АҚШ Давлат Департаменти 2018 йил «Турли миллат вакиллари учун иммиграцион визалар – DV» (Грин Кард) дастурига рўйхатга олиш даври 2016 йил 4 октябрдан 2016 йил 7 ноябргача жамоат учун очиқ бўлишини эълон қилди.
Ҳар йили АҚШ ҳукумати АҚШга иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган мамлакатлар, шу жумладан Ўзбекистон фуқаролари учун «Турли миллат вакиллари учун иммиграцион визалар – DV» дастури орқали 50000 та доимий яшаш ҳуқуқини берувчи визалар ажратади. Визалар сўнгги беш йил мобайнидаги иммиграция кўрсаткичлари асосида олти минтақавий ҳудуд орасида тақсимланади; бунда иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудларга кўпроқ визалар миқдори белгиланади. Визага мурожаат этувчилар компьютер орқали амалга ошириладиган тасодифий танлов лотереяси ёрдамида сараланади. Шахснинг исми лотереяда танланиши унга иммиграцион визага мурожаат этиш жараёнининг кейинги босқичларини ўтиш имкониятини беради.
Мурожаатчилар DV Дастурида 2016 йил 4 октябрь, cешанба куни, Тошкент вақти билан соат 21:00дан бошлаб рўйхатдан ўтишлари мумкин. Рўйхатга олиш даври 2016 йил 7 ноябрь, душанба куни, Тошкент вақти билан 22:00да тугайди. Барча аризалар электрон равишда рўйхатга олиш даврида https://www.dvlottery.state.gov саҳифаси орқали топширилиши шарт ва DV Лотереясига ариза бериш учун ҳеч қандай ҳақ олинмайди. Барча мурожаатчилар аризаларининг мақомини кейинчалик текшириш учун ариза топшириб бўлганларидан сўнг ўз тасдиқлов варақларини босмадан чиқариб сақлаб қўйишлари шарт. Мурожаат этувчиларга аризаларини топшириш учун рўйхатга олиш даврининг сўнгги ҳафтасигача кутмаслик тавсия этилади. Дунё бўйича талабнинг ўта юқорилиги интернет саҳифаси ишининг секинлашувига олиб келиши мумкин. 2016 йил 7 ноябрь соат 22:00 дан кейин бирорта ҳам ариза қабул қилинмайди.
2017 йил 2 майдан бошлаб, қатнашчилар ўзларининг аризалари рўйхатга олинганини тасдиқловчи варақларидан фойдаланиб, Давлат департаментининг интернет саҳифасида иммиграцион визага мурожаат этиш жараёнининг кейинги босқичларига ўтиш учун танланган ёки танланмаганликлари ҳақидаги маълумотни билиб олишлари мумкин. Мурожаатчиларга ўз тасдиқлов варақларини принтерда чоп этиб олишни ва 2018 йил 30 сентябрга қадар, улар лотереяда ғолиб бўлган ёки бўлмаганликларидан қатъий назар, сақлаб қўйишлари лозимлигини эслатиб ўтамиз.
DV Лотереясининг талабларига жавоб бериш учун мурожаат этувчи ушбу лотереяда қатнашиши мумкин бўлган давлатлардан бири, шу жумладан, Ўзбекистондан бўлиши ва ўрта мактаб даражасига тенг маълумотга эга бўлиши керак. Ариза топшириш ва талабларга жавоб беришга оид қўшимча маълумот АҚШ Давлат департаментининг саҳифасида эълон қилинган «DV-2018 Дастур йўриқномаси»дан олиниши мумкин.
Гарчи кўплаб компаниялар «Турли миллат вакиллари учун иммиграцион визалар» дастурига ариза топшириш бўйича ўз хизматларини таклиф этсалар ҳам, уларнинг хизматларидан фойдаланиш шахснинг лотереяда ғолиб бўлиш эҳтимоллигини ҳеч қайси йўл билан оширмаслигини маълум қиламиз. Баъзи ҳолларда эса, айрим фирмалар ғолиблардан катта миқдорда пул талаб қилишади ёки товламачилик билан шуғулланишади. Шуни ҳам унутмангки, DV Лотереясида ғолиб бўлган шахс АҚШ элчихонаси ёки Консуллик бўлимига ўз виза суҳбати учун келгунига қадар, АҚШ Давлат департаменти мазкур дастур бўйича ҳеч қандай тўловлар олмайди. Дастур қатнашчиларига виза суҳбатига келишдан аввал «Турли миллат вакиллари учун иммиграцион визалар» дастури бўйича тўловлар амалга оширишни сўраб йўлланган ҳар қандай хат ёки эълонлар фирибгарлар иши бўлиб, бундай хат-хабарларга ишонмаслик керак.
АҚШ элчихонаси «Турли миллат вакиллари учун иммиграцион визалар» дастурида қатнашишни истаган барча кишиларга шуни маълум қиладики, Элчихона ва АҚШ Давлат департаменти мазкур лотерея ва унинг талаблари бўйича ягона ваколатли маълумот манбаларидир. 13 октябрь куни, Элчихона DV Лотереясини муҳокама қилиш мақсадида матбуот ходимлари учун тадбир ўтказади. АҚШ элчихонаси YouTubeнинг тармоғи орқали DV дастури ҳақида маълумот берувчи ўзбек тилидаги видео лавҳани омма эътиборига тақдим этди. Бир ой давомида Элчихона DV лоторея дастурига оид маълумотлар ва маслаҳатларни Твитер ва Фейсбук каби ижтимоий тармоқларда чоп этади ҳамда ушбу дастур бўйича веб мулоқот ўтказади. DV 2018 дастури бўйича қўшимча маълумотлар ва омма учун ўтказилиши режалаштирилган тадбирларимиз ҳақида маълумот учун Элчихонанинг манзилида жойлашган Интернет саҳифасига мунтазам ташриф буюриб туришингизни сўраймиз.