УМУМИЙ МАЪЛУМОТ
Ўзбекистон – Президент Шавкат Мирзиёев ва унинг тарафдорлари томонидан бошқариладиган сиёсий тизимга эга бўлган конституциявий республика ҳисобланади. 2016 йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтган президентлик сайловида, собиқ бош вазир Шавкат Мирзиёев 88 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.
Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти бюросининг (EХҲТ / ДИИҲБ) сайловларни баҳолаш бўйича якуний ҳисоботида, «Сайлов кампанияси даврида рақобат кузатилмагани ва сайловчиларга ҳеч қандай муқобил сиёсий танлов ҳуқуқи берилмаганлиги» ва EХҲТ / ДИИҲБ кузатувчилари томонидан «миллий қонунчилик ва EХҲТ талабларига, жумладан ишончли вакил орқали овоз бериш ёки сайлов даврида овоз беришлар жараёнида жиддий қонунбузарликлар қайд этилганлиги» таъкидлаб ўтилган.
Шу билан бирга, ҳисоботда сайловларнинг шаффофлик даражасининг ошганлиги, ногирон сайловчиларга хизмат кўрсатиш яхшиланганлиги ва 500 дан ортиқ халқаро кузатувчиларга сайловларда эркин қатнашиш имкониятлари берилганлиги каби ижобий ўзгаришлар қайд этилди. Парламент сайловлари 2014 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтди. ЕХҲТ миссиясининг кузатувларига кўра, мазкур сайловлар халқаро мажбуриятлар ёки стандартларга зид равишда ўтказилди.
Фуқаролик бошқарув органлари хавфсизликни таъминлаш кучлари устидан самарали назоратни ўрнатган бўлсаларда, хавсизлик хизматлари фуқаролик тизимларига сингиб борди ва улар ўртасидаги муносабатлар шаффоф бўлмаганлиги туфайли, фуқаролик бошқарув органларининг имкониятлари ва чегараларини аниқлаш имкониятларини мушкуллаштирди.
Хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинганларни қийноққа солиш ва камситиш, ҳеч қандай асоссларсиз қамоққа олиш, ташқи дунё билан мулоқотни чеклаш ва узоқ муддат давомида қамоқда сақлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид энг долзарб муаммолар бўлиб қолмоқда эди.
Қамоқхоналардаги мавжуд шароитлар оғир ва баъзида ҳаёт учун ҳавфли эди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳукуматни танқид қилган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига, журналистларга ҳамда уларнинг оила аъзоларига нисбатан жисмоний тазъийқ ўтказиш, сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилиш, ҳибсга олиш каби усулларни қўллар эдилар. Шу қаторда, сўз ва матбуот эркинликларини, жумладан репрессив жазо қонунларини қўллаш орқали чеклаш; йиғилиш, уюшмаларга бирлашишни чеклаш; фуқаролик жамиятидаги чекловлар; диний эркинликларни, жумладан турли ҳилдаги диний эътиқодларга мансуб бўлган тақводорларни қамоққа олишга қаратилган кенг қамровли чоралар; ҳаракат қилиш эркинлиги бўйича чекловлар кенг қўлланилар эди. Фуқаролар эркин, адолатли ва даврий сайловларда ҳукумат аъзоларини сайлаш ҳуқуқига эга эмас эдилар ва коррупция кенг тарқалган ҳолат эди. Одам савдоси, жумладан давлат томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилиш, шунингдек, бир жинсга мансуб шахслар ўртасидаги жинсий муносабатларни жиноятга тенглаштирувчи қонунлар асосида, ЛГБТИ ташкилотига (ноанъанавий жинсий мойиллиги бор шахслар) мансуб шахсларни қамоққа олиш каби инсон ҳуқуқларини поймол қилиниш муаммолари, кун тартибида асосий ўрин тутар эди.
Давлат томонидан мансабдор шахсларни жазолаш камдан-кам ҳолларда аммо оммавий тарзда амалга оширилар эди, ва бунда коррупцияда айбланган мансабдорлар кўпинча жазосиз қолар эдилар.
1-бўлим. Шахс даҳлсизлигини, жумладан эркинлигини қуйидаги ҳолатарда хурмат қилиш:
a. Шахсни асоссиз равишда ҳаётдан маҳрум этиш ва бошқа ноқонуний ёки сиёсий сабаблар асосида ўлдириш.
Давлат ёки унинг органлари томонидан, асоссиз ёки ноқонуний, жумладан қийноқларни қўллаш орқали содир этилган қотилликлар ҳақида кўрсатмалар олинган.
Июль ойида, Human Rights Watch (HRW) ташкилоти, 2014 йилда сиёсий айбловлар асосида давлат органлари томонидан қамоққа олинган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва мухолифат партиясининг аъзоси Нуриддин Жуманиёзовнинг қамоққа олиниши ва ўлими сабабларини текширишга чақирди. HRW ташкилоти ва журналистнинг адвокати Полина Браунергнинг таъкидлашларича, унинг судланиши ва қамоққа олиниши қатор процессуал қонунларни бузилиши билан амалга оширилган. HRW билан бўлган суҳбатда, Браунерг Жуманиёзовнинг қийноққа солинганлиги ва 2014 йилнинг октябридан буён у билан мулоқот қилиш таъқиқлаб қўйилганлигини айтиб ўтди. Жуманиёзов ва унинг адвокати, унинг соғлиғи учун зарур бўлган дори-дармонларни қабул қилишга рухсат беришлари учун судларга мурожат қилганлар. 2015 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси, давлат органларини Жуманиёзовга тегишли бўлган маълумотларни эълон қилишга чақирди, аммо нодавлат ташкилотлари (ННТлар) ҳукумат вакилларидан бу борада ҳеч қандай жавоб олмадилар. Февраль ойида, расмий шахслар Браунергнинг Жуманиёзов билан қамоқхона касалхонасида учрашиши мумкинлиги ҳақида хабар бердилар, аммо унинг ўлими ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмади. Жуманиёзов, 2016 йилнинг 31 декабрида сил ва диабет касалликлари билан боғлиқ муамоллар сабабли қамоқда ҳаётдан кўз юмди. Январь ойида, Asiaterra.info мустақил электрон сайти, тадбиркор Муродилла Омонов Сурхандарё вилояти Жарқўрғон туманида қонуний асосларсиз қўлга олингани ва Жарқўрғон туманидаги милиция бўлимига олиб кетилганидан сўнг вафот этгани ҳақида хабар тарқатди. Омоновнинг оила аъзолари, унинг жасадини эксгумация қилишни талаб қилдилар ва тиббий кўрик натижалари, расмий тиббий хужжатларда кўрсатилган ўлим сабаби – юрак ҳуружига зид келувчи жисмоний таъзийқ белгилари борлигини исботлаб берди. Кейинчалик, ўлим сабаби милиция томонидан ўз жонига қасд қилиш билан алмаштирилди. 20 октябрда, унинг оила аъзолари Бош прокуратура бошқармасидан мазкур иш махсус тергов гуруҳи томонидан кўриб чиқилганлиги ва расмий баёнотда кўрсатилган ўлим сабаби, яъни ўз жонига қасд қилиш тасдиқланганлиги ҳақида расмий хат олдилар.
b. Ғойиб бўлиш
Давлат органлари томонидан ёки унинг номидан сиёсий сабабларга кўра амалга оширилган узоқ муддатли қамоқда сақлаш ҳолатлари кузатилмаган.
2017 йилги ҳисоботида, Женевада жойлашган Мажбурий ёки беихтиёрий ғойиб бўлишлар бўйича БМТнинг ишчи гуруҳи, сўнгги йиллар давомида шундай воқеалар билан боғлиқ бўлган ва тергов ишлари якунланмаган еттита ишлар мавжудлиги ҳақида маълумот берди. Ишчи гуруҳнинг маълумотларига кўра, гуруҳнинг мамлакатга ташриф буюриш бўйича берган сўровномаси, давлат томонидан жавобсиз қолдирилди.
c. Қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазолар
Бундай амалиётлар конституция ва қонунчилик томонидан таъқиқланган бўлсада, ҳуқуқ-тартибот органлари ва хавфсизлик хизмати ходимлари кўрсатмалар, айблов маълумотларини олиш ёки коррупцион манфаатдорлик мақсадларида, махбусларга нисбатан мунтазам равишда жисмоний куч ва бошқа таъзийқ ўтказиш усулларини қўллаб келганлар. Манбаларнинг хабарларига кўра, диний ёки экстремистик айбловлар билан ҳибсга олинган ёки ушлаб турилган шахсларга нисбатан қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазолар қамоқхоналарда, судгача сақлаш муассасаларида ва маҳаллий ва хавфсизлик хизмати бўлимларида кенг қўлланиб келинган. Хабар қилинган куч ишлатиш усуллари шафқатсиз калтаклаш, оч ҳолатда ушлаш, хожатхонадан фойдаланишни тақиқлаш ва қўлларни боғлаш каби ҳаракатларни ўз ичига олар эди. Бундан ташқари, расмий давлат органлари томонидан ҳибсга олинганларга нисбатан руҳий босим ўтказиш, жумладан уларнинг оила аъзоларига таҳдид ва шантаж усуллари мунтазам равишда қўлланганлиги ҳақида хабарлар олинган. Диний гуруҳлар аъзоларининг фикрига кўра, давлат тасдиқлаган расмий дин доирасидан ташқарисида фаолият юритадиган бошқа диний жамоалар аъзоларига, жумладан мусулмонлар, протестантлар ва Иегов гувоҳларига нисбатан қийноқ ва жазо чоралари мунтазам қўлланиб келинган.
2010 йилда, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси, Жиноят кодексида акс эттирилган жазолар мамлакат аъзо бўлган Қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр қимматини камситувчи муносабат ёки жазога қарши Конвенция талабларига мос келмаслиги бўйича ташвиш билдирди. Март ойида, қийноқларни қўллашни таъқиқлаш бўйича янги қонун қабул қилинди. Милицияга оид Қонуннинг 8-моддасида айтилишича, «ички ишлар ходимлари томонидан қийноқлар, зўравонлик ёки бошқа шафқатсиз ҳамда қадр-қимматни камситувчи воситаларни қўлланиши тақиқланади. Ички ишлар ходимлари фуқароларга оғриқ, жисмоний ва маънавий азоб-уқубатларни келтириши мумкин бўлган қасддан қилинадиган ҳаракатларнинг олдини олишлари шарт». Сўнгги йиллар давомида, ҳукумат қамоқхона тизимини мониторинг қилишда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қила бошлади. Сентябрь ойида, ЮНИСЕФ вояга етмаган ҳуқуқбузар болалар сақланадиган қамоқхонага ташриф буюрган бўлса, Октябрь ойида эса, БМТнинг диний эътиқод эркинлиги бўйича махсус вакили мамлакатга 11 кунлик ташрифи чоғида, юқори даражада қўриқланадиган Жаслиқ қамоқхонасига ташриф буюрди.
26 Май куни, Ўзбекистонда фаолият олиб борувчи мустақил инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаоллари ташаббус гуруҳининг хабар беришича, қуйидаги 11 нафар шахс – Рашан Мирзаев, Дилшод Комилов, Абдурашид Рашидов, Хусниддин Инагамов, Собиржон Хасанов, Баҳодир Содиқов, Афзалжон Ўринов, Равшан Содиқов, Даврон Файзиев, Латип Юсупов ва Хусниддин Ризаев Тошкент шахар жиноий ишлари бўйича суди томонидан давлатни тўнтариш ҳаракатларида айбландилар. Суд тергов жараёнида, Ризаев ва бошқалар Миллий Хавфсизлик Хизмати (MXX) ходимлари, сохта кўрсатмаларни олиш мақсадида Ризаевга нисбатан турмуш ўртоғини жинсий зўрлаш таҳдидлари билан бирга, бошқа қийноқларни ҳам қўллаганликлари хақида хабар бердилар.
Қамоқхона ва вақтинчалик ушлаб туриш марказларидаги ҳолат
Қамоқхоналардаги шароитлар ёмон озиқ-овқат таъминоти, маҳбуслар сонининг ҳаддан ташқари кўплиги, жисмоний камситиш ва талабга жавоб бермайдиган санитария ва тиббий ёрдам хизматлари туфайли оғир ва баъзи ҳолатларда ҳаёт учун хавфли эди.
Жисмоний ҳолатлар: инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг маълумотлариган кўра, баъзи аҳлоқ тузатиш муассасаларида конституцион тузумни ағдаришга уринишда айбланган маҳбуслар махсус камераларда сақланганлар.
Қамоқхоналардаги ёмон озиқ-овқат таъминоти, махбуслар сонининг ҳаддан ташқари кўплиги, жисмоний камситиш ва талабга жавоб бермайдиган санитария ва тиббий ёрдам хизматлари бўйича маълумотлар кенг тарқалган эди. Маҳбуслар одатда ичимлик суви ва озиқ- овқат билан таъминланган бўлсаларда, бироқ уларнинг сифати талабга умуман жавоб бермас эди. Шамоллатиш тизимисиз камераларда, қишда 0 даражадан паст ҳароратда ёки ёзнинг жазирама иссиғида ушланган сиёсий махбуслар хақида маълумотлар мавжуд эди; қамоқхона бинолари кўп ҳолларда ҳавони тозалаш ёки иситиш тизимлари билан жихозланмаган эди. Маҳбусларнинг оила аъзолари ҳам, маҳбусларга мўлжалланган озиқ-овқат ва дори-дармонларни етказиб бериш маъмурият томонидан тўхтатилган ёки кечиктирилган ҳолатлар ҳақида хабарлар беришган. Аввалги йиллардан фарқли ўлароқ, маҳбусларнинг оила аъзолари ҳеч қандай жинсий зўравонлик ҳолатлари бўйича шикоятлар қилинмаган. Сиёсий маҳбуслар озодликка чиқарилгач, улар HRW ва бошқа ташкилотларга қамоқхонада уларга нисбатан жисмоний куч ва қийноқлар қўлланганлиги ҳақида хабар берганлар. Қамоқхона маъмурияти ходимлари, қамоқхоналарда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сил касаллиги (TB) ва ОИВ / ОИТСни даволаш ва олдини олишга қаратилган дастурларни амалга оширишга эътибор қарата бошладилар. Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш бўйича марказининг мутахассислари, пенитенциар тизимда сил касаллигидан оғриш даражаси ҳамон юқори эканлигини қайд этдилар. Ҳукуматнинг, касалланиш даражасини камайтириш бўйича сайи-ҳаракатларининг даволаш режаларига мувофиқ амалга оширилмаганлиги, самарасиз натижалар келтирди. Расмий баёнотларга кўра, гепатит касаллиги билан оғриш кўрсаткичлари паспйиб, гепатит касаллигидан азият чеккан беморлар мавжуд бўлган тиббий муассасаларда махсус дастур асосида тиббий кўрикдан ўтказилмоқдалар. Бу каби тиббий хизматларнинг мавжудлигини, қамоқхоналарнинг шаффоф бўлмагани сабабли, мустақил равишда аниқлаш имконияти мавжуд эмас.
Маъмурият: Маҳбуслар бўйича тегишли хужжатларни расмийлаштириш ҳақида етарли маълумотлар мавжуд эмас эди. Ваколатли органлар томонидан, муайян ҳолатлардагина айбланувчиларга нисбатан кафиллик асосида озодликка чиқариш, уй қамоғи ва ахлоқ тузатиш ишлари каби жиноий жазоларга муқобил вариант сифатида, маъмурий жазолар қўлланилди. Шу билан бирга, жиноят кодексида қайд этилишига кўра, айбланувчи барча жарималарни тўлиқ равишда тўлаган ҳолатларда, суд томонидан унга нисбатан жазо тайинланмайди. Кўрилаётган иш сиёсий аҳамиятга эга бўлмаган ҳолатларда, ҳукумат мазкур талабларга риоя этиши кузатилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман ва Бош прокуратура бошқармаси, маҳбусларнинг шикоятларини кўриб чиқиш ҳуқуқига эга. Омбудсман, муайян маҳбусларнинг жазо муддатларини қайта кўриб чиқилиши бўйича тавсиялар бериши мумкин. Қамоқхонадаги ёки озодликка чиққан маҳбусларнинг оила аъзоларининг таъкидлашларича, Омбудсманга тақдим этилган мурожаатлар жавобсиз қолган ёки Омбудсман томонидан текширилмасдан, дастлабки қарор қабул қилган судга қайта кўриб чиқиш учун юборилган.
