2022 йил, 14 март, Тошкент, Ўзбекистон — АҚШ ҳукумати бугун Ўзбекистон халқи ва ҳукуматига 2 миллион дозага яқин “Pfizer” вакцинасини хайрия қилди. Ушбу хайрия билан АҚШ Ўзбекистонга коронавирусга қарши тақдим қилган вакциналарнинг умумий сони 7,6 миллионга етди.
Касалликлар чегара билмайди. Ушбу ҳадя Америка Қўшма Штатлари ҳукуматининг коронавирус билан боғлиқ глобал “COVAX” ташаббуси орқали дунё бўйлаб беғараз тарқатаётган хавфсиз ва самарали 1,2 миллиард доза вакцинанинг бир қисмидир. Қўшма Штатлар COVID-19 пандемиясига барҳам бериш, унинг ҳалокатли ижтимоий ва иқтисодий оқибатларини юмшатиш ҳамда келажакдаги эпидемияларга яхшироқ тайёрланган дунёни барпо этишда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга содиқдир.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) миссияси директори Микаэла Мередит Ўзбекистон ҳукумати мутасаддилари ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан биргаликда вакцинанинг навбатдаги партиясини кутиб олди. Микаэла Мередит шундай деди: «Қўшма Штатлар Ўзбекистон аҳолисини COVID-19га қарши бепул вакциналар билан таъминлашда давом этмоқда. Мен мамлакатда аҳолининг эмланувчи контингентининг 70 фоиздан ортиғи тўлиқ эмланганини кўришдан мамнунман. Бу муҳим босқичдир ва мен барчани ушбу пандемияга барҳам бериш учун эмланишга чорлайман».
Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон ҳукумати билан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва COVID-19га қарши чораларни қўллаб-қувватлаш борасида яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Вакцина хайрияларидан ташқари, USAID яқинда Ўзбекистонга COVID-19 билан курашиш учун 2,5 миллион доллар шошилинч ёрдам ажратди. Шундай қилиб, АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонда COVID-19га қарши курашиш учун USAID ва АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) орқали қўшган умумий ҳиссаси 17,5 миллион доллардан ошди.
Пандемия бошланганидан буён USAID кенг кўламли тестлар учун миллий лаборатория тизимларини кучайтириш, лаборатория ва соғлиқни сақлаш муассасаларида инфекцияларни назорат қилиш, диагностика қобилиятини ошириш, COVID-19 кузатуви ва унга тезкор жавоб беришни яхшилаш, инфекция юқтирган одамларни даволашни кучайтириш, жамоатчиликнинг коронавирус ҳақидаги хабардорлигини ошириш ҳамда жамоа иштироки ва кўнгиллиларни сафарбар қилишда Ўзбекистон билан яқиндан иш олиб бормоқда.
Халқаро миқёсда Қўшма Штатлар 480 миллион дозадан ортиқ COVID-19 вакцинасини бутун дунё бўйлаб тарқатди ва келгусида яна миллионлаб вакцина етказиб беришни режалаштирган. Қўшма Штатлар “COVAX” глобал вакцина ташаббуси доирасида энг йирик ягона донор ҳисобланади.