилиб, ундан сўнг ТИВнинг маъсул ходимлари шахсга нисбатан тергов ишларини ўтказиш ёки унга расмий жабрланувчи мақоми берилиши ҳақида қарор қабул қиладилар. Натижада, маҳаллий давлат органлари мунтазам равишда  жиноий шикоят қилишни истамаган шахсларни ННТга ёрдам олиш учун йўналтирганлар.

2016 йил давомида, ҳукумат томонидан Тошкент шаҳрида жойлашган одам савдосидан жабрланган  эркаклар, аёллар ва болаларни реабилитация қилиш маркази фаолияти учун тахминан 540 миллион сўм ($67, 250) ажратилди  (2016 йилда бу кўрсаткич 496 миллион сўмни ташкил этган эди (тахминан $61,770)). Ҳукумат томонидан мазкур муассасада 2016 йил давомида ёрдам кўрсатилган 460 жабрланувчи сони билан таққослаш учун  2017 йил давомида кўмак кўрсатилган жабрланувчилар сони ҳақида ҳеч қандай маълумот келтирмаган.  Бу марказ  бошпана, тиббий, психологик, хуқуқий ва иш билан таъминлашда кўмак кўрсатиб келади. Аввалги йилларда, ваколатли органлар жабрланувчилардан уларнинг жиноий ишларида кўмак беришлари мақсадида муассасада қолишларини талаб этган бўлсалар-да, жабрланувчилар марказ ҳудудидан чиқиш имкониятига эга эдилар. Марказ чет эллик қурбонларни ҳам жойлаштириш имкониятига эга, аммо марказ очилганидан буён мазкур муассасага биронта чет эллик фуқаро ёрдам сўраб мурожаат қилмаган. Ҳукумат томонидан маҳаллий нодавлат ташкилотларини жабрланган шахслар учун касбий тайёргарлик бўйича ўқув машғулотларини ташкил этиш ҳамда  тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадларида молиялаштириш билан бирга уларга солиқ имтиёзлари ва давлат ерларидан фойдаланиш имкониятлари яратиб берилди. Мазкур ННТлар жинсий қулликка жалб қилинган шахсларга  хизматлар кўрсатишда жуда муҳим ўрин тутдилар, чунки бу шахслар расмий жиноий шикоят қилишни истамаганликлари учун ваколатли давлат органлари томонидан реабилитация қилиш марказига жойлаштиришда рад этилганлар. Трансмиллий проституция ва одам савдосига жалб қилинган жабрланувчилар чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтганлик учун қонун томонидан жиноий жавобгарликдан озод этилмайдилар.  ННТларнинг хабар беришича, ННТлар томонидан  жабрланганлар одам савдосидан азият чекканлари ҳақидаги далиллар келтирилганидан сўнг давлат органлари томонидан илгари сурилган айбловлар бекор қилинган. ННТлар яна шуни маълум қилдиларки,  ТИВ ходимлари жабрланувчиларнинг шахсий маълумотларини махфийлигини таъминлаш бўйича қонуний талабларга тобора кўпроқ  риоя этаётган бўлсалар-да, жабрланувчининг шахсий маълумотлари суд жараёнида  махфий тутилмайди.  Давлат органлари томонидан жабрланувчиларга ҳуқуқий ҳимоя таъминланмаслик ва аксарият жабрланувчиларнинг бундай ҳимоядан фойдаланиш имкониятлари йўқлиги сабабли, жабрланганлар одам савдоси билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан  фуқаролик даъволарини судга тақдим эта олмайдилар; одам савдоси билан шуғулланувчи шахсдан компенсация ундириш бўйича самарали механизмлар ишлаб чиқилмаган бўлишига қарамасдан,  2017 йилда одам савдосидан жабрланган бир шахс фойдасига суд қарори асосида компенсация ундирилди.