Қамоқхона маъмурияти, маҳбусларнинг оила аъзоларига йилига тўрт мартагача, тўрт соат вақт давомида маҳбусни зиёрат қилишга рухсат беради. Диний ёки экстремистик жиноятлар бўйича қамоққа олинган маҳбусларнинг оила аъзоларига эса, бундай ташрифлар кўп ҳолларда таъқиқланади. Шу билан бирга, қамоқхона турига кўра, йилига икки – тўрт маротаба, бир кундан уч кунгача бўлган узоқроқ муддатли ташрифлар, ҳамда тунаб қолишга ҳам рухсат берилди. Сиёсий махбусларнинг кўрсатмаларига кўра, маъмурият томонидан ташрифлар кўпинча сабабсиз равишда кечиктирилар ёки сезиларли даражада қисқартирилар эди. Бошқа маҳбусларнинг оила аъзолари, бундай ташрифлар кўпинча мансабдор шахсларга пора беришга боғлиқ эканлигини таъкидлашар эди. Ҳукумат вакилларининг сўзларига кўра, маҳбусларга диний эркинликлар берилган, бироқ маҳбуслар, қамоқхона тартибига зид бўлган диний удумларни бажариш имконияти берилмаслиги ҳақида ўз оила аъзоларига шикоят қилганлар. Бу маросимлар ичига, анъанавий бомдод намозлари ҳам кирган. Маъмурият томонидан рамазон каби диний удумларга риоя этиш ва рўза тутиш таъқиқланган. Баъзи қамоқхона кутубхоналарида муқаддас Қуръон ва Инжил китоблари сақланишига қарамасдан, маҳбусларга диний материаллардан фойдаланишга рухсат берилмаслиги бўйича шикоятлар олинган.
Расмий тартиб – қоидаларга кўра, маҳбуслар «диний маросимларда ва никоҳ каби оилавий маросимларда қатнашиш ҳуқуқига эгалар». «Яқин қариндошлар» ҳам қамоқхона маъмуриятидан, оила аъзоларининг саломатлиги ва интизом ҳисоботлари бўйича оғзаки ёки ёзма маълумот олиш ҳуқуқига эга. Маҳбусларнинг яқинлари, давлат органлари томонидан маҳбусга тегишли бўлган тиббий ёки қамоқхона хужжатларида акс эттирилган маълумотларни, чекланган даражада ёки умуман тақдим этилмаганлиги ҳақида маълумот бердилар.
Маҳбусларнинг оила аъзолари ва ННТларнинг таъкидлашларича, жавобгар давлат органлари айрим ҳолатларда маҳбусларни, ҳусусан «диний экстремиз»да айбланган шахсларни қамоқ муддати ўтаб бўлинганида ҳам озод этишга шошилмаганлар. Қамоқхона маъмурияти, одатда маҳбусларни қўшимча жиноятларда ёки қамоқхонанинг ички тартибини бузганликда айблаб, ёки уларнинг жамиятга хавф туғдиришини даъво қилиш орқали асоссиз қамоқ муддатини узайтирар эди.
Мустақил мониторинг: Мустақил кузатувчиларга, пенитенциар тизимнинг айрим қисмларига, ҳусусан судгача қамоқда сақлаш камераларига, вояга етмаганлар ва аёллар қамоқхоналарига,
ҳамда қамоқхона муассасаларига ташриф буюриш учун чегараланган рухсат берилган. 15 – 19 Сентябрда, ЮНИСЕФ вакиллари Бош прокуратура бошқармаси билан биргаликда, вояга етмаган ҳуқуқбузар болалар қамоқхонаси (вояга етмаганлар колонияси) ва иккита ахлоқ тузатиш ўқув муассасаларига ташриф буюрдилар. Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси, 2013 йилдан буён маҳбуслар ҳолати бўйича маълумотлар бермади. Октябрь ойида, БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус вакили Ахмад Ахмад Шохид, юқори даражада қўриқланадиган «Жаслиқ» қамоқхонасига ташриф буюрди.
d. Ассосиз қамаш ёки ҳибсга олиш
Конституцияга кўра асоссиз қамаш ёки ҳибсга олиш таъқиқлансада, бу каби амалиётлар давлат органлари томонидан ҳамон қўлланмоқда. Йил давомида, қатор таниқли сиёсий маҳбуслар озодликка чиқарилди. Шунга қарамай, сиёсий сабаблар бўйича асоссиз ҳибсга олишлар давом этди.
Милиция органлари ва Хавсизлик хизматининг тутган ўрни
Жиноий фаолиятларни текшириш учун, давлат томонидан учта алоҳида органга ҳуқуқ берилган. Ички ишлар вазирлиги қонунни кафолатлаш, тартибни сақлаш ва умумий жиноятларни текшириш учун маъсул саналган ҳуқуқ тарибот органларини назорат қилади. Бош прокуратура бошқармаси қотиллик, шунингдек, мансабдор шахслар ўртасида коррупция ҳолатлари ва мансабни суистеъмол қилиш каби жиноятларни текширади. Бевосита Президентга бўйсинадиган МХХ миллий хавфсизлик ва разведка ходимлари терроризм, коррупция, уюшган жиноятчилик, чегара назорати ва гиёҳванд моддалари билан боғлиқ муаммолар билан шуғулланади. Ваколатлар тўқнаш келган ҳолатларда, агентликлар ўзаро келишган ҳолда ҳаракат қиладилар.
Ички ишлар вазирлигига, инсон ҳуқуқларини суистеъмол қилишда айбланган ходимларни жавобгарликка жалб қилиш вазифаси юклатилган. Амалда, бу каби ҳолатлар ҳали замон кузатилмади. Парламент билан ҳамкорликда фаолият олиб борувчи инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман ишларни кўриб чиқиш ҳуқуқига эга бўлсада, аммо унинг якуний қарорлари амалий вакотлатга эга эмас.
Қўлга олиш тартиблари ва ҳибсга олинганларга муносабат
Қонунга биноан, судья айбланувчиларни ёки гумонланувчиларни ҳибсга олиш бўйича қарорларни кўриб чиқиши шарт. Кўп ҳолларда, судьялар қўлга олиш ҳақидаги буйруқларни ўзлари берганлар. Айбланувчилар қўлга олинган даврдан бошлаб, адвокат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эгалар. Ҳусусий маслаҳатчи ёллашга имкони йўқлар учун, давлат томонидан адвокат тайинланади. Давлат расмийлари доимо ҳам ҳимояга бўлган ҳуқуқни ҳурмат қилмайдилар ва баъзи ҳолларда судланувчиларга ушбу ҳуқуқдан воз кечиш ҳақидаги расмий баёнотномаларга мажбурий равишда имзо чектирганлар. Адвокатларнинг давлат органлари томониадан қўрқитилиши ва уларга нибатан босим ўтказилиши, сиёсий маҳбусларнинг ҳуқуқий ҳимояга нисбатан ишончсизлигини оширди. Қонунчилик томониидан уй қамоғида ушлаб туришни судгача сақлаш чораларидан бири сифатида қўлланишига ҳуқуқ берилди.
Қонунга кўра, айбланувчиларни судгача уларга нисбатан қўлланиши мумкин бўлган чоралар ҳақида хабардор қилиш талаб этилади. Ҳибсга олган давлат органи, айбланувчининг қариндошларига ҳабар бериши ва 24 соат ичида сўроқни амалга ошириши талаб этилади. Айбланувчиларнинг қўлга олинганлиги ҳақида уларнинг яқинлари ёки адвокатларига хабар беришдан аввал, давлат органлари вакиллари кўрсатмалар олиш мақсадида уларга нисбатан қийноқ чораларини қўллаганлар.
Айбланувчилар сукут сақлаш ва адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Расмий айбловларсиз қамоқда ушлаш вақти 48 соат билан чегараланган, аммо прокурор қўшимча 48 соат талаб қилиши мумкин бўлиб, ундан сўнг айбланувчига айб қўйилиши ёки озод қилиниши кўзда тутилади. Хуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашларича, расмий вакиллар одатда, айбланувчиларни расман белгиланган қамоқда ушлаш муддатидан кўра узоқроқ сақлашган. Расмий айбловлар эълон қилингач, прокурор айбланувчига нисбатан кафиллик остида озод қилиш (маълум бир шахс ёки ташкилот жавобгарлиги остида), судгача сақлаш муассасасида қолдириш ёки уй қамоғи чораларини тайинлаш бўйича қарор қабул қилади. Ҳибсга олиш ҳақида қарор қилган судья, суд тергов жараёнида судьялар таркибиги киритилиши мумкин.
Қонунга кўра, судгача сақлаш муассасаларининг маъмурияти маҳбуснинг талабига биноан, айбланувчи ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман вакили билан учрашув ташкил этиши шарт. Расмий давлат вакиллари томонидан қамоқхоналардаги маҳбусларга, Омбудсман ва Бош прокуратура бошқармасига махфий шикоятлар тақдим этиш рухсат берилган. Расмий вакиллар томонидан айблов қўйилганидан сўнг, айбланувчилар суд-тергов даврида уч ойгача бўлган муддат давомида қамоқда сақланишлари мумкин. Қонунга кўра, тергов муддати прокурорнинг талабига кўра, тегишли суд қарори асосида бир йилгача бўлган муддатга узайтирилиши мумкин бўлиб, шу билан бирга, айбланувчи судгача кафиллик асосида озодликка ҳам чиқарилиши мумкин. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрига кўра, давлат органлари мазкур ҳуқуқий жараёнларни эътиборсиз қолдирадилар. Жиноятда айбланиб ҳибсга олинган шахслар, «намунали хулқ» талабларига риоя этишлари ва суд мажлисида қатнашиш шарти билан, кафилликсиз судгача озод этилишлари мумкин.
Қонунга кўра, барча адвокатлар тўлиқ қайта аттестациядан ўтишлари талаб этилади. Сўнгги йиллар давомида, қайта аттестациялаш ёки Адлия вазирлиги назорати остидаги адвокатлар уюшмаси томонидан касб этикасини бузишдаги айбловлар асосида, ҳуқуқ химоячилари ва мустақил журналистларни ҳимоя қилган таниқли ва тажрибали адвокатлар ўз лицензияларидан маҳрум этилдилар. Натижада, қатор фаол фуқаролар ва судланувчилар ҳуқуқий ҳимояланишда муаммоларга дуч келдилар. Журналист Бобомурод Абдуллаев 27 Сентябрь куни қўлга олиниб, оиласи билан боғланиш ҳуқуқисиз тўрт кун давомида қамода сақланган; ҳибсга олинганидан олти ҳафта ўтгач, яъни 13 Октябрга қадар, Абдуллаевнинг ҳуқуқий ҳимоядан фойдаланиш бўйича талаби рад этилган. Мазкур ишни кузатиб борган ҳуқуқ ҳимоячиларининг хабарларига кўра, бундай кечиктириш қисман, адвокатларнинг ишни қайта кўриб чиқишларига қарши расмий босим ўтказиш мақсадида амалга оширилган. Бундай кечикиш ҳолати, терговчилар томонидан айбланувчининг оила-аъзоларига ҳуқуқий химоя хизматларидан фойдаланмаслик ёки оммавий матбуот воситаларига мурожаат қилмасликлари мақсадида босим ўтказиш сабабли юзага келди.
Лицензиядан маҳрум этилган адвокатлар, жиноий ёки фуқаролик ишлари бўйича суд мажлисларида айбланувчининг манфаатларини ҳимоя қила олмасаларда, суд жараёнида қатнашиши учун рўйхатга олинган ташкилотларнинг аъзоси бўлган адвокатларга, суд томонидан бундай ҳуқуқ берилиши мумкин.
Асоссиз равишда ҳибсга олиш: Фуқаролар экстремистик ғояларга берилиш ёки шундай фаолият билан шуғуланиш ва таъқиқланган, аммо аввал расмий рўйхатдан ўтган диний гуруҳларда иштирок этиш каби, асоссиз айбловлар билан қамоққа олиниши Давлат органлари томонидан давом эттирилди. Маҳаллий инсон ҳуқуқларини химоя қилиш фаолларининг билдиришларича, расмий рўйхатдан ўтган ва таъқиқланган диний гуруҳга мансуб шахсларнинг оила – аъзолари ва яқин кишилари, милиция ва ҳавсизлик хизмати ходимлари томонидан тез-тез қўлга олинган ва уларга нисбатан қўпол муомала қилинган. Бундай вазиятларда, мажбурий кўрсатмалар бериш ва айбга иқрор бўлиш оддий ҳолат эди.
Июнь ойидан бошлаб, диний жиноятлар ёки расмий тузумга қарши содир этилган жиноятларда айбланган шахслар ҳақида маълумотлар киритилган қора рўйхатдан фойдаланиш амалиётидан, секин асталик билан кеча бошланди. Бундай рўйхатга киритилган шахсларнинг доимий равишда милиция маҳкамасига ташриф буюришлари талаб этилиб, уларга паспорт олиш ва чет элга чиқиш имкониятлари чегараланган бўлиб, баъзи ҳолларда, мобил телефондан фойдаланишлари таъқиқланиши ҳам мумкин эди. ННТларнинг маълумотларига кўра, шахслар давлат органлари томонидан жамиятга қайтишга ҳақли деб топилганларидан сўнг, қора рўйхатдан чиқарилишлари кўзда тутилган. Маълумотларга кўра, Мухаммад Бекжонов ва Хайрулла Хамидов каби таниқли собиқ маҳбуслар ва журналистлар, мазкур қора рўйхатдан чиқарилганлар.
Судгача ҳибсда сақлаш: Прокурорлар одатда, жиноий процедураларнинг кўп жиҳатларига, ҳусусан судгача ҳибсда сақлаш чораларини амалиётда қўллашга эътибор қаратишлари талаб этилади. Амалда эса, қонун тарафидан ҳуқуқ берилишига қарамасдан, маҳбусларга судгача ҳибсга олиниш муддатлари ёки унинг қонунийлиги бўйича судга шикоят қилиш имкониятлари берилмайди. Ҳатто давлат органлари томонидан айблов қўйилмаган тақдирда ҳам, милиция ва прокуратура ходимлари шахсларни айблов қўймасдан ҳибсда сақлаш бўйича белгиланган расмий муддатларни узайтириш мақсадида, айбланувчиларни гувоҳ сифатида ушлаб туришга интилишади. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимлари расмий айбловларсиз бир ойдан уч ойгача бўлган судгача сақлаш чораларини қўллаган ҳолатларига гувоҳ бўлишган. Давлат органлари томонидан, судгача ҳибсда сақлаш муассасаларидаги маҳбуслар сони бўйича ҳеч қандай маълумот берилмаган.
Маҳбусларнинг ҳибсга олиниш бўйича суд органларига шикоят қилиш ҳуқуқлари: Қонунга кўра, маҳбуслар ёки собиқ маҳбусларнинг ҳибсга олинишлари бўйича суд органларига шикоят билан мурожаат этиш ҳуқуқлари белгиланган. Айбланувчининг талабига биноан, шикоятлар оммавий равишда кўриб чиқилиши мумкин. Янги далиллар кам ҳоллардагина эътиборга олинади. Кассация судлари кўп ҳолатларда бошланғич хужжатларга таяниб, айбланувчилардан расмий протоколда қайд этиш мақсадида айбдор ёки айбсиз эканликларини таън олишларини сўрайди. Камдан-кам ҳолатлардагина, дастлабки қарор суд органлари томонидан бекор қилинади.
Амнистия қилиш: Ҳар йили, диний экстремизм ёки сиёсий сабаблар асосида қамоққа олинган шахслар, давлат томонидан амнистия қилиниб, озодликка чиқариладилар.
Масалан, Февраль ойида, мухолифат ҳаракатига тегишли Эрк газетасининг собиқ мухаррири Мухаммад Бекжонов, 18 йиллик қамоқ жазосини ўтаб бўлганидан сўнг озодликка чиқарилди. Бундан ташқари, Февраль ойида сиёсатчи ва мухолифатчи Рустам Усмонов, 19 йилдан сўнг озодликка чиқарилди. Март ойида эса, мустақил журналист (вафот этган президент Каримовнинг жияни) Жамшид Каримов асоссиз айбловлар билан панжара ортида 10 йил сақланганидан сўнг, озод этилди. Август ойида эса, Мудофаа вазирлигининг халқаро ҳамкорлик бўйича бўлимининг бошлиғи Эркин Мусаев, 10 йиллик қамоқ жазосидан сўнг озод этилди.
Октябрь ойида, давлат томонидан беш нафар сиёсий маҳбуслар озод этилган. 3 ва 4 Октябрда, 11 йиллик қамоқ жазосидан сўнг, сиёсатчи Агзам Фармонов ва 7 йиллик тутқинликдан сўнг Солижон Абдурахмонов озодликка чиқдилар. 7 Октябрда, мухолифатчи ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Агзам Турғунов 9 йиллик қамоқ жазосини ўтаб, озодликка чиқарилди. Кейинроқ эса, 16 ва 18 Октябрида, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ғанижон Маматхонов ва Мухаммадали Қорабоевлар, 11 йиллик қамоқ жазосидан сўнг озодликка чиқдилар.
e. Адолатли очиқ судловни рад этиш
Конституция суд органларининг мустақиллигини кафолатлайди; шу билан бирга, баъзи ҳолатларда суд тизимининг мустақиллиги ва ҳолислиги шубҳа туғдирди. Конституция суд органларининг мустақиллигини кафолатлашига қарамасдан, суд органлари кўп ҳолларда Прокуратура ёки ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари фойдасига қарор қабул қилиб келган.
Судьялар беш йиллик муддатга қайта сайланиш ҳуқуқи билан, Президент томонидан сайланадилар. Олий Суд судьяларини ишдан олиш парламент томонидан тасдиқланиши талаб этилсада, аслида бу жараён давлат рахбарининг талаби асосида амалга оширилади.
Суд жараёни
Жиноят кодексида, айбсизлик презумпцияси аниқ кўрсатиб ўтилган. Суд мажлисларининг кўпчилиги шаффоф ҳолда ўтказилган бўлсада, баъзи ҳолларда, суд мажлислари ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди. Ёпиқ судлар, давлат сирига тегишли бўлган ишларда, ёки жабрланганлар ва гувоҳларни ҳимоя қилиш каби истисно ҳолатлардагина, ёпиқ суд ўтказишлари мумкин. Одатда, халқаро кузатувчилар Олий Суднинг ёки суд раисларининг ёзма рухсатисиз суд жараёнларида иштирок этишларига рухсат берилсада, амалда судьялар ёки бошқа мансабдор шахслар, ҳатто фуқаролик суд жараёнларини ҳам кузатувчилар учун ёпиқ тарзда кўриб чиқадилар. Суд органлари, суд мажлисларининг бошланиш санасини бир ёки икки кун аввал эълон қилиб, суд жараёнларини кўп ҳолларда бошқа кунга қолдирадилар.
Ишчи жамоалари қўмиталари ёки маҳалла қўмиталари томонидан сайланган профессионал судья ва икки нафар жамоатчилик маслахатчиларидан иборат бўлган суд гуруҳи, одатда суд жараёнига бошчилик қилади. Кузатувчи маслахатчилар, суда жараёнида одатда фаол қатнашмайдилар, профессионал судья эса кўп ҳолларда прокурорнинг процессуал қарорлари ва ҳукмлари бўйича тавсияларини маъқуллайди.
Айбланувчилар суд мажлисларида қатнашиш, гувоҳларнинг кўрсатмаларига ва тергов далилларга қарши чиқиш ҳуқуқига эга бўлсаларда, судьялар қўшимча гувоҳларни чақириш ёки судланувчини ёқловчи далилларни расмий хужжатларга бириктириш бўйича адвокатларнинг талабларини эътиборсиз қолдирадилар. Суд мажлисларида кўрилган жиноий ишлар бўйича чиқарилган қарорларнинг асосий қисми, айблов ҳукмларини ташкил қилади. Айбланувчилар ҳуқуқий ҳимояга ҳақли бўлсаларда, қатор инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар адвокат ёллашда қатор муаммоларга учрадилар. Талаб этилган ҳолларда, судланувчилар давлат адвокатлари ва таржимонлар хизмати билан бепул таъминландилар. Ишончли маълумотарга кўра, давлат томонидан тайинланган адвокатлар давлат органлари кўрсатиши мумкин бўлган босимдан қўрқиб, доимий равишда, ҳимоя қилишлари керак бўлган мижознинг эмас, балки давлатнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда фаолият юритганлар.
Қонунга мувофиқ, прокурор суд органидан қамоққа олишга ордер сўраб мурожаат этиши талаб этилади ва суд органлари жуда кам ҳолларда бундай мурожаатни рад этадилар. Ҳибсга олиш ордери прокуроларга қуйидаги кенг ваколатларни беради: терговни бошқариш, жиноий ишларни тайёрлаш, судьяларга жазо чораларини тавсия этиш ва суд қарорлари ва ҳатто жазо чоралари бўйича аппеляция бериш. Расмий айбловлар қўйилганидан сўнг, прокурор судланувчига нисбатан кафиллик асосида озод этиш, судгача сақлаш муассасасида қолиш ёки уй қамоқ жазосини қўллаш бўйича қарор қабул қилади. Жиноий кодекс томонидан айбсизлик презумпцияси кўзда тутилсада, прокурорнинг тавсиялари кўпроқ эътиборга олинади. Судьянинг қарори прокурорнинг тавсиялари билан тўқнаш келган вақтда, прокурор олий суд органларига шикоят билан мурожаат этишга ҳақли. Одатда судьялар ўз қарорларини жисмоний таъзийқ, таҳдид ёки бошқа мажбурлаш воситалари орқали олинганлиги гумон қилинган айбга иқрор бўлиш ва гувоҳларнинг кўрсатмаларига асосланган ҳолда чиқарадилар. Бу асосан, диний экстремизм ишларида кўп учрайдиган ҳолат. Адвокатлар баъзи ҳолатларда, судьялардан айбдорлик кўрсатмаларини олишда қийноқ қўллангалиги шикоятлари бўйича текширув ўтказишни талаб этадилар. Судьялар кўп ҳолларда бундай чақирувларни жавобсиз қолдириб, уларни асоссиз авишда рад этадилар. Қўлланган қийноқлар бўйича аниқ даъволар, суд органлари томонидан эътиборсиз қолдирилади. Суд қарорларида, жиноий жазодан қутулиш мақсадида айбланувчилар томонидан асоссиз қийноқлар ҳақида кўрсатмалар берилиши кўрсатиб ўтилди.
Икки томонлама хатардан ҳуқуқий ҳимоя қилиш амалиётда кўзда тутилмаган.
Қонунга кўра судланувчилар шикоят қилиш ҳуқуқига эгалар, аммо апелляци бериш кам ҳоллардагина самарали натижа билан тугаган. Аммо баъзи ҳолатларда, аппеляция натижасида тайинланган жазо муддатлари қисқартирилган ёки жазо чорасининг амал қилиши тўхтатилган.
Сиёсий маҳбуслар ёки қўлга олинганлар
Халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқарини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг маълумотларига кўра, юзлаб сиёсий маҳбуслар давлат томонидан қамоқда сақланади, аммо бошқа ҳисоб китобларнинг кўрсатишича, бу рақам минглаб маҳбусларни ташкил этади. Бу даъволар статистик ва мустақил равишда тасдиқланмаган. Давлат сиёсий маҳбусларни қамоқда сақлашини инкор этиб, маҳбусларнинг аксарияти қонунбузар жиноятчилардан иборат эканини таъкидлар эди. Бундай шахсларнинг Халқаро Қизил хоч ва Ярим ой Федерацияси каби инсон ҳуқуқлари ёки гуманитар ташкилотлари билан мулоқоти давлат томонидан таъқиқланган эди.
15 Октябрда, Малохат Эшонқулова ва Елена Урлаевалар пахта йиғим-теримини мониторинг қилишда айбланиб, беш соат давомида Самарқанд шахридаги қамоқхонада ушланганлар. 12 Ноябрда, милиция ходимлари Эшонқулованинг уйида тинтув ўтказиб, унга тегишли бўлган баъзи буюмларни мусодара қилиб, унга жарима солганлар ва уни кўчириб юбориш билан қўрқитганлар.
27 Сентябрда, Fergana News ва бошқа манбалар, журналист Бобомурод Абдуллаевнинг махфий равишда қўлга олинганлиги ҳақида хабар тарқатдилар. Қатор ННтларнинг маълумотларига кўра, у ташқи дунё билан алоқасиз қамоқда ушланган ва адвокатлар хизматларидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум қилинган. Fergana News нинг хабарларига кўра, 29 Сентябрь куни, МХХ ходимлари Абдуллаевнинг хонадонида тинтув ўтказиб, қатор газета ва журналлар, ҳамда маълумотлар мусодара этилган. Абдуллаев 2 Октябрда қайта судланди; Чегара билмас мухбирлар, Amnesty International, ва Human Rights Watch ташкилотлари уни озод этишларини талаб қилганлар. Усмон Хақназаров тахаллуси остида фаолият юритган Абдуллаев, “конституциявий тизимни ағдаришга йўналтирилган” ҳаракатларни тарғиб этишда айбланди. Суд-тергов жараёни йил охиригача давом этди.
Фуқаровий суд жараёнлари ва ҳуқуқий ҳимоя воситалари
Фуқаролар, мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқларини бузилиши бўйича фуқаролик судларига шикоят билан мурожаат этишлари мумкин аммо терговчилар, прокурорлар ва судьялар бундан мустасно. Маълумотларга кўра, судьяларга берилган поралар фуқаровий судларнинг чиқарадиган қарорига таъсир кўрсатади.
f. Шахсий ҳаёт, оила, хонадон ёки ёзишмаларга асоссиз ёки ноқонуний аралашиш.
Қонун томонидан шахсий ҳаёт, оила, хонадон ёки ёзишмаларга асоссиз ёки ноқонуний аралашиш тақиқланган бўлсада, давлат органлари бу талабларга ҳурматсизлик билан муносабатда эдилар. Қонунга кўра, электрон воситалар ёрдамидаги кузатув ҳамда тинтув учун ордер бериш жараёни, прокурорлар томонидан тасдиқланиши шарт аммо бундай ордерларни суд томонидан кўриб чиқиш тартиблари ишлаб чиқилмаган.
Маълумотларга кўра, милиция ва бошқа ҳавфсизлик хизматлари ходимлари инсон ҳуқуқлари ҳимоячиллари ва диний гуруҳлар аъзоларининг хонадонларида тегишли рухсатсиз тинтув ўтказганлар. Диний эркинлик бўйича фаолият олиб борувчи Норвегиянинг Forum 18 ННТнинг тарқатган хабарларига кўра, ҳусусий хонадонларда диний маросимларни ўтказадиган Баптист, Протестант, Иегов гувоҳлари ва бошқа диний гуруҳларнинг черковларига қуролланган хавфсизлик хизмати ходимлари бостириб кириб, черков аъзоларини ҳибсга олиб, уларни ноқонуний диний фаолият олиб борганликда айблаб, жарима солганлар. Бу каби ҳолатлар Февраль ойида Олмалиқ шахрида, Март ва Апрель ойларида Тошкент шахрида ва Апрель ойида Нукус шахрида кузатилган. Баптистларнинг таъкидлашларича, ҳавсизлик органлари ходимлари уларнинг хонадонларига ҳатто туғилган кун нишонланаётган кечада ҳам бостириб кирганлар. Бундан ташқари, Инжил китобини жамоат жойида ўқиш даврида ҳам уларга нисбатан босим ва таъзийқ ўтказилган.
Инсон ҳуқулари ҳимоячилари ва сиёсий мухолифат фаоллари, уларнинг телефон суҳбатлари ва сиёсий фаолиятлари хавфсизлик хизмати томонидан махфий равишда кузатиб борилганлигини таъкидлашган.
Таҳминан 12 000 га яқин махалла қўмиталари, давлат томонидан потенциал “экстремистлар” ҳақида маълумот йиғишда мунтазам равишда фойдаланиб келинган. Қўмиталар турли ҳилдаги ижтимоий хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиши кўзда тутилган бўлсада, аммо шу билан бир вақтнинг ўзида, улар маҳаллий жамият – ҳукумат- ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан узвий боғланган эдилар. Қишлоқ ҳудудларидаги маҳалла қўмиталари, шахар маҳалла қўмиталаридан кўра самаралироқ фаолият олиб борар эди.
2-бўлим. Фуқаролар эркинликларини хурмат қилиш, ҳусусан:
a. Фикр билдириш ва матбуот эркинлиги
Конституция ва қонунчилик фикр ва матбут эркинликларини кафолатласада, бу каби эркинликлар, ҳусусан электрон ва босма ОАВлари учун ҳукумат томонидан чегаралаб қўйилган.
Фикр билдириш эркинлиги: Давлат органлари фуқароларнинг ҳукуматни танқид қилиш ёки жамиятдаги умумий муаммоларни муҳокама қилишларига қарши расмий ва норасмий чекловларни қўллайди. Қонун президентни танқид қилишни таъқиқлайди ва президентни жамоат жойида ҳақорат қилиш, беш йилгача бўлган қамоқ жазоси билан жазоланиши мумкин бўлган жиноят ҳисобланади. Қонун диний ва этник низоларни келтириб чиқарадиган, конституцион тузумни ағдариб ташлаш ёки уни ағдаришга даъват қилувчи мақолаларни нашр қилишни таъқиқлайди.
Матбуот ва ОАВ эркинликлари: Мустақил ОАВлари давлат томонидан ўрнатилган назорат туфайли, эркин равишда фаолият юрита олмайди. Барча маҳаллий ва ҳалқаро ОАВлари, давлат органлари томонидан рўйхатга олинишлари ва ўзларининг асосчилари, бош мухаррирлари ва ходимларининг исмлари ҳақида маълумот беришлари шарт. Босма матбуот ташкилотлари ҳам, нашр этилган материалларнинг нусхаларини давлат органларига тақдим этишга жавобгар саналадилар. Қонунга кўра, барча хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ўз ҳисоботларининг аниқлигига жавобгар саналиб, хорижий журналистларга расмий аккредитациядан ўтмасдан мамлакатда фаолият юритиш таъқиқланади ва чет эл ОАВларининг маҳаллий қонунларга бўйсиниши талаб этилади. Аккредитациялаш бўйича қонун, хорижий журналистлар ва ОАВларни мамлакатда фаолият юритишларини мураккаблаштириш мақсадида, давлат томонидан қўлланилди.