ПРЕВЕНТИВ ЧОРАЛАР

Ҳукумат томонидан превентив чоралар қўлланиши кучайтирилди.  Ҳукумат мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши босим яратишга қаратилган қишлоқ хўжалиги сиёсатига, шу жумладан, пахтакорларнинг иш ҳақини ошириш, фермерлар учун пахта сотиб олиш нархларини ошириш ва  ўқитувчиларни, тиббиёт ходимларини, коллеж ва лицейларнинг талабаларини  сафарбарлик қилмаслик бўйича олинган мажбуриятларни бажариш орқали ўзгартиришлар киритди. 2017 йилги йилги йиғим-терим мавсуми даврида ҳукумат томонидан пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш бўйича жамоатчиликнинг хабардорлигини оширишга қаратилган  тўртинчи умуммиллий кампания ўтказилди.  Халқаро кузатувчилар ва маҳаллий фаоллар, болалар меҳнатидан фойдаланишга оид баъзи чекланган маълумотларга қарамасдан, ҳукумат томонидан болалар меҳнатидан, шу жумладан мажбурий болалар меҳнатидан  тизимли равишда фойдаланиш амалиётларига қарши қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигини эътироф этдилар. Ҳукумат ХМТ билан ҳамкорликда, барча фуқарорларнинг меҳнат ҳуқуқлари бўйича хабардорликларини оширишга қаратилган тадбир ўтказди. Мазкур тадбир доирасида асосий автомагистраллар бўйлаб   400 дан ортиқ баннерлар ўрнатилиб, таълим ва тиббиёт муассасаларида брошюра ва варақалар тарқатилди, йирик теле ва радио тармоқларида ахборот рекламалари намойиш этилди. Шунга қарамай, марказий ҳукумат фермерлар ва маҳаллий давлат вакилларидан давлат томонидан белгиланган пахта етиштириш квоталарини бажаришларини талаб этишни давом эттирди, бу эса катта ёшдаги фуқарорларнинг мажбурий меҳнатга сафарбар қилинишига  олиб келди; ХМТнинг маълумотларига кўра, тахминан 2,6 млн. ишчи кучидан  камида 336 000 нафари мажбурий меҳнатга жалб қилинган. Белгиланган режаларни бажара олмаган деҳқонлар олдида давлат томонидан ижарага берилган ерлардан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотиш хавфи турар эди; ҳисобот даврида бу каби ҳолат содир бўлгани ҳақида камида битта маълумот мавжуд. Гарчи ўқитувчилар,талабалар ва тиббиёт ходимлари дастлаб сафарбар қилинган бўлсалар-да, бу гуруҳлар 2017 йилнинг сентябрь ойида ҳукумат томонидан йиғим-теримнинг дастлабки босқичларида пахта далаларидан чақириб олиндилар. Мазкур гуруҳларни пахта теримидан озод этилиши ҳақидаги кўрсатмаларга барча ҳудудларда тўлақонли риоя этилмай, баъзи давлат сектори ходимлари уйга қайтганларидан сўнг бир неча ҳафта ичида яна пахта далаларига қайтарилганлар.  Кузатувчиларнинг таъкидлашларича, 2017 йилги йиғим-терим мавсумида давлат сектори ходимларининг пахта теримига мажбуран жалб этиш, ёки ўринларига ёлланган ишчилар учун ҳақ тўлаш, мажбурий меҳнат тизимида иштирок этишдан бош тортганликлари учун жаримага тортиш каби ҳолатлар сонининг кескин равишда ўсгани кузатилди. Ҳукумат вакиллари давлат соҳасида меҳнат қилувчи шахслар ва юқори босқич талабаларидан пахта теримида ихтиёрий равишда иштирок этаётганликлари ҳақидаги меҳнат шартномалари ёки баёнотларни имзолашларини талаб қилдилар ёки баъзи ҳолатларда уларни мажбурладилар. Мустақил кузатувчиларнинг маълумотларига кўра, давлат хизматчилари кузатувчиларга ўзларини ишсиз деб таништириш ҳақида кўрсатмалар берилган. Маҳаллий ҳукумат амалдорлари бошчилигидаги «Пахта теримини бошқариш гуруҳлари» ишсиз бўлган ёки пахта даласига чиқмаган шахсларнинг хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг сафарбар қилинишларини назорат қилганлар.