Ахборот технологиялари тўғрисидаги қонунга киритилган тузатишлар, блоггерларнинг ўзлари этадиган материалларнинг аниқлигига қонунан жавобгар ҳисобланишлари ва инсонларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи мақолаларни чоп этилишини маън қилишни кўзда тутади. Чекловлар шунингдек, жамоат тартибсизликларига, конституциявий тузумга тажовуз қилишга чақириш, порнографик материаллар тарқатиш ёки давлат сирларини ошкор этиш, «давлатга таҳдид» ва «қонун томонидан таъқиқланган жиноий ва бошқа фаолиятлар» ни тарғиб қилувчи материалларни тарқатишга нисбатан қўлланилади.
Давлат томонидан диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализмни тарғиб қилиш, ҳамда этник ва диний низога даъват этиш таъқиқлаб қўйилган.
Давлат томонидан назорат қилинадиган газеталардаги аксарит мақолалар, ҳукуматнинг нуқтаи назарини ифода этиб келади. Асосий давлат газеталари, танланган маълумотларни чоп этади. 30 фоиздан ошиқ хорижий улушга эга бўлган юридик шахслар томонидан оммавий ахборот воситаларини ташкил этиш расман таъқиқланади. Ҳукумат давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатини танқид қилувчи материаллар, ҳикоялар, реклама, мунажжимлар башорати ва баъзи маҳаллий янгиликларни ёритадиган бир нечтагина ҳусусий газеталарни нашр этишга рухсат берган.
Ҳукумат қуйи даражадаги мансабдор шахсларни танқид қилувчи мақолаларни чоп этувчи оммабоп бўлган «Даракчи» ва «Бекажон» газеталаридан ўз манфаатлари йўлида фойдаланади. Кўплаб ярим мустақил электрон сайтлар, мунтазам равишда ҳукуматнинг нуқтаи назарини тарғиб қилиб келадилар. Бироқ йил давомида, ОАВлар турли ҳилдаги фикр ва янгиликларни, жумладан собиқ президент Каримов томонидан амалга оширилган сиёсатни танқид қилувчи мақола ва материалларни эълон қила бошладилар. Июль ойида, давлат томонидан мамлакат янгиликлари ва долзарб масалаларни 24 соат давомида Ўзбек, Инглиз ва Рус тилларида ёритувчи Ўзбекистон канали ташкил топди. Дастурларнинг аксарият қисми, ҳусусан сиёсий ёки давлат мутассадилари иштирокидаги дастурлар, аввалдан ёзилган ҳолда эфирга узатилиб келинади.
Зўравонлик ва босим ўтказиш: Милиция ва хавфсизлик хизмати ходимлари журналистларни ҳибсга олиш, таъқиб қилиш ва қўрқитиш, ҳамда уларнинг фаолиятларига бюрократик чекловлар қўйишни давом эттирди. Август ойида, милиция ходимлари Самарқандлик журналист Тошпўлат Рахматуллаевни, Тошкент Университетида Университетга кириш учун тест синовлари ҳақида мақола яратиш мақсадида суръатга тушииш жараёнида қўлга олинган. Озодликка чиқаришдан аввал, Рахматуллаев милиция ходимлари томонидан сўроқ қилинган ва унинг фотокамерасидаги суръатлар ўчириб ташланган. Ўзбекистон МХХ ходимлари, журналист Хаёт Насриддиновни 20 Октябрда қамоққа олдилар. Журналист Шухрат Бобожоновнинг сўзларига кўра, Насриддинов RFE/RLнинг Ўзбек тилидаги хизмати билан профессонал ҳамкорлик қилган. 2012-13 йилларда, у Москвада жойлашган ferghana.ru билан мустақил журналист сифатида ҳамкорлик қилган ва қатор мақолалари чоп этилган. Насриддиновга конституциявий тартибни ағдариш бўйича айблов қўйилган.
Цензура ёки мазмун бўйича чекловлар: Давлат ОАВ ташкилотларининг журналистлари ва бош мухаррир ходимларининг маълумотларига кўра, қатор давлат органлари ОАВ устидан назорат ўрнатганлар. Кўплаб ҳолларда, муайян бир ахборот манбаси устидан назорат қилиш мақсадида, давлат томонидан бош мухаррир тайинланган. Ҳукуматни мўтадил танқид қилиш бўйича ўтмишдаги анъаналарни давом эттирган ҳолда, Kommersant.uz and Nuz.uz have каби электрон нашрлар электр энергияси таъминотидаги узилишлар, валюта бозори, савдо-сотиқ ва қора бозор ҳақидаги мақолаларни чоп этдилар.
Давлат хавфсизлик хизматлари ва бошқа идоралари, маълум шахслар ёки инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини қораловчи мақолаларни ёритишда мунтазам равишда ОАВларни йўналтириб турадилар. Апрель ойида, ҳукумат кўрсатмалари асосида фаолият юритадиган, жумладан хавфсизлик хизмати томонидан назорат қилинадиган UzMetronom электрон сайти, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаевани қоралашга қаратилган қатор мақолаларни тарқатди.
Давлат ва ҳусусий газеталардаги мақолаларнинг мазмуни деярли фарқланмайди. Журналистлар фақатгина майда журналистик текширувларни амалга ошириш билан машғул бўладилар. Оммавий газеталар вақти-вақти билан ҳукумат сиёсатини меъёрий танқид қилувчи материалларни чоп этиб, давлат томонидан долзарб саналган одам савдоси каби муаммоларни муҳокама қилиш билан чегараланган.
Апрель ойида, президент фармони асосида “Халқаро Пресс Клуб”и ташкил этилиб, у ерга давлат вазирлари ва мансабдор шахслар мулоқот учун таклиф этила бошланди. Июль ойида, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов пресс конференцияда иштирок этиб, икки соат давомида кенг қамровли масалалар бўйича нутқ сўзлади ва турли ҳилдаги саволларга жавоб берди. Пресс клубга фақатгина давлат ОАВ вакиллари таклиф этилади.
Қоралаш/Тухматга қарши қонунлар: Жиноят ва маъмурий кодекслари, қоралаш ва тухмат учун йирик ҳажмдаги жарималарни кўзда тутади. Давлат органлари журналистларни, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини ва президентни ёки ҳукуматни танқид остига олган бошқа шахсларни жазолаш мақсадида қоралаш, тухмат ва асоссиз айбловларни қўллаб келган. Февраль ойида, тадбиркор Олим Сулаймонов Бош прокуратура ходимига “ҳимоя учун” пора бермаганлиги учун унинг маблағлари музлатиб қўйилгани ҳақидаги видео лавҳани Facebook каналида намойиш этди. Кейинчалик, Сулаймонов ушбу ҳолатни муҳокама қилиш учун ток-шоуда қатнашди. Ток-шоудан сўнг, Бош прокуратура Сулаймоновни тухматда айлаб, унга қарши судга шикоят билан мурожаат этди. Апрель ойида, Тошкент суди Сулаймоновни уч йилга озодликдан маҳрум қилди.
Интернетдан фойдаланиш эркинлиги
Умуман олганда, интернет сайтларидан фойдаланиш давлат томонидан таъқиқланмаган. Интернет провайдерлари, ҳукумат талаби асосида, мунтазам равишда Fergananews.com, Ozodlik.org, ва Asiaterra.info каби электрон сайтларни тўсиб турдилар. Қатор маҳаллий ва халқаро электрон сайтлар, ҳамда мухолифат сиёсий партиялари томонидан асос солинган электрон манбалардан фойдаланиш давлат томонидан таъқиқланди.
ОАВ бўйича қонунга кўра, веб-сайтлар ҳам оммавий ахборот воситалари сирасига киради ва улар давлат рўйхатидан ўтишлари ҳамда ўз асосчилари, бош мухаррир ва ходимлари ҳақида маълумотлар тақдим этишга мажбурлар. Веб-сайтлар, эълон қилинган мақолаларнинг ёзма нусхасини давлат назорат органлари эътиборига тақдим этишдан озод этилганлар.
Давлат статистик маълумотларига кўра, мамлакат аҳолисининг 39 фойизига яқини интернетдан фойдаланадилар. Норасмий ҳисоб-китобларга кўра, интернетдан фойдаланиш, ҳусусан мобил алоқа воситалари ёрдамида интернетга уланиш кўрсаткичлари юқорироқ рақамларни ташкил этади. Қатор интернет форумлари, рўйхатдан ўтган аъзоларига ўз изоҳларини қолдириш ёки кўплаб ижтимоий соҳалар бўйича муҳокамаларда қатнашиш имконини беради. Бу каби форумнинг рўйхатга олинган иштирокчисига айланиш учун, фойдаланувчилар шахсий маълумотларин тақдим этишлари талаб этилади. Мазкур маълумотларнинг давлат органлари томонидан кўриб чиқилиши ҳақида аниқ маълумотлар йўқлигига қарамасдан, ахборот технологиялари бўйича қонунга кўра, интернет кафе маъсуллари мижозларнинг браузер тарихини рўйхатлаб қўйишларини талаб этади.
Қонунда белгиланишича, “.uz” доменидан фойдаланган барча интернет ресурслари, Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан рўйхатга олинишлари лозим. Қонун асосан, давлатга қарашли ёки давлат органлари томонидан назорат қилинадиган веб-сайтларга қаратилган. Мухолифат электрон ресурслари ва ҳалқаро ННТлар билан ҳамкорлик қилувчи сайтлар ёки ўз доменига эга бўлган ОАВлар, мамлакат ташқарисида рўйхатдан ўтадилар.
Таълим олиш эркинлиги ва Маданий Тадбирлар
Таълим олиш эркинлиги ва Маданий Тадбирларнинг ҳукумат томонидан чекланиши давом этди. Кўп ҳолларда, маърузалар Университетнинг бўлим мудирлари томонидан тасдиқланиши талаб этилади ва университет профессорлари одатда мавзу устидан шахсий назорат олиб боришади.
Қонунга кўра, олий ўқув юртларининг тегишли давлат органларининг рухсатисиз хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатишлари таъқиқланган бўлсада, қатор хорижий институтлар чет тилларини ўқиитиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун, Ташқи ишлар вазирлигидан рухсат олишга муваффақ бўлдилар. Шунга қарамасдан, баъзи мактаб ва олий ўқув юртларининг маъмурияти ўқитувчи ва ўқувчиларнинг дипломатик ваколатхоналар ҳомийлигида ўтказилган йиғилишларда иштирок этишларига чекловлар қўйишни давом эттирдилар.
b. Тинч йиғилиш ва уюшмага бирлашиш эркинликлари
Тинч йиғилиш эркинлиги
Йиғилиш эркинлиги конституция ва қонунчиликда кафолатланган бўлсада, амалда бу ҳуқуқлар давлат томонидан чеклаб қўйилган. Намойишлар, йиғилишлар ва митинглар ўтказилиши давлат томонидан ҳвфсизлик мақсадларида бекор қилиниши мумкин. Митинглар ўтказиш, кўп ҳолларда давлат томонидан таъқиқланган. Намойишлар, йиғилишлар ва митинглар ўтказиш тартибларини бузган, ҳамда рухсат этилмаган тадбирларни ўтказиш учун жой, бино ёки материаллар билан таъминлаган шахсларга нисбатан давлат органлари томонидан йирик жарималар солиниб, уларга нисбатан тахдид, асоссиз қамоқ жазоси ва камситиш воситалари қўлланилган. Иштирокчилар сони 100 дан ошиши мумкин бўлган “Йирик тадбирлар” ташкилотчилари тадбирни ўтказишдан аввал, Ички ишлар вазирлиги билан ҳавфсизликни таъминлаш бўйича келишув имзолашлари шарт. Бундай қоидалар кенг қўлланилиб, ҳатто ҳусусий корпоратив байрамларни ўтказишда ҳам талаб этилар эди.
Февраль ойида, Бухоро шахри милиция ходимлари дастлаб Шиа мазҳабига тегишли бўлган шахсларни тартибсизликларда айблаб, уларни ҳибсга олдилар, аммо улардан 18 нафарини дарҳол ёки 15 кун ичида озод этдилар. Қўлга олинганлардан Жахонгир Кулижанов ва Шавкат Азимовлар ноқонуний диний ташкилот тузиш ва ноқонуний фаолият олиб боришда айбландилар. Кулижанов ва Азимов саккиз миллион сўмга тенг жаримага тортилдилар ($1,000), аммо Кулижанов МХХ ходимлари томонидан сўроқ қилиниши давом этди. 24 октябрда, Бухоро вилояти жиноий ишлар бўйича суди, Кулижановни жамият хавфсизлигига тахдид солувчи материалларни тарқатганликда айблаб, беш йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Уюшмага бирлашиш эркинликлари
Уюшмага бирлашиш эркинлиги конституция ва қонунчиликда кафолатланган бўлсада, амалда бу ҳуқуқлар давлат томонидан чеклаб қўйилган. Давлат ННТларнинг фаолиятларини назорат қилишга интилди ва халқаро ташкилотлар томонидан молиялаштириладиган ННТлар ва рўйхатга олинмаган, Исломий ва бошқа кам сонли диний гуруҳларга нисбатан репрессив муносбатда бўлди. Мустақил фуқаролик жамияти муҳити, ҳусусан инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг фаолияти чекланган эди. Сиёсий фаоллар, давлат томонидан мунтазам равишда таъзийққа учрадилар.
Август ойида, Қорақалпоғистон милицияси ходимлари, рўйхатдан ўтмаган Протестант черковининг 25 нафар аъзоси тўпланган хонадонга бостириб кирдилар. Черковнинг барча аъзолари ҳибсга олинди. Ўзбек тилидаги Инжил китоби мусодара қилинди. Маҳаллий ННТларнинг маълумотларига кўра, қўлга олинган шахслар ҳусусий тадбирга тўпланганликларини таъкидлашларига қарамсдан, милиция ходимлари уларни ноқонуний ва рўйхатдан ўтмаган черков вакиллари эканликлари ва диний масалаларни муҳокама қилганликларида айбладилар. Қорақалпоғистонда ягона Ислом динига тегишли бўлмаган диний гуруҳ рўйхатдан ўтган. Сўнгги саккиз йил давомида, давлат томонидан Христиан динига тегишли бўлган черковлар умуман рўйхатга олинмаган; Тошкент Арман апостол черкови сўнгги рўйхатга олинган черков бўлиб турибди.
ННТларни рўйхатга олишни назорат қилувчи Адлия вазирлиги, ННТлардан уларга аъзо бўлмаган шахслар ёки чет эллик фуқаролар билан йирик учрашувлардан аввал вазирликдан рухсат олиш; тадбир давомида тарқатилиши кўзда тутилган барча материалларни вазирлик эътиборига тақдим этиш; ва ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирнинг мазмуни ва кўлами ҳақида ёзма маълумот беришларини талаб этади.
Маълум шаклдаги гуруҳларни тузиш қонунан таъқиқланади ва барча ташкилотлар давлат расмий рўйхатидан ўтишлари шарт. Рўйхатга олиш талаблари, давлат томонидан ННтларнинг мамлакатдаги фаолиятларини чеклаш мақсадида қўлланилади. Адлия вазирлигидан рўйхатга ўтишни кутиш даврида, янги ташкил этилган ташкилотларга давлат томонидан олти ойлик имтиёзли вақт берилиб, ушбу вақт давомида, уларга давлат томонидан расмий равишда “ташаббускор гуруҳлар” мақоми берилади. Кўплаб ННтлар, олти ойдан ошиқ давр давомида ташаббускор гуруҳ мақоми остида фаолият олиб боришга мажбурлар.
ОИВ/ОИТС ёки қочоқлар муаммолари каби долзарб масалаларни ҳал қилишга ихтисослашган ННтлар, кўп ҳолларда рўйхатдан ўтишда жиддий муаммоларга юз тутадилар. Носиёсий уюшмалар ва ижтимоий ташкилотларни рўйхатга олиш давлат томонидан таъқиқланмаган, аммо мураккаб қоидалар ва бесўнақай бюрократик тартиблар жараённи янада мушкуллаштириб, давлатга бу борада янги тўсиқлар яратиш имкониятларини берди.
Ҳукумат, қатор маҳаллий ННтларни давлат органлари назорати остидаги ННТлар уюшмасига аъзо бўлишга мажбур қилиб, мазкур ташкилотларнинг молиялаштириш манбалари ва фаолиятлари устидан назорат ўрнатиш имкониятига эга бўлди. ННтлар ўзларининг ўқув-тренинг машғулотларини ва семинарларини, давлат органлари билан мувофиқлаштиришлари талаб этилди. ННТлар рахбарларининг фикрича, мазкур талаб, ҳукумат органларига НHТлар томонидан амалга ошириладиган барча шаклдаги фаолиятлар учун расмий рухсат олишни талаб қилиш учун асос яратиб берди. Давлат органлари, мазкур чораларнинг рўйхатга олиш жараёнини осонлаштириш ва рўйхатга олиш тўловларини камайтириш мақсадларига йўналтирилганлигини таъкидлашларига қарамсдан, мустақил фуқаролик жамияти гуруҳларининг маълумотларига кўра, бу талаблар рўйхатга олиш жараёнини осонлаштиришга умуман таъсир кўрсатмади.
ННтларнинг фаолият олиб бориш имкониятлари, баъзи рахбарларнинг давлат агентликлари билан ҳамкорлик қилувчи ННТларнинг фаолиятини ёқлаганликлари сабабли, ҳудудларга кўра фарқланади. Фуқарорлик жамияти гуруҳларининг таъкидлашларича, гуруҳлар рўйхатдан ўтказилганидан кейин ҳам, қатор оммавий тадбирларни ўтказиш учун Адлия вазирлигидан қўшимча рухсат олиш каби муамолар билан тўқнаш келдилар.
Маъмурий жавобгарлик кодексига кўра, ННТларининг фаолиятларини тартибга солувчи талабларни бузганлик, ҳамда бошқа шахсларни ноқонуний ННтларга жалб қилганлик учун йирик жаримага тортилиш кўзда тутилади; қонунда мазкур талаблар, давлат томонидан фаолияти тугатилган ёки вақтинча тўхтатилган ННТларга тегишлилиги ёки фақат расмий рўйхатга олинмаган ННТларни ўз ичига олиши ҳақида маълумот берилмаган. Маъмурий жавобгарлик кодекси сиёсий фаолият, низомга мос келмайдиган фаолият ёки ҳукумат томонидан аввал тасдиқланмаган ҳаракатларни амалга оширган халқаро ННТларга нисбатан жарима солиш жазоси қўлланишини кўзда тутади.
Ҳукумат 2004 йилда қабул қилинган, ноқонуний пул айланмаларига қарши курашиш бўйича банклар фаолиятига тегишли қарорни амалга оширишни изчил давом эттирди ва бу чоралар, мамлакатда рўйхатга олинган ва рўйхатга олинмаган ННТларнинг ташқи молиялаштирилишини қийинлаштирди. Молия вазирлиги, гуманитар ёрдам ва техник кўмак оладиган ташкилотлардан банк операциялари бўйича маълумотларни тақдим этишларини талаб қилди. Адлия вазирлиги ННТлар томонидан сўнгги олти ой ичида олинган барча грант маблағлари, ўтказилган ва кейинги ярим йилга режалаштирилган тадбирлар бўйича батафсил ҳисобот берилишини талаб этади. ННТ рахбарлари, вазирлик билан мувофиқлаштирилмаган тадбирларни ўтказганликлари учун жаримага тортилишлари мумкин, ва мазкур жарималар миқдори жиноят учун қўйиладиган баъзи жарималар миқдоридан бир неча бор юқори бўлади.
Парламентнинг нодавлат, нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоат жамғармаси, асосан ижтимоий – иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун грант танловларини ўтказишни давом эттирди. Баъзи фуқаролик жамияти ташкилотлари, жамғармани асосан давлат томонидан ташкил этилган ННТларни қўллаб-қувватлагани учун танқид қилдилар. Қонун давлат томонидан «экстремистик» деб ҳисобланган ташкилотларга аъзоликни, жиноят билан тенглаштирди.
c. Дин эркинлиги
Қуйидаги манзилдаги Давлат департаментининг Халқаро диний эркинлик тўғрисидаги ҳисоботига қаранг www.state.gov/religiousfreedomreport/.
d. Ҳаракатланиш эркинлиги
Конституция ва қонунлар мамлакат ичида ҳаракатланиш, чет элга чиқиш, иммиграция ва репатриация ҳуқуқларини кафолатланганлигига қарамасдан, амалда бундай ҳуқуқлар давлат томонидан чегараланган бўлиб, жумладан фуқаролар Мустақил Давлатлар Ҳамжамияти (МДҲ) мамлакатларидан ташқарига саёҳат қилишлари учун мамлакатдан чиқиш учун ички виза олишлари талаб этилади.
Мамлакат бўйлаб ҳаракатланиш: Фуқаролардан мамлакат бўйлаб ҳаракат қилишлари ёки хорижга кетишлари учун, паспортларида яшаш жойини кўрсатувчи муҳр бўлиши талаб этилиб, баъзида чет элга чиқиш ёки эмиграция қилиш учун виза бериш жараёни давлат томонидан кечиктирилди. Мамлакатнинг бошқа вилоятларидан Тошкент шахрига ёки Тошкент вилоятига кўчиб келиш учун, маҳаллий органларнинг расмий рухсати талаб этилар эди. Йил давомида, 720 миллион сўмга тенг (90 000 АҚШ доллари) кўчмас мулк ҳарид қилган Ўзбекистон фуқароларига, Тошкентда доимий равишда яшаш ҳуқуқи берила бошланди. Тошкент шахри ёки Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтмаган фуқаролар шахар хизматларидан фойдаланиш, расмий меҳнат қилиш, фарзандларини мактабларга жойлаштириш ёки мунтазам тиббий ёрдам олиш имкониятларидан маҳрум эдилар.
Меҳмонхоналар, хорижий мехмонларни кундалик аснода рўйхатдан ўтказишга мажбур эдилар. Ҳусусий хонадонларда яшовчи хорижликлар мамлакатга келганларидан сўнг, уч кун ичида рўйхатдан ўтишлари талаб этилар эди. Хавфсизлик хизмати ходимлари мамлакатнинг чегара ҳудудларидаги чет эллик фуқароларни назорат қилсаларда, одатда хорижликлар мамлакат бўйлаб чекловларсиз ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлдилар.
Хорижга саёҳат: Миллий байрамлар вақтида, давлат чегаралари вақти-вақти билан ҳавфсизликни таъминлаш мақсадларида ёпиб қўйилди. Умуман олганда, МДҲ мамлакатларидан ташқарига саёҳат қилиш ёки хорижга кўчиб кетишни истаган барча фуқарорлар ва доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлган чет эллик шахсларга, зарур бўлган мамлакатдан чиқиш визалари давлат томонидан чекловларсиз тақдим этилди. Визага мурожаат этиш жараёни, давлат органларига «саёҳатнинг мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатувчи маълумотлар» асосида, фуқароларга хорижга чиқишни рад этиш имкониятини берди. Фуқаролик жамияти фаолларининг таъкидлашларича, мазкур қоидалар аниқ таърифланмаган ва рад жавоби учун қайта шикоятга ўрин йўқ эди. Сафарнинг асосий мақсади диний ҳусусиятларга эга бўлган ҳолларда, сафарга кетувчи шахс тегишли давлат органлари томонидан жиддий текширилар эди.
Давлат органлари, 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган аёлларнинг эркак қариндошларидан, аёлларнинг хорижий сафарда бўлган даврида ноқонуний фаолиятлар, жумладан фоҳишалик билан шуғулланмасликларини кафолатловчи хужжатлар келтиришларини талаб этадилар ва бундай чоралар одам савдосига қарши курашга қаратилганлиги давлат томонидан таъкидланади. Кузатувчиларнинг фикрига кўра, хорижий мамлакатлардаги ноқонуний меҳнатга жалб қилишдан жабрланган Ўзбекистон фуқароларининг асосий қисми эркаклардан иборат бўлган.
Амалдаги қонунларга кўра, чиқиш визалари давлат органалари томонидан 15 кун ичида кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган бўлсада, тегишли давлат органлари Мурод Жўраев ва Мухаммад Бекжонов каби инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва собиқ сиёсий маҳбуслар учун чиқиш визасини бериш жараёнини кечиктирганликлари ҳақида маълумотлар берилган. Мурод Жўраев чиқиш визаси учун Апрель ойида мурожаат қилганлигига қарамасдан, чет элга чиқиш ҳуқуқини берувчи хужжатлар унга Октябрь ойининг охирида тақдим этилди. Мамлакат ҳудудига кириш ва чиқиш қоидаларини бузган шахсларга нисбатан беш йилдан ўн йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.
Қочоқларни ҳимоя қилиш
Мамлакатдан чиқариб юбориш: Давлат қочоқларни ирқий, диний, сиёсий қарашлари ёки миллати, муайян ижтимоий гуруҳга аъзолиги сабабли, ҳаётларига ёки эркинликларига таҳдид солиши мумкин бўлган мамлакатларга депортация қилиш ёки қайтариб юборишдан ҳимоя қилади.
Бошпана топиш имконияти: Қонунларда, бошпана изловчи ёки қочқин мақоми берилиши кўзда тутилмаган, давлат томонидан қочоқларни ҳимоя қилиш тизими ишлаб чиқилмаган.
БМТнинг Қочоқлар Бўйича Олий Комиссариятининг (BMT QOKB) доимий ваколатхонаси мамлакатда фаолият юритмаган бир даврда, БМТнинг Тараққиёт дастури (БМТ ТД) 27 шахс бўйича тўхтатиб қўйилган 18 та қочқинлар иши (асосан Афғонистонлик фуқаролар) жараёнини мониторинг қилиш ва уларни қайта жойлаштиришга кўмак беришда давом этди; Бундай ҳаракатлар, 2006 йилда БМТнинг Қочқинлар Бўйича Олий Комиссарлигининг (UNHCR) ёпилишига олиб келди. Йил давомида, БМТ ТД ва БМТнинг Қочоқлар Бўйича Олий Комиссариятининг (BMT QOKB) ходимлари етти шахс бўйича бешта ишни кўриб чиқишда қатнашдилар.
Ҳукумат, БМТнинг Қочоқлар Бўйича Олий Комиссариятининг мандат сертификатларини, мамлакатда фаолият юритиш учун қонуний асос сифатида қабул қилмади; бу каби гувоҳнома эгалари туристик визалари ёки яшаш учун рухсат олишлари талаб этилиб, акс ҳолда депортация қилинишлари кўзда тутилган. Мамлакатда вақтинчалик яшаш рухсатномасини олиш, ўта мушкул жараён эди. Давлат органлари BMT QOKB мандати билан мамлакатда яшаётган Афғон ва Тожик қочоқларини иқтисодий мигрантлар сифатида кўриб, улар расмий давлат органлари ходимлари томонидан кўп ҳолларда камситилиб, пора беришга мажбур этилганлар. Тожикистондан келган қочоқларнинг кўпчилигини этник Ўзбеклар ташкил этди. Афғонистонлик қочқинлардан фарқли ўлароқ, Тожикистонлик қочқинлар маҳаллий жамиятга тўлиқ қўшилиб кетдилар ва маҳаллий аҳоли уларни бунда тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Фуқаролиги бўлмаган шахслар
Тожикистонлик қочқинларнинг бир қисми, Тожик ёки Ўзбек паспортларининг ўрнига эски Совет паспортларидан фойдаланганлиги сабабли, расмий равишда фуқаролиги бўлмаган ёки расмий равишда фуқаролиги бўлмаган шахслар мақомини олиш арафасида турган шахслардан иборат эди. Фуқаролиги бўлмаган ота-онадан туғилган фарзандларга, Ўзбекистон фуқаролиги фақатгина ота-онанинг яшаш учун рухсатномаси бўлган тақдирдагина берилиши кўзда тутилган эди.
Фуқаролиги бўлмаган шахслар бўйича расмий маълумотлар келтирилмаган бўлишига қарамасдан, нуфузли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг маълумотларига кўра Хоразм, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон автоном республикасида 3,000 яқин фуқаролиги бўлмаган шахслар яшайди. Маълумотларга кўра, бу шахсларнинг асосий қисмини мамлакатнинг 1991 йилда мустақилликка эришгунига қадар, чегарадош Туркманистон ҳудудида турмушга чиққан ва яшаган аёллар ташкил этади. Фуқаролиги бўлмаган шахслар яна, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам истиқомат қилиши ҳақида маълумотлар мавжуд. Қатор маълумотларга кўра, тегишли давлат органлари Тожик миллатига мансуб шахсларни фирибгарликда айблаб, уларга йиллар аввал паспорт берилганлигига қарамасдан, уларнинг фуқаролигини бекор қилинган ҳолатлар ҳам кузатилган.
3-бўлим. Сиёсий жараёнларда қатнашиш эркинлиги
Қонституция ва қонунчилик, фуқароларга яширин овоз бериш йўли билан, умумий ва тенг ҳуқуқли эркин ва адолатли даврий сайловларда иштирок этиб, ҳукумат вакилларини сайлаш ҳуқуқини беради. Амалда эса, ҳукумат эркин ва адолатли сайловлар ўрнига, фикр эркинлигини жиддий равишда чеклаб, сиёсий мухолифат вакилларига таъзийқ ўтказди.
Сайловлар ва Сиёсий иштирок
Сўнгги сайловлар: Собиқ Президент 2016 йил Сентябрь ойида оламдан ўтганидан сўнг, 2016 йилнинг 4 Декабрида махсус президент сайловлари ўтказилди. Вақтинчалик Президент вазифасини бажариб келган Бош вазир Шавкат Мирзиёев, 88 фойиз овоз билан сайловда ғалаба қозонди. Мирзиёев сайловда қатнашган тўрт номзоддан бири бўлди. 2016 йилги махсус Президент сайловларига, қисқа ва узоқ муддатли кузатувчилар ёрдамида кенг кўламли кузатувларни амалга ошириш мақсадида, EХҲТ / ДИИҲБ вакиллари таклиф этилдилар. EХҲТ / ДИИҲБ вакилларининг фикрига кўра, 2016 йилги президент сайловлари сайлов тизимида мавжуд бўлган камчиликлар бартараф этилмаганлиги, давлат вакилларининг устун мавқеи ва фундаментал эркинликларнинг чекланишини кўрсатди ва сиёсий плюрализм тамойилларига путур етказди. Фаолиятлари ўта чекланган ва назорат остидаги ОАВлар муҳити туфайли, сайловчилар давлат сиёсатини қўлловчи маълумотлардан бошқа муқобил ахборот манбаларидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум этилган эдилар. EХҲТ / ДИИҲБ маълумотларига кўра, сайлов кунида ноқонуний ва бошқа шахс ўрнига овоз бериш каби қатор қонунбузарликлар кузатилган.
Сўнгги Парламент сайловлари, 2014 йилнинг Декабрь ойида бўлиб ўтди. ЕХҲТ мазкур сайловларни халқаро стандартларга зид деб топди. ЕХҲТ кузатувчилари сайловчиларни рўйхатга олиш бўйича чекловлар, номзоднинг сайловларда рўйхатга ўтишдаги чекловлар, номзоднинг ОАВ дан фойдаланиш имкониятлари йўқлиги, сайлов давридаги қонунбузарликлар, яширин овоз бериш тамойилларининг бузилиши ва тахдидларни ошкор этди.