Сўнгги уч йил давомида, ҳукумат ХМТнинг вакилларига пахта йиғим-терими даврида болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш устидан мониторинг олиб боришларига,  XMT вакилларига маҳаллий давлат кузатувчилари ҳамроҳлигида пахта далаларига ташриф буюришга  ҳамда XMTга 2017 йилдаги йиғим-терим мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат кенг қўлланганлигини кўрсатувчи мониторинг натижаларини чоп этишга рухсат берди. Аввалги йиллардан фарқли равишда, ХМТнинг кузатувчиларига  пахтакорлар билан ҳеч қандай тўсиқларсиз суҳбатлашиш имкониятлари яратилди. Аввалги йиллардагидек, давлат расмий вакиллари XMTнинг кузатувчиларига дала мониторинги давомида ҳамроҳлик қилишларига қарамасдан, ҳукумат вакили мониторинг ўтказиш жойига кузатувчилар етиб келгунига қадар ташриф буюришга ҳамда пахтакорлар билан ўтказиладиган суҳбатларни  кузатиш ёки уларда қатнашиш имкониятига эга бўлмаганлар. Ҳукумат расмийларининг вазифаси, асосан, маҳаллий давлат органлари томонидан ХМТ вакилларининг пахта далаларига киришларига тўсқинлик қилинишининг олдини олишдан иборат эди. Ҳукумат меҳнат қонунчилигининг бузилиши бўйича маълумотларни қабул қилишга мўлжалланган тезкор телефон алоқаси ва хабар бериш иловаларини ўз ичига олган пахта йиғим-терими давридаги Қайта Алоқа Механизмини тарғиб қилишни давом эттирди. Бунда 7,3 мингдан ортиқ сўров ва шикоятлар қабул қилиниб,   улардан 121 таси пахта йиғим-терими давридаги меҳнат ҳуқуқлари масалаларига қаратилган эди.  Олинган шикоятларнинг 36 таси мажбурий меҳнат билан боғлиқ бўлган бўлса, саккизта шикоят эса тасдиқланган болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларини аниқлашга кўмак берди. Қайта алоқа механизми орқали олинган маълумотлар натижасида, давлат органлари томонидан пахта терими ишларига мажбуран жалб қилинган 641 нафар шахс аниқланиб, 42 та суд иши очилди, 116 та маъмурий жазо белгиланди  ва 220,5 миллион сўм миқдорида жарима солинди (27,460 АҚШ доллари). Кузатувчилар, баъзи пахта теримига жалб қилинган шахсларнинг  давлат органлари томонидан қўлланиши мумкин бўлган жазо чоралари ёки мониторинг ишларининг самарадорлиги ҳақида ташвишланаётганликларини таъкидлаб,  қайта алоқа қилиш Механизмининг самарадорлигини савол остига қўйдилар. Фаоллар аввалги йилларга нисбатан  жисмоний зўравонлик ёки таъқиб қилиш ҳолатлари камайганлиги хақида хабар берган бўлсалар-да, вақтинча қамоқда сақлаш, кузатиш ва назорат остида ушлаш билан бирга қатор таъқиб қилиш ҳолатлари ҳамон кузатилмоқда. Илк маротаба 2017 йилда давлат органлари фаоллар томонидан аниқланган мажбурий меҳнатга оид ишлар бўйича текширувлар ўтказди, бунинг натижасида маҳаллий мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жазолар белгиланди.  ОАВ илк бор мажбурий меҳнатга жалб қилиш амалиётлари ҳақида хабар берди; мажбурий меҳнат муаммоларини ёритган блоггерлар жазога тортилмаган ёки уларнинг фаолияти цензура назорати остига олинмаган. Қатор давлат оммавий ахборот воситалари расмий мутасадди шахсларнинг давлат хизматчиларини пахта йиғим-теримида иштирок этишга даъват қилаётганини кўрсатувчи аудио ва видео материалларини намойиш этиши натижасида мансабдор шахслар омма олдида шарманда бўлдилар ва бу аҳолининг меҳнат ҳуқуқлари бўйича хабардорлигини оширишга кўмак берди.

Ҳукумат пахта етиштириш учун ажратилган ер майдонларини бир оз қисқартириб, самарали пахта навларини ривожлантириш ва механизациялаш бўйича фермерларнинг малакасини оширишни давом эттириш орқали мамлакатнинг механизациялаш салоҳиятини оширди. Ҳукумат пахта саноатини модернизациялашга қаратилган қатор лойиҳаларни, шу жумладан Жаҳон Банки билан мажбурий меҳнатни қўллашга қарши чораларни ўз ичига олган қишлоқ хўжалиги ислоҳотлари; ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш, меҳнат  ва ижтимоий ҳимоя шароитларини яхшилашга йўналтирилган муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурини тўрт йилга узайтириш бўйича беш йиллик ҳамкорликни давом эттириб, шу билан бирга Халқаро молиявий Корпорация ва хусусий компаниялар билан биргаликда механизациялаш ва пахта етиштириш ишларини амалга ошириш бўйича тажрибавий лойиҳаларни амалга тадбиқ қила бошлади. Бундан ташқари, ҳукумат томонидан пахтакорларнинг иш ҳақларини ҳамда фермерлар учун пахта сотиб олиш нархларини маълум даражада ошириш каби чораларни ўз ичига олган XMTнинг тавсияларини амалиётга тадбиқ қилди.