Сиёсий Партиялар ва Сиёсатда иштирок: Қонун мустақил сиёсий партияларнинг фаолиятига қаршилик қилмайди. Адлия вазирлиги партияларни назорат қилиш бўйича кенг ваколатарга эга бўлиб, ҳукумат сиёсатига мухолифат деб топилган партияларга кўрсатиладиган молиявий ва ҳуқуқий ёрдамни чеклаш ҳуқуқига эга. Мамлакатда тўртта сиёсий партиялар рўйхатга олинган. Қонун мустақил бўлган партияларга сайлов кампаниясини ташкил этиш, номзодни қўйиш ва сайловда қатнашишларини мураккаблаштиради. Қонунга кўра, Адлия вазирлиги партияларнинг фаолиятини суд қарорисиз олти ойгача бўлган муддатга тўхтатиш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга, давлат ташкил этилган партияларнинг молиявий ҳолати ва ОАВ билан муносабатларини назорат қилиш орқали, уларни назорат қилиш амалиётини ҳам қўллайди.
2016 йилда бўлиб ўтган махсус президент сайловлари даврида, EХҲТ / ДИИҲБ вакиллари томонидан сайлов жараёнидаги қатор қонунбузарликлар кузатилган. Бунда сайловчилар учун сиёсий танловни амалга ошириш имконияти яратилмади. Фақатгина рўйхатдан ўтган сиёсий партияларнинг номзодларигина сайловларда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Ҳукумат номзодни қўйиш учун зарур бўлган имзолар фойизини, мамлакат бўйлаб сайловчилар сонининг 5 фойизидан 1 фойизга туширди. Номзодлар ўзаро мунозараларда иштирок этмадилар.
Қонунга кўра судьялар, прокурорлар, МХХ расмий вакиллари, ҳарбий хизматчилар, чет эллик фуқаролар, ва фуқаролиги бўлмаган шахслар сиёсий партияларга аъзо бўлишлари таъқиқланади. Диний ёки этник келиб чиқишига асосланган; мамлакатнинг мустақиллигига, бутунлигига ёки хавфсизлигига, ёки фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига раҳна солувчи; уруш ёки ижтимоий, миллий, ёки диний низоларни тарғиб этувчи; расмий ҳукуматни ағдаришни кўзлаган партиялар фаолияти қонун томонидан таъқиқланади. Қонун шунингдек, низолар ва террорчилик ҳаракатларни тарғиб қилувчи «Хизбут-Tахрир» исломий сиёсий ташкилотини таъқиқлайди.
2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг, қатор сиёсий партиялар давлат томонидан таъқиқлаб қўйилди ёки рўйхатга олишда рад этилди. Партияларнинг собиқ етакчилари сургун қилинганлиги сабабли, партиялар мустаҳкам миллий базасиз, мамлакатдаги ўз ўринларини сақлаб қолишга интилдилар.
Аёллар ва кам сонли миллат вакилларининг иштироки: Аёллар ва кам сонли миллат вакилларининг сиёсий жараёнларда иштирок этишлари қонун билан чекланмайди ва улар бундай тадбирларда фаол иштирок этадилар. Мамлакатдаги кам сонли миллатлар, конституцияга кўра, барча сиёсий ҳуқуқларга эга бўлиб, сайлов материаллари кам сонли миллатлар тилида ҳам тарқатилган. Марказий Сайлов Комиссияси томонидан 2016 йилда қабул қилинган қонунга кўра, ногирон сайловчилар мустақил равишда сайловларда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Шу билан бирга, бошланғич ташаббус сифатида, Марказий Сайлов Комиссияси томонидан қатор варақалар Брайл ёзувида босмадан чиқарилди.
4-бўлим. Коррупция ва Ҳукумат органларида шаффофликнинг йўқлиги
2016 йилнинг Декабрида, Парламент томонидан коррупцияга қарши янги қонун қабул қилинди. Унга кўра, расмий порахўрликда айбланган шахсларга нисбатан жиддий жиноий жазолар қўлланиши кўзда тутилган. Юқори даражадаги коррупция ишлари бўйича қатор қамоққа олишларга қарамасдан, коррупция ҳамон миллий даражадаги муаммо бўлиб қолмоқда ва коррупция ишларига аралашган амалдор шахслар кўпинча жазодан қутулиб қолмоқдалар.
Коррупция: 13 Июнда, Президент Мирзиёев биринчи ярим йил давомида, етти нафар судья ҳамда Андижон вилоят хўжалик суди раиси 1.2 млрд сўмга ($150,000) тенг пора олишда айбланиб “жазога тортиланликларини” маълум қилди.
Июль ойида, Бош прокуратура бошқармасининг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими, мамлактнинг собиқ биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова устидан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди. Чоп этилган маълумотларга кўра, 2015 йилнинг Август ойида Тошкент шахар суди уни беш йил қамоқ жазосига ҳукм қилган. Қўшимча жиноий айбловлар бўйича тергов ишлари давом этмоқда. Иккита алоҳида жиноят ишлари бўйича мамлакат ва унинг фуқаролари манфаатларига етказилган моддий зарар 3.7 трлн сўмни ($457 мнл) ташкил этди. Давлат томонидан хорижий мамлакатларга ноқонуний равишда олиб чиқилган пул маблағларини қайтариш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Молиявий тизимнинг шаффофлиги: Давлат амалдорлари фақатгина расмий ишдан ташқари бўлган манбалардан оладиган даромадларини ошкор этишлари шарт бўлиб, бундай маълумотлар омма этиборига тақдим этилмаган.
5-бўлим. Инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича халқаро ва нодавлат ташкилотлари томонидан ўтказиладиган текширувларга давлат органларининг муносабати
Мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қатор маҳаллий ташкилотлар фаолият юритган, бироқ уларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, текширув ўтказиш ва натижаларни эълон қилиш бўйича фаолиятларига давлат томонидан мунтазам равишда тўсқинлик қилиб келинди. Ҳукумат расмийлари уларнинг фикрларини қўллаб, улар билан ҳамкорликни ҳам амалга ошириш билан бир вақтда, баъзида инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти фаоллари давлат органлари томонидан таъқиб ва таҳдид қилиндилар.
Фақатгина «Эзгулик» ва Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил ташкилоти каби маҳаллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари давлат томонидан тан олинди. «Эзгулик» вакилларининг хабарларига кўра, ҳукумат томонидан таъзийқ ўтказиш, қўрқитиш, ходимларга қарши суд ишлари қўзғаш билан таҳдид қилишлар, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилди. Рўйхатга олинмаган бошқа гуруҳлар, миллий ва маҳаллий даражадаги фаолиятларини давом эттирдилар.
Ўтган йиллар давомида рўйхатдан ўтишга ҳаракат қилган, аммо рўйхатдан ташқарида қолган ташкилотлар орасида Инсон ҳуқуқлари иттифоқи, Нажот Гуманитар ҳуқуқий маркази, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти, Экспертлар ишчи гуруҳи ва “Мазлум” каби ташкилотлар жой олди. Мазкур ташкилотлар, ҳуқуқий мақомга эга бўлмасада, ҳамон ўз фаолиятларини давом эттирмоқдалар.
Давлат расмий вакиллари, инсон ҳуқуқлари бузилиш ҳолатлари ошкор қилинмаган ҳолда, бундай ишларни давлат органлари билан бевосита ҳамкорлик қилиш йўли билан ҳал қилишга қодир бўлган маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан норасмий мулоқотда бўлдилар.
Бирлашган Миллатлар ва Бошқа Халқаро ташкилотлар: Давлат органлари БМТ ваколатхоналари, ҳусусан Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) каби БМТнинг ихтисослашган агентликлари ҳамда инсон ҳуқуқларини мониторинги билан шуғулланувчи бошқа халқаро ташкилотларнинг вакиллари билан ҳамкорлик қилиб, уларнинг мамлаката ташриф буюришларига рухсат берди. Май ойида, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Зойид Раъд Ал Хусайин мамлакатга расмий ташриф билан келди. Июнь ойида, БМТ Бош Котиби Антонио Гутьереш ҳам мамлакатга келди. Сентябрь ойида эса, БМТнинг дин ва эътиқод эркинликлари бўйича махсус вакили, мониторинг ва текшириш мақсадида икки ҳафталик ташриф билан мамлакатга келди. Сентябрь ойида, HRW вакиллари 2011 йилдан буён биринчи бор мамлакатга ташриф буюрдилар. Октябрда, ЕХҲТ нинг ОАВ эркинлиги бўйича бошқармаси “Очиқ журнализм” номли ўзининг ўн тўққизинчи минтақавий Марказий Осиё медиа конференциясини, сўнгги ўн йиллик ичида илк маротаба Тошкент шахрида ўтказди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича давлат органлари: Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсманнинг мақсадлари, фундаментал инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш, қонунчиликни инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро нормаларига мослаштиришда кўмаклашиш ва камситиш ҳолатлари бўйича текширувлар ўтказишга қаратилган. Омбудсман ўзаро низоларни ҳал этиш учун мурожаат қилган фуқаролар ўртасида воситачилик вазифасини бажариб, давлат органларининг қарорларини ўзгартириш ёки уларга риоя қилиш бўйича тавсиялар беради, аммо унинг тавсиялари расмий мақомга эга эмас. Июль ойида, Президент томонидан Омбудсман ваколатлари қамоқхоналарга кутилмаган текширув ташрифларни амалга ошириш ҳуқуқини бериш орқали кучайтирилди ва давлат органлари томонидан тадбиркорларга нисбатан таъзийқ ўтказиш ҳолатларини текшириш мақсадларида, махсус бўлинма ташкил этиш бўйича қарор қабул қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ (ИҲММ), жамоатчилик ва давлат органлари вакилларига инсон ҳуқуқлари ва демократия тамойиллари бўйича маълумот бериш ва ҳукуматнинг инсон ҳуқуқлари бўйича маълумот бериш бўйича халқаро мажбуриятларини бажаришини таъминлаш учун маъсул бўлган давлат агентлиги ҳисобланади. Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус комиссия, ЕХҲТ билан Инсон ҳуқуқлари бўйича иллий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилди ва Ноябрь ойида, бўлим томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича конференция ташкил этилди.
Йил давомида, ҳукумат ЕХҲТ томонидан таклиф этилган қатор лойиҳаларни, жумладан ЕХҲТ фаолиятининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш компонентини ташкил қилувчи «инсон ўлчами» лойиҳасини тасдиқлади.
6-бўлим. Дискриминация, Ижтимоий камситиш ва Одам савдоси
Аёллар
Жинсий зўрлаш ва оиладаги зўравонлик: Қонунда жинсий зўрлаш, жумладан «яқин қариндошни» жинсий зўрлаш таъқиқланади, аммо жиноят кодексида турмуш ўртоғига нисбатан жинсий зўравонликни жазолаш бўйича аниқ кўрсатмалар келтирилмаган ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг сўзларига кўра, бу борада судларда жинсий зўрлаш ишлари кўриб чиқилмайди. Маданий меъёрлар, аёллар ва уларнинг оилаларига жинсий зўрлаш ҳақида очиқчасига гапиришларига тўсқинлик қилади ва бундай жиноятлар матбуотда камдан-кам ёритилади.
Қонун, одатий ҳол бўлиб қолган оиладаги зўравонликни алоҳида таъқиқламайди. Қонун жисмоний тажовузларни жазолашни кўзда тутсада, милиция ходимлари кўп ҳолларда аёлларга зўравон турмуш ўртоқларига қарши шикоят қилмасликка ундайдилар ва камдан – кам ҳолатларда зўравонларни ҳибсга оладилар. Маҳаллий давлат органлари зўравонликка қарши курашиш ўрнига, эр ва хотинни яраштиришга ҳаракат қиладилар.
Оиладаги зўравонлик қурбонлари учун давлат томонидан ташкил этилган бошпаналар мавжуд.
Бошқа зарарли анъанавий амалиётлар: Полигамия мамлакатнинг айрим ҳудудларида кенг тарқалган. Палигамия қонун томонидан уч йилгача қамоқ жазоси ва жарима билан жазоланиши кўзда тутилади ва бунда аёллар жазога тортилмайди.
Жинсий зўравонлик: Жинсий зўравонлик қонун томонидан очиқчасига таъқиқланмаган, бироқ эркак рахбар томонидан тадбиркорлик ёки молиявий жихатдан қарам бўлган аёлни жинсий алоқа қилишга мажбурлаш жиноят ҳисобланади. Ижтимоий меъёрлар, ҳисоботларнинг етишмаслиги ва ҳуқуқий ёрдам бўйича мурожаатларнинг йўқлиги муаммонинг кўламини баҳолаш имкониятларини пасайтиради.
Аҳоли сонини назорат қилиш: баъзи маълумотларга кўра, давлат шифохоналарида туғилиш даражасини назорат қилиш ва чақалоқлар ва оналарнинг ўлим кўрсаткичларини камайтириш мақсадида, стерилизациялаш каби тиббий чораларни қўллаш аёллар орасида тарғиб қилиб келинган. Инсон ҳуқулари ва соғлиқни сақлаш муассасаларидаги манбаларнинг маълумотларига кўра, стерилизациялаш чоралари кенг қўлланилгани ёки ушбу жараён давлат даражасида бошқарилганлиги ҳақида аниқ далиллар мавжуд эмас.
Оналар ўлими ва контрацептив воситаларнинг қўлланиши ҳақидаги маълумотлар бўйича қуйидаги электрон манзилга қаранг: www.who.int/reproductivehealth/publications/monitoring/maternal-mortality-2015/en/.
Дискриминация: Эркак ва аёллар учун ҳуқуқий мақом ўхшаш бўлсада, меҳнат қонуни аёлларнинг эркаклар учун очиқ бўлган қатор саноат корхоналарида меҳнат қилишлари таъқиқланади. Ишга жойлашишда аёллар камситилишга юз тутгани ёки бир ҳилдаги меҳнат учун камроқ маош олган ҳолатларни аниқлаш имконини берувчи маълумотлар давлат органлари томонидан тўлиқ тақдим этилмайди.
Болалар
Туғилишни рўйхатга олиш: Фуқаролик, мамлакат ҳудудида туғилган ёки ота-онаси мамлакат фуқароси бўлган чақалоқларга берилади. Одатда, барча туғилган болалар шу захотиёқ расмий рўйхатга олинадилар.
Тиббий хизмат: Болалар учун умумий тиббий хизмат турларини кўрсатиш давлат томонидан кафолатланган бўлсада, қаровсиз қолган болалар, мигрантларнинг болалари каби доимий турар жойи бўлмаган болалар, давлат тиббий муассасаларидадан фойдаланиш имкониятига эга эмаслар.
Болани хўрлаш: Жамиятда болани хўрлаш, оиланинг ички масаласи сифатида қаралади; бу муаммо бўйича етарли маълумотлар мавжуд эмас.
Эрта ва мажбурий никоҳ: Никоҳ учун минимал ёш аёллар учун 17, эркаклар учун эса 18 этиб белгиланган бўлсада, истисно ҳолларда никоҳ ёши бир йилга камайтирилиши мумкин. Қишлоқ жойларда яшовчи 15 ёшгача бўлган қизлар, давлат томонидан расман таъқиқланган диний маросимларда турмушга чиқадилар.
Болаларни жинсий эксплуатация қилиш: Қонун, болаларни «эксплуатация қилишнинг барча шаклларидан» ҳимоя қилишга қаратилган. Болани фоҳишабозликка жалб этиш, энг кам ойлик иш ҳаққининг 25 баробаридан 50 баробаригача жарима ва беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади.
Розилик асосида жинсий алоқа қилиш учун белгиланган энг кичик ёш 16 ёш этиб белгиланган. Қонунга кўра, жинсий зўрлаш 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилишни кўзда тутади. Болалар порнографиясини ишлаб чиқариш, намойиш этиш ва тарқатиш (21 ёшгача бўлган болаларни жалб этган ҳолда) жарима ёки уч йилгача бўлган қамоқ жазоси билан жазоланади.
Махсус давлат муассасаларидаги болалар: ЮНИСЕФнинг маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда 20 000 мингга яқин ногирон болалар махсус муассасаларда яшамоқдалар. Ушбу болаларнинг қолган қисми, тахминан 60 фойизи, таълим олиш имкониятга эга эмаслар. ЮНИСЕФнинг таъкидлашича, оилаларга ёрдам кўрсатиш ва инклюзив таълим муассасалар сонини кенгайтириш, мазкур болаларни аксариятининг ўз оилалари билан қолишларига имкон яратиб бериши мумкин.
Болаларни бошқа мамлакатларга ўғирлаб кетиш: Мамлакат, 1980 йилги Болаларни бошқа мамлакатларга ўғирлаб кетиш ижтимоий масалалари бўйича Гаага Конвенциясига аъзо ҳисобланади. Давлат департаментининг Болаларни бошқа мамлакатларга ўғирлаб кетиш бўйича йиллик ҳисоботи қуйидаги манзилда келтирилган: travel.state.gov/content/childabduction/en/legal/compliance.html
Анти-Семитизм
Яҳудийларга нисбатан камситиш ёки дискриминация қилиш ҳолатлари қайд қилинмаган. Яҳудийларнинг ягона марказлашган ташкилоти давлат расмий рўйхатидан ўтиш талабларини бажара олмаган бўлсада, аммо саккизта яҳудийлар гуруҳлари рўйхатдан ўтказилган. Кузатувчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 10 000га яқин яҳудийлар асосан Тошкент, Самарқанд, Бухоро шахарларида ва Фарғона водийси ҳудудида яшайдилар. Уларнинг сони, иқтисодий сабаблар асосида мамлакатни тарк этишлари сабабли, камайишни давом этмоқда.
Одам савдоси
Давлат департаментининг Одам савдоси бўйича ҳисоботи қуйидаги манзилда келтирилган: www.state.gov/j/tip/rls/tiprpt/.
Ногирон шахслар
Қонун, ногиронларга нисбатан камситишни таъқиқлайди, аммо ногиронларга нисбатан ижтимоий дискриминация кузатилди.
Ҳукумат ногиронлик бўйича нафақа олувчи, фуқароларнинг ногиронлик даражасини тасдиқлаш бўйича саъйи ҳаракатларни давом эттирди ва бу чоралар ногиронлик бўйича нафақа тўловларининг қонунийлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилганлигини таъкидлади. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, жараён давомида, баъзи шахсларнинг нафақа тўловлари адолатсиз равишда давлат томонидан қисқартирилган.
Қонун бинолар, шу жумладан ҳусусий дўконлар ва ресторанлар ногиронлар учун махсус кириш йўлаклари билан таъминланмаган ҳолда жарима солишни кўзда тутади ва фаолларнинг хабарларига кўра, йил давомида қарийб 2500 ишлар бўйича юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан жарима солинган. Ногиронларни ҳимоя қилиш фаолларининг таъкидлашларича, биноларга кириш ҳамон муаммо бўлиб қолмоқда, масалан яқин йилларда қуриб битказилган кўплаб ўрта таълим мактабларида ғилдиракли аравачалар учун махсус ташқи йўлаги ўрнатилган бўлсада, аммо бу соҳада ички ўзгаришлар амалга оширилмаган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ногиронларнинг тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари устидан назорат ўрнатди ва Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлиги ногиронларни иш билан таъминлашда кўмак берди. Таълим ва махсус муассасаларда камситиш ҳолатлари кузатилмади.
Ногиронларни ҳимоя қилиш фаолларининг таъкидлашларича, бу борада камситиш ҳолатлари мавжуд бўлиб, ногиронларнинг 90 фойизи иш билан таъминланмаган. Ҳукумат, ногиронлар учун 17 мингта иш ўрни ажратилганлиги ва 2016 йил давомида ваколатли органлар томонидан 4 мингдан ортиқ ногиронлар иш билан таъминланганлиги ҳақида баёнот берди. Ижтимоий инфраструктура объектлари, шахар ва аҳоли яшаш ҳудудлари, аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва бошқа объектларда ногиронлар учун қулайликлар яратилиши лозимлиги таъкидланди аммо бу борада давлат томонидан аниқ лойиҳалар амалга оширилмади.
Ногирон талабалар, ҳамон совет даврида чоп этилган Брейл ёзувидан фойдаландилар, аммо шу билан бирга, кўриш қобилияти заиф бўлган ногиронларнинг эхтиёжлари учун бир неча компьютерлар мослаштирилган.
Озчиликни ташкил қилувчи Миллий/Ирқий/Этник гуруҳлар
Қонунчлиликка кўра, фуқароликни олиш учун Ўзбек тилини билиш талаб этилмайди. Лекин тил доимо нозик масала бўлиб келди. Ўзбек тили давлат тили деб тан олинган ва Конституцияга кўра, Президентнинг Ўзбек тилида сўзлаша олишини талаб этади. Қонун шунингдек, рус тилини «миллатлараро мулоқот воситаси» эканини ҳам назарда тутади.
Хабарларга кўра, давлат лавозимларига асосан этник ўзбек миллатига мансуб шахслар тайинланиб келган, аммо бу борада кўплаб истиснолар кузатилади. Озчиликни ташкил этувчи этник гуруҳларга нисбатан ижтимоий камситиш ёки дискримниация ҳолатлари бўйича саноқли шикоятлар олинган.
Зўравонлик ҳаракатлари, Дискриминация ва бошқа Жинсий мансублик ва гендер асосидаги камситишлар
Эркаклар ўртасидаги жинсий алоқалар уч йилгача қамоқ билан жазоланади. Қонун аёллар ўртасидаги бир жинсли алоқаларни жиноят диб билмайди. 3 Декабрда, Eurasianet.org хабарига кўра, Тошкентда ноқонуний жинсий алоқада айбланиб икки киши қамоққа олинган. Хабарларда айтилишича, милиция ходимлари журналистларга эркаклар ўртасидаги жинсий алоқани тасдиқлаш учун, уларни интрузив тиббий кўрикдан ўтказилганлигини маълум қилганлар. Ноодатий жинсий қарашларга эга бўлган шахсларнинг (ЛГБТИ) фикрига кўра, милиция ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, ҳибсга олиш ёки таъқиб қилиш воситаларини бесоқолбозлардан катта миқдорда пора олиш мақсадларида фойдаланганлар.
Бир жинсдаги шахслар ўртасидаги жинсий алоқа, жамиятда маън этилган мавзу саналади ва ЛГБТ ташкилотлари махфий равишда фаолият юритади. Кузатувчилар, ЛГБТИ аъзоларига нисбатан камситишлар ҳақидаги хабарларнинг йўқлиги, бир жинсли шахслар орасидаги жинсий алоқаларни муҳокама қилиш учун ижтимоий норасмий таъқиқлар мажудлиги билан изоҳлаш мумкин.
29 Сентябрда, Озодлик радиоси томонидан тарқатилган хабарга кўра, бир неча ой аввал бир гуруҳ Фарғоналик эркаклар бесоқолбозликда гумон қилинган шахсни устки кийимларсиз қолдириб, унга нисбатан куч ишлатганлар ва камситганлар. Жисмоний камситишлар видео тасмага туширилган ва ижтимоий тармоқлар орқали намойиш этилган . Радио манбаларининг маълумотларига кўра, йил охирида беш киши ҳибсга олиниб, бу борада тергов ишлари олиб борилди.
ОИВ ва ОИТС
Қонун ОИВга чалинган шахсларни ҳимоя қилиб, уларга бепул тиббий хизмат таклиф қилади. 2015 йил ҳолатига кўра, БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича қўшма дастурида келтирилишича, 33,000 яқин шахслар ОИВ билан ҳаёт кечирмоқдалар. ОИВ билан оғриган шахслар давлат органлари ходимлари, соғлиқни сақлаш хизмати ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари, уй эгалари ва иш берувчилар томонидан камситилиниб, ижтимоий изоляция қилинганлиги ҳақида шикоятлар қилганлар. ОИВ билан оғриган ҳарбий хизматчилар, қуролли кучлар сафидан бўшатилади. Қатор ЛГБТИ фаолларининг айтишларича, шифохоналарда ОИВ билан оғриган шахсларнинг касаллик варақалари кўрилиб, уларни гиёҳвандлар, бесоқолбозлар ёки фоҳишалар билан бир гуруҳга киритадилар. Шахсий варақасига «бесоқолбоз» белгиси қўйилган шахслар, эркаклар орасидаги жинсий алоқа ноқонуний ҳисобланиши сабабли, милиция ходимларига топширилиши кўзда тутилади.
7-бўлим. Меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари
a. Уюшмаларга бирлашиш эркинлиги ва жамоавий музокаралар олиб бориш ҳуқуқи
Қонун, меҳнаткашларнинг уюшиш эркинлиги ва жамоавий музокаралар олиб бориш ҳуқуқини кафолатлайди. Давлат томонидан, иш ташлашларга нисбатан аниқ муносабат билдирилмаган. Қонунга кўра, уюшмаларга нисбатан дискриминация чораларини қўллаш таъқиқланади. Касаба уюшмалари тўғрисидаги қонунга кўра, шахсларнинг касаба уюшмасига аъзолиги сабабли ишдан бўшатилиши таъқиқланади, бироқ касаба уюшмаларига аъзо шахслар бўшатилганидан сўнг, ишида қайта тикланиши лозимлиги ҳақида ҳеч қандй кўрсатмалар келтирилмаган. Ўзини-ўзи иш билан таъминловчилар ва расмий шартномаларсиз ёлланадиган ишчилар, қонун томонидан ҳимоя этилмайдилар.
Ҳукумат амалдаги қонунларни самарали тадбиқ қилмади ва мустақил уюшмалар фаолияти йўлга қўйилмади. Маъмурий жавобгарлик кодексининг 200-моддаси ва жиноят кодексининг 217-моддасига кўра, уюшиш эркинлиги тўғрисидаги қонунларни бузганлик учун жарималар миқдори, энг кам ойлик иш ҳаққининг беш баробаридан ўн баробаригача бўлган рақамларни ташкил этади. 2016 йилнинг Октябрида, мамлакат ХМТнинг 87 конвенциясини (Уюшиш эркинлиги ва жамоавий музокаралар олиб бориш ҳуқуқи) ратификация қилиб, ушбу қонун йил охирида кучга кирди ва касаба уюшмаларининг меҳнат ҳимояси ва ижтимоий ҳуқуқларни ҳимоя қилишдаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқ ва кафолатлари тўғрисидаги» қонунга ўзгартиришлар киритилди. Ишчилар, одатда муқобил бирлашмалар тузиш таъқиб қилинишидан қўрқиб, касаба уюшмаларини яратиш ва уларга аъзо бўлиш ҳуқуқларидан фойдаланмаганлар. Касаба уюшмалари марказлашган бўлиб, бутунлай давлат томонидан назорат қилинади.
Давлат бошқарувидаги Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, 35,8 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотлар ва 4 та ҳудудий касаба уюшмаларидан ташкил топган;
расмий хабарларга кўра, мамлакатдаги ишчиларнинг 60 фойизи 2016 йилда Федерация тадбирларида иштирок этганлар. Федерация рахбариятининг уюшма аъзолари ёки кенгаши томонидан сайланиш ўрнига, ҳукумат томонидан тайинланади. Маҳаллий даражадаги барча ҳудудий ва саноат касаба уюшмалари давлат томонидан бошқарилади.
Касаба уюшмалари ва уларнинг рахбарлари, иш берувчилар ёки давлатга қарашли муассасаларнинг кўрсатмаларисиз эркин фаолият юритишга ҳақли эмаслар. Касаба уюшмалари, соғлиқни сақлаш ва меҳнат хавфсизлиги масалаларидан бошқа музокаралар олиб бориш ҳуқуқига эга бўлмаган давлат томонидан яратилган муассасалар ҳисобланиб, ишчилар музокара олиб бориш ҳуқуқларидан фойдаланмайдилар. Масалан, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва Молия вазирликлар, Касаба уюшмалари федерацияси билан келишган ҳолда, давлат хизматчиларининг иш хақининг расмий даражасини белгилаб қўйди. Ривожланаётган ҳусусий секторда, рахбарият ишчиларни белгиланган маош асосида ишга ёллаган ёки потенциал ишчилар билан алоҳида музокаралар олиб борган. Меҳнат муносабатларини кўриб чиқувчи давлат арбитраж ташкилоти тузилмаган.
b. Мажбурий меҳнатни таъқиқлаш
Мажбурий меҳнатнинг барча шакллари, ўғрилик, товламачилик ёки солиқ тўлашдан бош тортиш ва қонунда белгиланган бошқа жиноятлар учун жазо сифатида қўлланиши талаб этилиладиган бошқа барча вазиятларда таъқиқланади. бундан мустасно. Жиноят кодексининг муайян бўлимларида, мажбурий меҳнатни асоссиз тухмат ёки миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш каби жноятларни содир этган шахсларга нисбатан қўллашга рухсат берилади. Бир нечта мисолларда: давлат органлари мажбурий мехнат бўйича шикоятларни кўриб чиқиб, мажбурий мехнатни қўллаган камида тўрт нафар манасабдор шахсларга нисбатан қатор маъмурий жазолар ва жарималар тайинладилар. Йил давомида, ҳукумат томонидан мажбурий мехнат, жумладан пахта йиғим-теримига мажбурий жалб этиш амалиёти таъқиқланиши ҳақида эълон қилинди. Июнь ойида, ХМТ ихтиёрий равишда пахта теримида қатнашувчиларнинг (60% дан 66% гача) ва пахта теримига мажбурланган шахсларнинг (11% дан14% гача) сони 2014-2015 йиллар орасида ошганлигини кўрсатувчи маълумотларни чоп этди. Пахта йиғим-теримига мажбурланмаган, аммо ижтимоий босим туфайли розилик билдирган ишчилар сони ушбу даврда камайганлиги маълум бўлди.
Сенябрь ойида, пахта-йиғим теримига талабалар, ўқитувчилар, ва тиббиёт ходимларини жалб қилиш Бош вазир томонидан таъқиқланди. Кузатувчиларнинг таъкидлашларича, қарорга барча ҳудудларда ҳам тўлиқ амал қилинмаган. Катта ёшдаги шахсларни давлат томонидан мажбурий мехнатга жалб қилиш ҳолатлари ҳамон кузатилмоқда. Марказий ҳукумат, фермерлардан ва маҳаллий рахбарлардан давлат томонидан белгиланган пахта ишлаб чиқиш режасини бажаришни талаб этишда давом этмоқда, ва бу режаларни бажариш бўйича босим ҳарбий хизматчиларни, маҳбуслар, бозордаги савдогарларни, корхоналар ишчиларини сафарбар қилишга мажбур қилиб, шахарлардаги мутахассислар пахта теримида улар ўрнига қатнашадиган теримчи учун тўлов тўлашлари талаб этилган. Шу билан бирга, пахта нархи 200 фойизга оширилиши туфайли, пахта теримига қўшимча моддий ва материал ресурслар жалб қилиниши талаб этилди. Ҳукумат пахта далаларида, ҳусусан болалар мехнатидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатларини очиқ ва ошкора эълон қилди ва пахта йиғим-теримини мониторинг қилувчи инсон ҳуқуқлари фаоллари билан ҳамкорлик ва мулоқот қилишни бошлади. Баъзи мустақил кузатувчилар пахта йиғим-терими вақтида қисқа вақт ҳибсга олинган бўлсаларда, уларга нисбатан ҳеч қандай жисмоний таъзийқ ўтказилмаган ва қисқа фурсатдан сўнг озод этилганлар. Ҳукумат халқаро кузатувчиларга пахта майдонларини мониторинг қилишлари учун йўл очиб берди, ва ХМТнинг вакилларига пахта йиғим-теримида қатнашаётган теримчмлар билан суҳбатлашиш имкони берилди. Меҳнат шароитлари ҳудуд ва хўжаликларга кўра жиддий фарқланади. Катта ёшдаги шахсларни теримга жалб қилиш кўлами ҳудуддан ҳудудга жиддий фарқланади.