Ўзбекистон Республикасининг Ташқи миграция масалалари бўйича Агентлиги истиқболли меҳнат мигрантларини жалб қилиш кўламини кенгайтирди ва бу аҳоли орасида одам савдоси хавфини камайтиришга хизмат қилди. Агентлик томонидан кўзланган мамлакатга кетишдан аввал меҳнат ва миграция қонунлари масалалари бўйича дастлабки консультациялар ўтказилди. Ҳукуматнинг маълум қилишича, 34 нафар мигрант ушбу марказ хизматларидан Россияда меҳнат қилиш учун жўнаб кетишдан аввал фойдаланган. Шу билан бирга, 2017 йилда Ўзбекистон ҳукумати Россия, Япония ва Польша билан мазкур мамлакатларда меҳнат қилишни истаган ишчиларни тайёрлаш бўйича марказларни ташкил этиш бўйича шартномалар имзолади. 2017 йилнинг ноябрь ойида Самарқандда Россия Ички ишлар вазирлигининг ваколатхонаси ўз ишини бошлади. ОАВ тарқатган хабарларга кўра, келишувлар натижасида 12 нафар ўзбекистонлик фуқаро Польша мамлакатида иш билан таъминланди.

Миллий ҳукумат органлари мониторинг ташрифларини амалга ошириб, маҳаллий даражадаги комиссияларнинг миллий тармоқлари учун малака ошириш тадбирларини ўтказдилар. Ҳукумат томонидан трансмиллий проституция ва меҳнат савдоси бўйича аҳолининг хабардорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ҳаракатларни амалга ошириб, бунда қатор тадбирлар ўтказиш, босма ахборот воситалари, радио ва телевидение, кўп ҳолатларда эса ННТлар билан ҳамкорлик қилиш ва уларга бевосита кўмак бериш имкониятларидан фойдаланилди. Пахта йиғим-терими бўйича қайта алоқа механизмига қўшимча сифатида, ҳукумат бир қатор ишонч телефон алоқаси тизимларини ҳам йўлга қўйди – улардан бири ҳуқуқий маслаҳатлар беришга йўналтирилган эди; 2017 йил давомида мазкур хизмат ёрдамида миграция ва одам савдоси билан боғлиқ бўлган 125 та талабнома қабул қилинди. ННТлар хорижий донорлар томонидан молиялаштирилган ишонч телефонларини йўлга қўйди. ННТларга 2,879 та телефон қўнғироқлари келиб тушган бўлиб, бу мурожаатлар орасида одам савдоси билан боғлиқ 224 та маълумотномалар ва 712 та репатриация бўйича сўровлар қабул қилинди. Ташкилот одам савдосидан жабрланаганлар томонидан 70 та репатриация бўйича сўровномалар қабул қилиб, жами 205 нафар шахсга ёрдам кўрсатди. Ҳукумат таълим муассасаларини металл чиқиндиларини йиғиш тадбирларига жалб қилиш амалиётини таъқиқлади.  Шу билан бирга, ҳукумат тижорий асосдаги проституция хизматларига бўлган талабни камайтириш бўйича етарлича чораларни амалга оширмади.