Таълим ва тиббиёт ходимларини пахта йиғим-теримига жалб қилинишининг ҳукумат томонидан таъқиқланиши мактаблар, коллежлар ва лицейларда таълим жараёни давом эитишини таъминлади.
Давлат департаментининг Одам савдоси бўйича ҳисоботи қуйидаги электрон манзилига жойлаштирилган www.state.gov/j/tip/rls/tiprpt/.
c. Болалар меҳнатини таъқиқлаш ва ишга қабул қилишнинг минимал ёши
Қонунда ишга қабул қилишнинг минимал ёши 16 ёш этиб белгиланган ва 18 ёшдан ошмаган шахсларнинг меҳнат фаолияти таълим олишларига тўсқинлик қилмаслиги шарт. Қонунга кўра, 15 ёшдан кичик бўлган болаларни уларнинг таълим олишларига, саломатликларига ҳамда ривожланишларига таъсир қилмайдиган “енгил ишлар”га жалб этиш ҳам таъқиқланган бўлсада, бу қонунлар доимо ҳам бажарилмайди. Қонунга кўра 15 ёшдан бошлаб тўлиқсиз иш куни асосида ишлаш ҳуқуқи берилади, ва болалар ота-оналарининг рухсати билан таътил вақтида ҳафтасига 24 соат ва мактаб даврида ҳафтасига 12 соат ишлай оладилар. 16 ва 18 ёш орасидаги болалар, мактаб таътиллари даврида ҳафтасига 36 соат, ўқув йили бошланганида эса ҳафтасига 18 соат ишлаш ҳуқуқига эгалар. Қонунлар, 18 ёшга етмаган болалар учун ҳавфли бўлган ишлар рўйхатини белгилаб берган бўлиб, унга кўра болаларнинг иш берувчилар томонидан ер тагида, сув остида, хавфли баландликларда, ҳусусан пахтани қўлда ва хавфли иш қуроллари ёрдамида териш каби ўта ҳавфли шароитлардаги меҳнатга жалб қилинишлари таъқиқланади.
Болалар қишлоқ хўжалиги, нонвойхоналар ва озиқ-овқат дўконлари каби оилавий бизнес, ҳамда бозорларда сотувчилик ишларига жалб қилинганлар.
Қонун томонидан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Ичеи ишлар вазирлигининг умуий жавобгарлиги доирасига кирувчи болалар меҳнати тўғрисидаги қонунларни амалга оширишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги инспекторларининг мажбуриятлари аниқ белгилаб берилмаган. Қонун томонидан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг нозирларига болалар меҳнати бўйича қонунни амалга ошириш юклатилди. Бош вазир, болаларни пахта майдонларига жалб қилишни таъқиқловчи қонунларни амалга оширишни мувофиқлаштиришда асосий ўрин эгаллади. Давлат томонидан фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқларини кафолатлаш учун парламент комиссиясига асос солди. Аёллар, ёшлар, меҳнаткашлар, фермерлар ва иш берувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи турли ҳилдаги миллий ва маҳаллий ташкилотлар, ХМТ ҳомийлигида ўтказилган болалар меҳнатини миллий мониторингида ва унинг услубларини қўллашда қатнашдилар. Ички ишлар вазирлиги томонидан, қишлоқ хўжалиги сектори текширувдан ўтказилганилиги ҳақида аниқ маълумотлар тақдим этилмаган. Қонунда, болаларнинг “соғлиғи, хавсизлиги ёки рухиятига” салбий таъсир қилиши мумкин бўлган ишларга жалб қилишда айбланган шахсларга нисбатан, минимал ойлик маошининг бирдан уч бараваригача бўлган жарима ундирилиши кўзда тутилган. Болалар ва мажбурий меҳнатни қўллашда айбдор деб топилган мактаб директорлари, шифохона бош шифокорлари ва умумий овқатланиш муассасаларининг эгаларидан, давлат томонидан ойлик маошнинг беш баравари миқдорида жарима ундирилган. Йил давомида, болалар меҳнатидан фойдаланиш бўйича тўртта суд иши кўриб чиқилди.
Йил давомида, ХМТнинг услубларини қўллаган ҳолда, давлат пахта ишлаб чиқариш секторида болалар меҳнати бўйича мустақил мониторингини ўтказди. ХМТнинг кузатиш гуруҳларининг ҳулосаларига кўра, йиғим даврида болалар меҳнатидан мунтаза фойдаланиш ҳоллари кузатилмаган.
10 ёшга етмаган болаларни пахта теришга жалб қилиниши бўйича айри хабарлар олинган; шунга қарамсдан, аввалги йиллардан фарқли ўлароқ, уларнинг пахта майдонларида бўлишлари давлат томонидан мажбурлаш ёки мамлакат бўйлаб сафарбарлик чораларидан кўра, тасодифий ёки шахсий ташаббус натижаси эди. Ҳукуматнинг талаба ёшларни жалб қилишни таъқиқлаш бўйича қабул қилган қонуни, дарҳол ва кенг кўламда кучга киришига қарамасдан, баъзи талабалар қўшимча маблағ ишлаб топиш мақсадида пахта теримида меҳнат қилишни давом эттирдилар. Олий ўқув юртларининг маъмуриятининг ҳисоботига кўра, пахта терими даврида 23 олий таълим муассасаларида, талабаларнинг давомат кўрсаткичлари сезиларли даражада пасайиб кетди.
Меҳнат вазирлигининг болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари бўйича ҳисоботи қуйидаги манзилда келтирилган www.dol.gov/ilab/reports/child-labor/findings/.
d. Ишга ёллаш ва иш жойидаги дискриминация
Қонун ва қоидалар жинс, ирқи, диний қарашлари ва тил асосида ишга ёллаш ва иш жойида дискриминация қилишни таъқиқлайди. Меҳнат кодексида кўрсатилишича, аёллар, болалар ва ногирон инсонлар каби давлат ҳимояси талаб этилган ва махсус муассасаларга жойлаштирилиши зарур бўлган шахсларга нисбатан муносабатларнинг фарқланиши, камситиш деб ҳисобланмайди. Қонун жинсий мойиллик ёки ёш, сиёсий қараш, миллати ёки фуқаролиги ёки ижтимоий келиб чиқишига нисбатан камситилишни таъқиқламайди. ОИВ билан оғриган шахслар расмий равишда қатор ишларга, ҳусусан беморлар билан бевосита алоқада бўлишни талаб этадиган ва қон ташхислари билан бевосита боғлиқ бўлган тиббий соҳада ҳамда косметология ва сартарошликка жалб қилинишларини таъқиқлайди. Мазкур қонун ва қоидалар, давлат томонидан самарали амалга оширилмади. Яқин йилларда, ишга олишда дискриминация ҳолатлари бўйича шикоятлар бўлмади.
Иш берувчилар барча қонуний талабларга риоя қилган тақдирда, хорижий мигрант ишчилар, Ўзбекистонлик ишчилар билан бир қаторда ҳимоя қилинадилар. Барча талаб этилган қонунларга бўйсинмаган иш берувчиларга нисбатан, қатор жазолар қўлланиши кўзда тутилган. Тегишли давлат органларида ходимлар етишмаслиги ва миллий даражадаги порахўрлик туфайли, иш билан таъминлашга қаратилган қонунларнинг бажарилиши суст кечди.
e. Қониқарли Меҳнат Шароитлари
2016 йилнинг Октябридан 2017 йилгача, асосан давлат секторидаги ойлик маошларни, ҳамда қатор давлат солиқлари ва тўловларни ҳисоблашда қўлланилган ялпи ички минимал ойлик даражаси 149,775 сўм ($19) этиб белгиланди.
Расмий маълумотларга кўра, 2016 йилда 360,000 яқин тўлиқ кун ишлайдиган ишчиларга (12 миллион орасидан) энг кам иш ҳаққи тўланди. 2013 йилда, президент томонидан меҳнат кодексига тўлиқ кун ишлайдиган ишчиларнинг энг кам ойлигини 230 000 сўмгача ($29) оширишни кўзда тутувчи қўшимчалар киритилди. Ўртача ойлик маоши бўйича расмий статистик маълумотларнинг йўқлигига қарамасдан, қатор экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мазкур рақам солиқлар билан бирга 780,000 сўмни ташкил қилади ($98). Бу борада, қишлоқ хўжалигидаги ойлик маошлари кўрсатилмаган. Оиланинг умумий даромади бўйича ишончли маълумотлар ёки ҳисоб китоблар келтирилмаган.
Расмийлар томонидан, кунига 2 100 калориядан кам озиқ-овқат истеъмол қилиниши, ночорлик даражаси этиб белгиланди аммо давлат томонидан қашшоқлик даражасини кўрсатувчи даромад ҳажми келтирилмади. Ҳукуматнинг маълумотларига кўра, аҳолининг 17 фойизи, кунига одам бошига нисбатан ўртача истеъмол қилинадиган калорияларни кўриб чиқиш моделига асосланган қашшоқлик даражасида яшаган. Киши бошига кунлик ҳаражатларни $ 2.50 даражасида белгилаган ҳалқаро баҳолаш тизимининг ҳисоб китобларига кўра – бу 0,60 долларга тенг бўлган кунлик минимал иш ҳаққидан тўрт баробар юқори – мазкур кўрсатикич 77 фойизга тенг.
Қонун, 24 соатлик танаффусни ўз ичига олган, 40 соатлик иш ҳафтасини белгилаб берди. Қонун, тўланадиган йиллик меҳнат таътилини кафолатлайди. Қонун меҳнат шартномасида акс эттирилган ёки ишчининг касаба уюшмалари билан келишилган қўшимча иш соатларини қоплаб беришни кўзда тутади. Бундай компенсациялар, қўшимча тўлов ёки меҳнат таътили шаклида бўлиши мумкин. Қонунда кўрастилишича, компенсация қиймати ишчининг ўртача ойлик ҳажмининг 200 фойизидан кам бўлмаслиги шарт. Қўшимча меҳнат таътилининг муддати, қўшимча иш соатларидан кам бўлмаслиги талаб этилади. Ишчи йилига 120 соатдан ортиқ қўшимча соат ишлаши таъқиқланади, аммо мазкур чекловлар, ҳусусан давлат секторида кўпинча эътиборсиз қолдирилади. Мажбурий қўшимча соатлар ишлаш, қонун томонидан таъқиқланади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, касаба уюшмалари билан маслаҳатлашувлардан сўнг, меҳнат ҳавсизлик стандартларини ишлаб чиқди ва амалга тадбиқ қилди. Қонунга кўра, саломатлик ва ҳавфсизлик стандартлари барча соҳаларга тадбиқ этилиши шарт. Иш берувчилар меҳнат ҳавфсизлиги бўйича стандартлар, қоидалар ва қонунлар ҳамда меҳнат шартномасида кўрсатилган вазифаларни амалга ошириш учун жавобгар саналади. Қонунга кўра, иш берувчи томонидан иш жойида талаб этилган ҳавфсизлик чоралари таъминланмаган вазиятда, ишчиларга қонуний равишда хавфли ишни бажаришни рад этиш ҳуқуқи берилган бўлиб, ишчига ишланмаган давр учун пул тўланиши ёки ишчи томонидан меҳнат шартномасини тўхтатиш қарори қабул қилинган ҳолатда, товон пули тўланиши шарт. Мазкур ҳуқуқ, самарали равишда амалга тадбиқ қилинмаганлиги ва иш берувчиларнинг қарши жазо чоралари кўришларидан қўрқиш сабабли, ишчилар томонидан қўлланилмади. Қонун ишдаги жароҳатланиш, иш жойида орттирган ҳасталик, ёки ишни бажариш жараёнида соғлиққа етказилган бошқа зарарлар учун иш берувчи жавобгар эканлигини белгилайди. Шу билан бирга, компания ишчилари меҳнат шароитлари ва меҳнат хавфсизлиги, мавжуд бўлган шахсий ҳимоя воситалари ҳақида иш берувчидан маълумот олишга ҳақли.
Ҳар бири тахминан бештадан олтигача меҳнат нозирларидан иборат бўлган мамлакатнинг 14 маъмурий бирлиги мавжуд бўлиб, бундан ташқари қурилиш, қазиб чиқариш, ва ишлаб чиқариш каби муҳим соҳаларида ҳам ихтисослашган идоралар фаолият юритиб келди. Меҳнат назоратчилари асосий этиборларини ҳусусий секторга қаратган бўлиб, давлат корхоналарини текшириш расмий жараёнга айланган эди. Кичик ва ўрта корхоналар тўрт йилда бир марта, йирик корхоналар эса ҳар уч йилда бир марта меҳнат назоратчилари томонидан текширилди. Шу билан бирга, вазирликлар ёки маҳаллий ҳокимият вакиллари корхоналарни танлов асосида текширишиш ваколатига эга бўлиб, бахтсиз ҳодисалар ёки шикоятларга жавобан махсус текширишлар ўтказдилар. Президентнинг қарорига кўра, ҳусусий корхоналарни беҳосдан ва режадан ташқари текшириш маън этилди.
Хабарларга кўра, қонунлар кутилган самара бермади. Кўп ҳолларда, жарималар танлов асосида солинди ва бунда, иш берувчилар нозирлар билан норасмий келишув асосида, жарималарни камайтиришга эришганлар. Қонун норасмий иқтисодий фаолиятларга қарши ҳам ўз самарасини кўрсатмади. Йил давомида, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги солиқ инспекцияси ҳодимлари билан ҳамкорликда, меҳнат шартномасини тузмасдан, мутахассисларни ёллаш амалиёти билан шуғулланиб келаётган ҳусусий тиббий клиникаларда текширув ўтказди.
Ҳукумат, ХМТ нинг 2020 йилгача мўлжалланган Меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган Мамлакат Дастурини давом эттиришга розилик билдирди. Меҳнат қонунларининг бузилишлари, асосан шартномасиз ишлаш, белгилангандан кўра камроқ маош олиш, ойликларни кечиктириб тўлаш ва санитария ва гигиена талабларига жавоб бермайдиган иш жойлари билан боғлиқ бўлди. Йил давомида, фуқаролардан тушган шикоятлар асосида 74 фермерлик хўжаликларига нисбатан чоралар кўрилди ва уларнинг рахбарларидан ходимларни шартнома асосида ёллашни, уларни транспорт, тегишли тиббий хизматлар, озиқ – овқат ва ичимлик суви ҳамда муносиб ойлик маоши билан таъминлашлари талаб этилди.
Норасмий иқтисодий секторга жалб қилинган ишчиларнинг сони, ҳукумат ва расмий ОАВлар томонидан эълон қилинмайди. Бу каби ишчиларнинг аксарият қисми, тўлиқсиз иш куни ёки кам ҳақ тўланадиган ишларга жалб қилинган. Норасмий иқтисодий секторга жалб қилинган ишчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича самарали давлат дастурлари ишлаб чиқилмаган.
Давлат корхоналарида, меҳнат ҳавфсизлиги бўйича қонун бузилишлар кузатилмади. Ойлик маошни ўз вақтида тўлаш, қўшимча соатлар ишлаш ва меҳнат стандартларига риоя қилмаслик ҳолатлари асосан ҳусусий секторда кўп кузатилди. Қонун, ҳавфсизлик чораларини қўллашни талаб этсада, ҳавфли ишларга жалб қилинган ишчилар, кўпинча ҳимоя кийимлари ва воситалари билан таъминланмаганлар. Қонун бузилиши энг кўп кузатилган секторлар ва ҳавфли ишларга энг кўп жалб қилинган муайян гуруҳлар ҳақида етарлича маълумотлар берилмаган.