ОДАМ САВДОСИ БЎЙИЧА МАЪЛУМОТЛАР

Сўнгги беш йил ичидаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон мажбурий меҳнатга жалб қилинган эркаклар, аёллар ва болалар ҳамда жинсий эксплуатация қилинган аёллар ва болалар учун манба ва  манзил мамлакат ҳисобланади. XMT ва кузатувчиларнинг таъкидлашларича, баъзи соҳаларда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари бўйича тасдиқланмаган хабарлар олинган бўлса-да, болалар меҳнатидан тизимли равишда фойдаланишга барҳам берилди. Кузги пахта йиғим-терими, баҳорги экиш ва  ўташ ишларига катта ёшдаги шахслар, жумладан мактаб ва тиббиёт муассасалари ходимлари давлат томонидан мажбурий равишда жалб қилинганлар. 2017 йилги пахта йиғим-терими даврида 2,6 миллион пахтакорларнинг тахминан 336 минг нафари мажбурий меҳнатга жалб қилинган ишчи кучини ташкил этди. Август ойида эълон қилинган муайян тармоқларни сафарбар қилишни таъқиқловчи буйруғига қарамасдан, ҳукумат биринчи галда 18 ёшгача бўлган шахсларни ҳамда давлат ва тиббиёт тармоқлари ходимларини 2017 йилги пахта йиғим-теримига сафарбар этди.  Ҳукумат 2017 йилнинг сентябрь ойида қабул қилинган таълим ва тиббиёт муассасалари ҳамда университет талабаларини пахта майдонларидан чақириб олиш ҳақидаги ўз қарорини номутаносиб равишда амалга оширди. Халқаро баёнотларда таъкидланишича, пахта теримидан бош тортган, ўзларининг ўринларини босувчи ишчи учун ҳақ тўламаган ёки кундалик пахта териш мажбуриятини бажармаган катта ёшдаги шахслар ижтимоий нафақалардан маҳрум бўлиш, меҳнат шартномасини бекор қилиниши ёки бошқа турдаги таъқибларга юз тутишлари мумкин эди. Қатор кузатувчиларнинг таъкидлашларича, 2017 йилги пахта терими даврида давлат тармоғи ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларининг ўсиши билан бирга, мажбурий меҳнат тизимида қатнашишдан бош тортганлик учун жарима жазолари қўлланилди. Айрим вилоятлардаги хусусий корхоналар, давлат органлари томонидан назорат текширувлари сонининг кўпайтирилиши ва фаолиятларига юқори солиқлар солиниши ҳавфи остида, ўз ходимларини пахта теримига сафарбар қилишга мажбур бўлганлар. 2017 йилги пахта терими ишларида қатнашишдан бош тортган шундай корхоналарнинг ходимлари ишдан бўшатилганликлари ҳақида хабарлар тарқалган. Мустақил кузатувчиларнинг таъкидлашларича, ҳукуматнинг лицей ва университет талабаларини пахта теримига сафарбар қилмаслик бўйича саъй-ҳаракатлари умуман муваффақиятли натижалар кўрсатди.

Ҳукумат томонидан катта ёшдаги аҳоли вакилларини мажбурий меҳнатга жалб қилиниши бошқа соҳаларда ҳам кузатилди. Маҳаллий давлат органлари фермерларни пилла ишлаб чиқаришга мажбур қилганликлари ҳамда маҳаллий ҳокимиятнинг мансабдор шахслар томонидан ўқитувчилар, талабалар (шу жумладан болалар), хусусий корхоналарнинг ходимлари ва бошқалар қурилиш ва пахта теримига боғлиқ бўлмаган бошқа қишлоқ хўжалиги ишларига ҳамда истироҳат боғларини, кўчаларни ва биноларни тозалашга  мажбуран жалб қилинганликлари ҳақида тасдқланмаган хабарлар тарқалган. 2017 йилги йиғим-терим даврида ҳукумат органлари томонидан баҳорги экиш ва кузги йиғим-терим ишларини кузатишга ҳаракат қилган мустақил кузатувчилар қўлга олиниши давом эттирилди, аммо бундай ҳолатларнинг сони аввалги йилларга нисбатан камайиши кузатилиб, таъқиблар ҳақида маълумотлар олинмаган.

Ўзбек аёллари ва болалари Яқин Шарқ, Евроосиё ва Осиё минтақаларида, шунингдек фоҳишахоналарда, клубларда ва шахсий хонадонларда жинсий эксплуатацияга юз тутганлар.  Ўзбекистонлик эркаклар ва камроқ даражада аёллар, Қозоғистон, Россия, Молдова, Туркия ва бошқа Осиё, Яқин Шарқ ва Европа мамалакатларидаги қурилиш, нефть ва газ ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, чакана савдо ва озиқ-овқат соҳаларида мажбурий меҳнатга жалб қилинганлар.